ОЧЛ. "Насаф"нинг гуруҳида барчада имконият сақланиб турибди, "Ал Виҳдат" қай тарзда "Ал Садд"ни енгди ва курашга қайтди?!
22 апр 2022 07:25
Новости
ОЧЛ. "Насаф"нинг гуруҳида барчада имконият сақланиб турибди, "Ал Виҳдат" қай тарзда "Ал Садд"ни енгди ва курашга қайтди?!
Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби "Насаф" жой олган "E" гуруҳи учрашувлари Даммам шаҳрида ўтказилмоқда.
ОЧЛ 4-туридан сўнг "E" гуруҳидаги ҳолат
"E" гуруҳида кейинги икки турда ўтказиладиган ўйинлар тақвими
5-тур, 23.04.2022
22:15. "Насаф" - "Ал Садд"
01:15. "Ал Файсали" - "Ал Виҳдат"
6-тур, 27.04.2022
22:15. "Ал Виҳдат" - "Насаф"
01:15. "Ал Садд" - "Ал Файсали"
Пешқадам "Ал Файсали"
Саудия клуби гуруҳда пешқадам бўлиб турибди. Лекин, "Ал Файсали" ушбу гуруҳнинг энг зерикарли жамоаси. Ҳозиргача ўтказган ўйинларида бир хил услубдан фойдаланди. Маринос Оузунидис шогирдлари деярли ҳеч қачон ўйин темпини кўтаришмайди, аксинча темпни тушириб ўйнашади. Жамоа яхши ҳимояланади, икки таянч ярим ҳимоячилари Ҳишам Фаик ва Исмоил Силва (иккиси легионер) тўпни ушлашда ва темпни "ўлдириш"да муҳим ролни бажаради. Дастлабки икки ўйинда 6-рақамдаги Ҳ.Фаик иккита гол урган ва эпизодларда олдинга ҳам борганди. "Насаф" билан беллашувларда эса у ва шериги (7-рақамдаги И.Силва) олдига умуман боришмади. Ўзи умуман "Ал Файсали" қаршиликларга қарши ҳар иккала учрашувда ҳам биттадан вазият яратди холос. Биринчи ўйинда ўша ягона вазиятини голга айлантира олди. Иккинчи баҳсда эса қарши ҳужумда қочиб кетган Бойлнинг зарбасини Абдувоҳид Неъматов қайтариб қолди. Кейинги икки беллашувда ҳам мезбонлар худди шу услубидан фойдаланиши аниқ. Бос устига, "Насаф" икки ўйинда уларни анча чарчатди. Тўғри, Саудия клубларидаги витаминизация ва тикланиш учун шароитлар бизни клубларимиз (шу жумладан "Насаф")га қараганда анчагина яхши. Лекин, иккита ўйин катта куч билан ҳимояланган жамоада толиқиш бўлиши мумкин.
"Ал Файсали" дарвозабони тажрибали ва кучли. Кўп бор жамоасини қийин вазиятларда қутқариб қолмоқда. Ўтган ўйинда ўз ҳимоячисидан келган тўпни ҳам қайтариб қола олди. Жуда тез дарвозабон ва ҳар бир тўпга охиригача курашади.
Кутилган ўйинни кўрсата олмаётган "Ал Садд"
Гуруҳнинг энг қувноқ жамоаси. "Ал Садд" иштирокидаги 4 ўйинда жами 16та тўп киритилди. Ўзи ҳам ўйнайди, рақиб ҳам маза қилиб футбол ўйнайди. Аммо, бу кўпчилик "Ал Садд"дан кутган ўйин эмас. Хави Грасиа шогирдлари билан бемалол ўйнаса бўлади. Буни аввалги баҳсларда кўрдик. Эҳтимол, Қатар чемпионларининг бу натижаларида ўйин амалиёти камлиги ҳам яхшигина таъсир қилаётгандир. Сабаби, жамоа 8-апрель куни "Насаф"га қарши ўтказган ўйинидан олдинги сўнгги расмий учрашувни 14 март куни Қатар кубоги доирасида "Ал Дуҳайл"га қарши ўтказган ва 2:3 ҳисобида имкониятни бой берган. Унгача эса ички чемпионат сўнгги тури доирасида 11 март куни "Ал Вакра"ни 2:1 ҳисобида енгган. "Ал Садд" мавсумни тугатган, ўз-ўзидан маълум муддат футболчиларга таътил берилган ва қисқа дамдан сўнг яна жамоа йиғилган ҳамда ОЧЛга тайёргарлик кўрилган. Якунига етган мавсумдан кейин одатдагидек дам олинмагани ва расмий ўйинлар амалиёти етишмаслиги ҳам қатарликлар ўйинига таъсир қиляпти. Эртага, "Насаф" ҳам бу омилдан фойдаланиб қолиши лозим. Зеро, "Ал Файсали" ва "Ал Виҳдат" ҳозирги ҳолатдаги "Ал Садд" билан ортиқча ҳаяжон ва босимсиз бемалол ўйнаш мумкинлиги кўрсатиб қўйди.
