Футзал. 2016 йил Тошкентда ўтган, мундиал йўлланмасини тақдим этган Осиё чемпионатини ёдга оламиз
20 мая 2020 16:19
Новости
Футзал. 2016 йил Тошкентда ўтган, мундиал йўлланмасини тақдим этган Осиё чемпионатини ёдга оламиз
2016 йил Тошкентда ўтган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққан эди.
Бундан олдин 2014 йил Вьетнамдаги қитъа чемпионатида Баҳодир Аҳмедов бошчилигида бронза медалларига эга чиққан футзал терма жамоамиз эндиликда янада юқори чўққиларни забт этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Шу йилнинг ўрталарига келиб 2011-2012 йилларда терма жамоамизни бошқарган испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендес яна ортга қайтарилди ва унинг олдига терма жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш вазифа қилиб белгиланди. 2016 йилги Осиё чемпионати мезбонлиги Ўзбекистонга берилгач муваффақият қозонишимизга ва тарихда илк бор мундиалга бора олишимизга ишончимиз ортди. Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради деган гап бежиз айтилмаганку.
Шундай қилиб 2016 йилнинг 10 февраль санасидан эътиборан пойтахтимизда қитъа турнирига старт берилди. Баҳслар “Ўзбекистон спорт мажмуаси” ва “Универсал спорт саройи”да ўтказилишига келишиб олинди. Табиийки вакилларимиз мусобақа мезбони сифатида ўз иштирокларини “А” гуруҳидан бошлашди. Дастлаб очилиш учрашувида Саудия Арабистони йирик 5:2 ҳисобида таслим қилинган бўлса, иккинчи турда футзалчиларимиз бироз қийналишди. Ўшанда Сергей Полковский мураббийлигидаги Қирғизистон терма жамоаси бизга анча бош оғриқ бўлибгина қолмай, муносиб ва жиддий қаршилик кўрсатишди дея оламиз. Буни қайд этилган натижадан ҳам билиш қийин эмас. 2:1 ҳисобида ғалабага эришган беллашувимизда Дилшод Раҳматовнинг дубли бизга 6 очко билан чорак финал йўлланмасини тақдим қилди. Кейинги учинчи турда Ливанни енгиш ҳисобига гуруҳда биринчи ўринни эгаллашимиз ва таҳминан чорак финалда Ироқ терма жамоаси билан ўйнашимиз керак эди. Иккинчи ўрин эса нариги гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган Эронга рўбарў қиларди. Амалда ҳам шундай бўлди. Ливанлик рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳамюртларимиз гуруҳ ғолиби сифатида навбатдаги ҳал қилувчи босқчига йўл олди.
Футзал. Осиё чемпионати-2016.
1-тур
Ўзбекистон – Саудия Арабистони – 5:2
Голлар: Даврон Чориев 17, 26, Жамолиддин Шарипов 25, Артур Юнусов 30, Константин Свиридов 33, - Атиах 24, Зафер 26.
2-тур.
Қирғизистон – Ўзбекистон – 1:2
Голлар: Алимов 40, - Дилшод Раҳматов 20, 23.
3-тур.
Ўзбекистон – Ливан – 2:0
Голлар: Жавлон Аноров 11, Фарҳод Абдумавлонов 16.
Чорак финал, ҳаяжонли онлар, тарих зарварақларига мухрланадиган кун, футзалчиларимиз қаҳрамонга айланадиган кеча. Ҳа Ироқ билан кечадиган баҳсга ҳар қанча таъриф берса арзийди. Бизнинг ўйинчилар руҳий томондан рақибга қараганда анча бақувват эдилар, улар эса ўз гуруҳидаги оҳирги ўйиндан Эрондан нақд 13та гол қабул қилиб олганди.
