RU

Последние новости

16:16ЎФА мураббийлар кенгаши йиғилишида МТЖнинг ЖЧ саралаши ва U-17 термасининг мундиалга тайёргарлиги муҳокама этилди  0 15:52Остон Ўрунов: "Ўтган мавсумдан сўнг етарлича дам олмаганим ва тиғиз тақвим туфайли мукаммал жисмоний ҳолатга кира олмадим"  2 15:27Кака Бразилия терма жамоасида Карло Анчелоттига ёрдам бериш истагини билдирди  2 14:59Ҳимояда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. "Реал"нинг 4 нафар ҳимоячиси КЖЧда иштирок этиши мумкин  1 14:35Аббос Файзуллаев кечаги хатоси учун ЦСКА мухлисларидан кечирим сўради  4 14:08Агент Клоппнинг "Рома"га тайинлови масаласида баёнот берди  3 13:44ЎФА вакиллари "Шўртан" футбол академиясида бўлди  0 13:25"Бунёдкор" "Навбаҳор" билан ўйинда адолатсизликка учрадими? Суперлиганинг 10-туридаги ҳакамлик фаолияти таҳлили  7 13:10Ёзда эркин агентга айланадиган АПЛ футболчилари  4 12:42"Цементчи" "Арал" билан ўйин учун Нукусга бормайди. Жамоага техник мағлубият ёзилди  5 12:13"Милан" ярим ҳимоячиси "Реал"ни эмас, "Манчестер Сити"ни танлади  5 11:45"Артета эффекти": Райс "Арсенал"да олдинги фаолиятидагидан кўра кўпроқ гол урди  2 11:12Бразилиялик афсона ёнғин оқибатида касалхонага тушиб қолди  5 10:36ЦСКА устози кечаги учрашувдан сўнг Файзуллаев ҳақида фикр билдирди  11 10:05"Ливерпуль", "Бавария" собиқ футболчиси 42 ёшда футболчилик фаолиятини якунланади  3

“Бир йилда антисептик воситаларига бензинга қанча сарфлаган бўлсам, ҳудди шунча сарфладим” – Ўзбекистон клубларининг матбуот котиблари карантин даврини қандай ёдга олишади? Новости

“Бир йилда антисептик воситаларига бензинга қанча сарфлаган бўлсам, ҳудди шунча сарфладим” – Ўзбекистон клубларининг матбуот котиблари карантин даврини қандай ёдга олишади?

Бугун 2021 йилнинг 16 март санаси. Роппа-роса бир йил аввал айнан шу кунда юртимизда ўқув муассасалари, иш жараёнлари тўхтатилиб, масофавий ва онлайн режимга ўтган эди.

Шунингдек, 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб Ўзбекистонда футбол учрашувлари ҳам тўхтатилган эди. Ўтган мавсумда карантин сабаб тўхтаб қолган чемпионат ўйинлари кейинчалик яна давом эттирилди. Бироқ жамоаларнинг баъзи футболчи, ходимларида вирус аниқланиши, иккинчи бор карантин бўлиши, албатта, осон бўлмади. Бугун карантин эълон қилинганига бир йил бўлгани сабаб Ўзбекистон Суперлигасининг айрим жамоалари матбуот котибларидан ўтган йил ҳақида фикрларини, хотираларини сўрадик.

“Қўқон-1912” жамоаси матбуот котиби Акрамжон Мамадалиев:


“Бугун бутун дунёни хавотирга солган коронавирус пандемияси юртимизга кириб келиб, карантин бошланганига 1 йил бўлди. Aйнан шундан кейин Ўзбекистон чемпионати ўйинларида тўхталишлар бўлди, футболчилар, мураббийлар ва ўзи умуман футбол кишиларнинг барчаси ўз соғлигини хавфга қўйиб ишлади. Бир томондан олиб қарасак, ўтган йил мен учун жамоамизнинг яхши ўйинлар кўрсатгани билан эсда қолди, лекин барибир мана шундай яхши ўйинларни мухлисларимиз билан бирга нишонлай олмаганимиз аламли ҳолат бўлди. Уйимизда чиқолмаган даврларимиз ҳам бир умр хотирамизда сақланиб қоладиган бўлди. Умид қиламанки, бу балодан бутун дунё, юртимиз қутилади ва тўлиб-тошган стадионларда чиройли ўйинлар ўтказамиз”.