Кутилмаганда курашга қайтган "Ал Виҳдат" "Ал Садд"ни қандай енгди?!
Иорданияликлар 2-турда "Насаф"га қарши ва 3-турда "Ал Садд"га қарши биринчи бўлимни жуда яхши ўтказди. Фаол ўйнади, Қатар чемпиони дарвозасига дастлабки 45 дақиқаликнинг сўнггида иккита тўп киритиб ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олди. Аммо, Раид Ассаф шогирдлари ҳар икки беллашувнинг иккинчи бўлимида чарчаб қолишди ва "Насаф"дан иккита, "Ал Садд"дан эса 4та тўп ўтказиб юборишди.
"Ал Садд" билан 4-турдаги ўйиннинг асосий таркибига доимий ўйнаб келаётганлардан 3 нафари киритилмади. 3, 5 ҳамда 7-рақамдаги футболчилар баҳсни захирада бошлашди. 7-рақамли Абу Амара "Виҳдат"нинг асосий сардори ва энг яхши футболчиси ҳисобланади. Хуллас, мураббий бу гал таркиб ва ўйинда ўзгариш қилди. Олдинги иккита учрашувдаги хатосини тўғрилади. У томонда эса Хави Грасиа рақиб 2-бўлимда чарчаб қолаётганини инобатга олибми асосий вингери Акрам Афифни захирада қолдирди.
"Ал Виҳдат" бу сафар "Садд"га қарши биринчи бўлимни хотиржам ўтказди. Аввалгидек олдинга катта куч билан бормади ва кучини икки бўлимга тақсимлай олди. Иккинчи 45 дақиқалик бошланганда важоҳатли "Ал Виҳдат" майдонга тушиб келди. Ахир, "Садд"га бир бўлимда 3та гол уриш осон иш эмас. Хуллас, иорданияликлар кўпчилик аутсайдерга чиқариб турган бир паллада катта ғалабани қўлга киритишди ва плей-офф йўлланмаси учун курашга қайтишди. Жамоа футболчилари майдонда меҳнат қилишдан қочишмайди, мухлислари эса алоҳида мавзу. Мухлислик маданияти ўзгача, жамоаси гол урадими ёки ўтказиб юборадими бирдек қўшиқ айтиб байроқларни кўтарганча олқишлайверишади.
Ўйин жиҳатдан рақибларидан устунлик қилаётган "Насаф" буни таблода акс эттира олмаяпти
Рўзиқул Бердиев шогирдлари тўрттала турда ҳам ўйин бобида рақибларидан устунлик қилишди. Ўйинни назорат қилишмоқда, керак бўлса рақибни ўз жарима майдончасига қамаб қўйишни ҳам уддалашмоқда. Аммо, бу нарсани ҳисобда акс эттира олишмаяпти холос. Тўғри, "Насаф" ҳозир гуруҳида 2-ўринда. Аммо, улар бемалол пешқадам бўлиб туришлари ҳам мумкин эди. "Насаф" ортда қолган 4 ўйинда рақиблар дарвозаси томон 66та зарба берган, шулардан 18таси манзилга аниқ борган ва 3таси голга айланган. "Аждарлар" ҳозир ҳам гуруҳни пешқадам сифатида якунлаш имконига эга. Қолган икки ўйиндаги ғалаба ва "Ал Файсали"нинг битта ўйинда қоқилишини кутиш керак. Ёки икки ғалаба ва жамоа бемалол энг яхши иккинчи ўрин эгаларидан бири сифатида плей-оффга йўл олади. Хуллас, ҳаммаси йигитларнинг ўз қўлида.
Айни пайтда "E" гуруҳидаги барча жамоаларда кейинги босқичга чиқиш имконияти сақлаб турибди. Ва буёғига ҳар бир жамоа ўйинларга финалга тушгандек тушиб келади. "Насаф" учун нисбатан қулай томони эса "Ал Садд" ва "Ал Виҳдат" саудия клуби каби ётиб оладиган жамоалар эмас, камчилик бўлиб қолмаса. Улар нисбатан очиқроқ футбол тарафдори. Бундан эса "Насаф" унумли фойдаланишига умид қилиб қоламиз.
Комментарии