Бундай ҳал қилувчи паллаларда мураббийнинг махорати биринчи даражага чиқади, у шогирдларини босимдан қай тарзда ҳалос қилгани эса ўйин давомида билинади. Мендес эса бу ишни ажойиб тарзда уддалади. Ўйин жараёнига ва муҳитига мослашиб олган термамиз аъзолари бирин-кетин голга тортадиган вазиятларни яратишни бошлашди. 18-дақиқага келиб Дилшод Раҳматов ироқлик Муҳаммад Нур Неамах қўриқлаётган дарвозани ишғол қилганидан сўнг бироз хотиржамликка берилдик. Қайсидир маънода бу гол жамоага умид ва ишонч берди. Кейинги бўлимларда Раҳматов ўз ҳисобига яна бир голни ёздириб қўйган бўлса, Нодир Элибоев ҳам бир бор тўп киритди - 3:0. Ироқдан эса Рафид Эсса 40-дақиқада қизил карточка олиб четлатилганди. Бош ҳакам Лиу Жианкиаонинг финал ҳуштагининг чалиниши эса Ўзбекистон Колумбиядаги Жаҳон чемпионатида эканлигидан далолат берарди. Очиғи, ўйиндан кейинги ҳиссиётларни ва футзалчиларнинг ҳолатини, айниқса Жамолиддин Шариповнинг кўз ёшларини тийиб тура олмагани, барча бир-бирини табриклаётганини сўз билан ифодалаб бериш қийин.
Чорак финал
Ўзбекистон – Ироқ – 3:0
Голлар: Дилшод Раҳматов 18, 39, Нодир Элибоев 31.
Ярим финалда қитъада номдор ва юқори даражада турувчи Таиланд билан ўйинда бизникилар 1:2 ҳисобида ортда қолишаётганди, сўнгги дақиқаларда Мендез Артур Юнусовни ўйновчи дарвозабон сифатида паркетга туширди. Айнан Юнусовнинг голи ҳисобнинг 2:2 бўлишини таъминлаганди. Пенальтилар сериясида дарвозамизга турган Клим Тюгаев ҳақиқий ирода кўрсатган ҳолда маҳоратини намойиш қилди. Бутун турнир давомида кам имконият берилган Феруз Фахриддинов эса сўнгги зарбани аниқ ижро этди. Ўзбекистон - финалда!
Ярим финал.
Ўзбекистон – Таиланд – 2:2 (пен 3:1)
Голлар: Жирават 23 (автогол), Артур Юнусов 48, - Жетсада, Апиват.
Пенальтилар сериясида: Константин Свиридов 1:0, Супхавут 1:1, Дилшод Ирсалиев 2:1, Жирават ноаниқ (Клим Тюгаев қайтарди), Феруз Фаҳриддинов 3:1.
Финалда Осиёнинг гранди, бунга қадар рақиблар дарвозасига истаганча голарни ураётган Эрон рақиблик қилди. Уларнинг таркибидаги Тавакколи, Тайеби, Жавид каби ўйинчилар шуларнинг ўзи ҳаммасини ҳал қилиб қўярди. Гарчи, 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб кумуш медалларига эга чиққан бўлсакда шу пайтга қадар форсларга бунчалик жиддий қаршилик кўрсата олмаган эдик. Яна бир нарса посбонимиз Рустам Умаровнинг жароҳат олгани сабабли ўйинни Клим Тюгаев давом эттириб қўяди. Биринчи бўлиб тажрибали Дилшод Ирсалиев гол уриб жамоадошларини олдинга олиб чиққан бўлсада, кейинчалик рақиблар иккита гол билан жавоб қайтарди. Сиз ўйлагандек Тайеби ёки Тавакколиларнинг бизга тиши ўтмади десак ўринли бўлади. Ҳайдари ва Кешоварзларнинг киритган тўпи Эронга навбатдаги чемпионликни олиб берганди. Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси эса мухлислар қалбидан чуқур жой олганди. Ўша Осиё чемпионати ва эришилган ажойиб натижа Жаҳонгир Усмонов бошчилик қилган Ўзбекистон футзал Ассоциациясининг улкан ютуғи эди. Колумбиядаги мундиал эса умуман бошқа тарих. Бу ҳақда алоҳида тўхталамиз.
Финал.
Ўзбекистон – Эрон – 1:2
Голлар: Дилшод Ирсалиев 6, - Баҳадори, Кешоварз.
Тошкентдаги Осиё чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилган футзалчилар рўйхати: 1. Рустам Умаров, 12. Акмал Хазратқулов, 13. Клим Тюгаев, 7. Дилшод Раҳматов, 8. Фарҳод Абдумавлонов, 11. Артур Юнусов, 14. Константин Свиридов, 2. Дилшод Ирсалиев, 3. Нодир Элибоев, 4. Феруз Фаҳриддинов, 5. Даврон Чориев, 6. Жавлон Аноров, 9. Андрей Шлёма, 10. Жамолиддин Шарипов.
Абдулазиз Искандаров тайёрлади
Фото: Толибжон Қосимов
Комментарии