Зоҳид Абдуллаев "Геннадий Красницкий клуби" аъзосига айланиши мумкин
27 мар 2019 11:11
Новости
Зоҳид Абдуллаев "Геннадий Красницкий клуби" аъзосига айланиши мумкин
Гап шундаки, у тез орада, эҳтимол келаётган турдаёқ кучлилар сафида киритган ўз голлари сонини 100 тага етказиши мумкин. Бу билан Зоҳид Абдуллаев “Геннадий Красницкий” клубининг 31-аъзосига айланади. Бугунгача Зоҳид Абдуллаевнинг Ўзбекистон чемпионати ва Кубоги баҳсларида киритган жами голлари сони 98 тани ташкил этади. Шулардан 68 тасини у миллий чемпионат ўйинларида киритган.
Зоҳид Абдуллаев Бекободнинг “Металлург” жамоасида 2010 йилги мавсумдан эътиборан тўп суриб келади. Оралиқда икки мавсум (2013 йили “Насаф”, 2014 йили “Нефтчи”) бошқа жамоалар шарафини ҳимоя этди. Бекободдан ташқарида фаолият юритиш Абдуллаевга унчалик ёқмаган. Қаршида у голлари сонини 5 тага оширган бўлса, Фарғонадан умуман қуруқ қайтган. Ўзининг энг гуллаган даврини эса металлурглар шаҳрида ўтказган ва ҳозиргача маҳаллий мухлислар ёқимтойи бўлиб келаётган Зоҳид Абдуллаевга бу йилги мавсумни ҳам сермаҳсул ўтказишини тилаймиз.
Ўз навбатида яна бир маълумотни айтиб ўтмоқчимиз. Турли йилларда “Металлург”да ҳам ўйнаган ва 100 лик давондан ошган футболчилардан Улуғбек Мирхолдиршоев (1999 йил), Фарид Хабибулин (2003), Мухтор Қурбонов (2005-2006) тўп суришган ва ўз ҳисобларига голлар ёзиб қўйишган. Айни пайтда эса 164 та гол билан 12-поғонада бораётган Сервер Жепаров бу йилдан эътиборан бекободликлар шарафини ҳимоя этаяпти. Зоҳид Абдуллаев “Геннаддий Красницкий клуби”га аъзо "Металлург"нинг бешинчи футболчиси бўлади.
Комментарии