“Пахтакор” жамоаси матбуот котиби Беҳзод Назаров:

“Бир йил олдин унгача хориж давлатларида бу касаллик кўплаб инсонларда аниқлангани ҳақида ўқигандим, шу сабабли коронавирусга чалинган одамлар Ўзбекистонда ҳам топилгани ҳайратланарли ҳол эмасди. Фақат вирусга қарши қандай курашиш кераклигини деярли ҳеч ким билмасди, шу сабабли бутун жаҳон бўйлаб шифокорлар кўрсатмалари кутилди. Футбол ёки бошқа тадбирларнинг ўтказилишида ўзгаришлар бўлиши аниқ эди, чунки бу пандемияга айланаётгани билиниб турганди ва Осиё Чемпионлар Лигасидаги ўйинимиз шу туфайли кечиктирилганди. Кейинчалик мухлисларсиз ва махсус шароитда ўйинлар ўтказила бошланди”.




AГМК жамоаси матбуот котиби Шаҳбоз Беғамов:


“Очиғини айтсам, бошида тушунмагандим. Каратин қандай тартибда бўлиши-ю, яшаш қандай бўлиши менга қоронғу эди. Футболнинг буёғига қандай бўлиши ҳақида ўйлаб кўрган эдим, лекин кўпроқ шахсий ҳаётда қандай ҳаёт тарзи кечиши ҳақида фикрлагандим. Менда шу пайтгача карантиннинг нима эканлиги ҳақида тушунча ҳам йўқ эди. Кейинчалик инсон ҳам бу жараёнларга кўникиб борди. Мен шу карантин даврида, бир йил ичида антисептик воситаларига машинанинг бензинига қанча сарфлаган бўлсам, ҳудди шунча сарфладим, десам адашмаган бўламан. Шу жиҳатдан ҳам карантин мен учун эсда қолди”.




“Локомотив” жамоаси матбуот котиби Хайрулла Холиқов:

“Ўтган йили 15 март куни карантин деб эълон қилинди. Aдашмасам, ўша куни "Локомотив" ўйин ўтказганди ва эртаси куни, душанбадан бошлаб карантин эълон қилинган эди. Коронавирус ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасдим. Шу боис ҳам ҳаяжон, хавотир бўлмаган. Очиғи, мен буни оддий қабул қилганман. Ҳамма қатори нима бўларкин, дея кутганман. Уйда қолинг, кўчага чиқманг, дейишди. Кўчага чиққанда ҳам, асосан, дўконга, дорихонага, бозорга чиқиб келдим фақат. Бошқа иш билан чиқмадим.

Яна бир нарсани айтаман, дастлаб карантин эълон қилингач мен 2 ҳафтача маза қилганман уйда дам олиб. Китоб ўқиб, оилавий хордиқ олиб, маза қилганман. Лекин ундан кейин зерикиш бошланди. Ҳар куни ишга борадиган одам уйда ўтириб қолса зерикар экан.

Футбол ҳақида айтадиган бўлсам, бошида масофадан ишладик. Очиғи, футболнинг яна бир қизиқ томонини сездим. Бир йил футбол бўлмаса ҳам у ҳақида ёзишга, гапиришга хоҳиш, мавзу бўлаверади. Уни 24 соат муҳокама қилсангиз ҳам тугамайди. Ўйинлар, ҳакамлар, футболчи ва мураббийлар мавзуларининг охири йўқ.

Ўша вақтда мен нима қилдим? "Локомотив" жамоаси матбуот котиби бўлганим сабабли жамоага оид турли статистикаларни йиғдим. Бунинг учун Championat.asia сайти муҳаррири Нарзулла Сайдуллаевга раҳмат. У кўп ёрдам берди. Жамоанинг статистикаси, тарихига оид маълумотларни йиғиб, қизиқарли хабар ва мақолалар ёзишга ҳаракат қилдим. Шунингдек, зоом орқали футбол кишилари билан суҳбатлашдик. Менимча, бу ҳам жуда қизиқарли кечди. Уйда зериккан кишилар учун ҳам бу яхши бўлди.

Мени кўпроқ ўйлантирган нарса, футболчиларга қанчалик қийин бўлиши эди. Улар спортчи, ҳар кунги машғулотларга ўрганиб қолишган. Улар машғулот ўтказмай формаси тушиб кетиши мумкин. Улар учун муҳими тўп тепиш эди. Лекин бу ҳам қийин бўлди.

Карантин мен учун катта дарс, сабоқ бўлди. Биринчи навбатда, одамзоднинг соғлиги ва қадри юқори ўринда туришини тушундим. Карантин менга шу нарсани ўргатди”.




Ҳар не бўлганда ҳам тинчлик ва соғлик бўлсин. Шу иккиси бўлса қолгани бўлади, менимча. Ҳурматли мухлис, сиз карантиннинг илк кунида қандай ҳолатда эдингиз? Қандай ўй-фикрлар ўтган эди сиздан?


Оғабек Самисов тайёрлади

Рейтинг: -4   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика