“Машъал”нинг ҳужжатдаги бош мураббийи ёхуд Зоир Тўрақулов билан суҳбат
12 мар 2020 12:25
Новости
“Машъал”нинг ҳужжатдаги бош мураббийи ёхуд Зоир Тўрақулов билан суҳбат
Мухлисларга яхши маълумки, муборакликларнинг узоқ йиллик мураббийи Александр Хомяков ўтган мавсум “Андижон” клубига ўтиб кетгач, бошқарув постида унинг яқин ёрдамчиси бўлиб келган Асрор Алиқулов қолганди. Бироқ “газчилар” раҳбарияти Алиқулов билан бу йил ҳамкорлик қилишни истамади. Гарчи “Машъал” Асрор Чориевич бошчилигида ўз олдига қўйилган вазифани бажарган бўлсада, бу йил бош мураббийлик ролида Дилявер Ваниев гавдаланмоқда. Аммо шуниси ҳам боорки, жамоанинг хужжатдаги бош мураббийи Зоир Тўрақуловдир. Илгари мураббий сифатида асосан “Насаф” ва “Шўртан” каби жамоалардаги фаолияти орқали ишқибозларга яхши танилган Тўрақулов яна катта сахнага қайтди. Яқинда қашқадарёлик мутахассис билан суҳбатлашиб, бир қанча мавзуларни қамраб олдик.
- Тўғрисини айтганда, интервью бериб, баланд парвоз гапларни гапиришдан кўра, ўз ишимни амалда пухта бажариб, кўзланган натижага эришишни хоҳлайман – дея гап бошлади Зоир Тўрақулов. - 2016 йилдан буён “Машъал” футбол клуби тизимида фаолият олиб боряпман. “Шўртан” жамоасидан кетганимдан сўнг, Муборак жамоасидан таклиф тушди. Аниқроғи клуб бош директори Илҳом Қурбонов мени академияда катта мураббий сифатида ишлаш юзасидан ишга чорлади. Ҳеч иккиланмасдан рози бўлдим ва мана бешинчи йилдирки, клуб тизимида мехнат қилиб келмоқдаман.
- “Шўртан” жамоасидаги фаолиятингиз ҳам ёмон кечмаётган эди. У ердан кетишингизга нима сабаб бўлганди?
- Ғузорда молиявий имкониятлар пасайиб кетган пайтлар эди. Шароитлар камторана бўлиб бораётганди. Шунга қарамай “Шўртан”ни курашчан жамоа сифатида шакллантиргандик де ҳисоблайман. Аммо у ерда стадион директори клубнинг ички ишларига аралашиб, ўз фикрини ўтказиб келарди. Менимча ҳеч қайси мураббийга четдан бировнинг таркибга аралашиши сира ёқмайди. Мен ҳам чидаб-чидаб келгандим. Барибир хуноб бўлдим. Кейин шартта ишдан кетиш юзасидан клубнинг ўша вақтдаги раҳбари Шоди Намозовга маълум қилиб, аризамни ёзишга мажбур бўлгандим.
- Бу йил “Шўртан” клуби раҳбариятида ўзгаришлар амалга оширилди. Ғузор жамоасини яхши биладиган мутахассис сифатида Сизни ҳам қайтариш бўйича таклиф қилишгандир?
- Дарҳақиқат клуб бош менежери этиб тайинланган Шамил Ярулин мени жамоага қайтишим кераклигини айтиб, таклиф билан чиққанди. Аммо мен стадион директори Сувонқул акани ҳамон ўз лавозимида ишлаб келаётганини билдириб, уларнинг таклифини рад этдим. Шунда менга Шамил Ярулин стадион директори билан алоҳида ўтириб, сухбатлашиб олдик, агарда шу каби холатлар яна такрорланса хайрлашишг тўғри келишини маълум қилиб, огоҳлантирганини айтди.
- “Машъал” бош мураббий сифатида бу йил Зоир Тўрақуловни рўйхатдан ўтказган бўлсада, амалда жамоани Дилявер Ваниев бошқараётгганини кўрмоқдамиз. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- Биласизми хозирги кунда ЎзПФЛ талабига кўра, Суперлига клубларининг бош мураббийларида ПРО мураббийлик лицензияси бўлиши шарт этиб белгиланган. “Машъал” жамоасини эса янги мавсумга Дилявер Ваниев тайёрлади. Аммо унда ҳозирча ПРО лицензияси мавжуд эмас. Мен эса ПРО лицензиясини 2015 йили қўлган киритгандим. Шу боис клуб раҳбарияти билан ўзаро маслаҳатлашган холда, бош мураббий сифатида мени рўйхатдан ўтказишларига розилик билдирдим. Асосийси мен клуб тизимида ўз севган касбим билан ишлаб келмоқдаман.
- Ўйинлар чоғида захира ўриндиғидан жой эгаллайсизми?
- Албатта. Учрашувлар пайтида ўзимни маслаҳатларимни бевосита бериб бораман. Лекин асосий таркиб машғулотларини ҳозирча четдан кузатиб бормоқдаман.
- “Машъал”да ҳозир асосий вазифангиз нималардан иборат?
- Раҳбариятнинг топшириғига биноан, мубораклик таниқли болалар мураббийи Дилшод Андаев иккимиз бу йил U-18 ва U-21 жамоаларини шакллантирдик. Ҳозирча шу икки жамоа фаолияти билан машғулман. Андаев билан маслаҳатлашган холда, алмашиб-алмашиб ёшлар жамоа машғулотларини биргаликда олиб борамиз.
- “Машъал” сўнгги икки мавсумни ПРО-Лигада ўтказди. Бундан пайтда хоҳлайсизми йўқми жамоа бир қатор ёш иқтидорларини йўқотади. Уларнинг барчасинии таркибга қўшиб олишнинг имкони бўлмайди. Шу боис бу йил ёшлар жамоаларини шакллантириб бориш қийин бўлмадими?
- “Машъал” U-18 жамоамиз таркиби асосан 2002-2003 йилларда таваллуд топган футболчилардир. Ттаркибда бошқа вилоятдан келган йигитлар ҳам бор. Қишки ўқув-йиғинлар чоғида кимнингдир тавсиясига кўра ёки бошқа жамоада ўйнаб, худудий селекционер мураббийларимизнинг эътиборига тушган иқтидорли футболчиларни синовдан ўтказдик. Маъқул келганлари билан шартном имзоланди. Чемпионатдаги илк ўйинимизни кузатган клуб бош директори Илҳом Абдуғаниевич учрашувдан кейин айрим футболчилар билан профессионал шартнома тузиб, уларга ойлик маош бериб борилишини маълум қилди. Худди шу тартибда, “Машъал” U-21жамоасини туздик. Мақтанишга йўйманг-у, яқин орада “Машъал” яна ўз тарбияланувчилари ҳисобига натижа кўрсатишни бошлайди. Асосийси бу ерда тўғри тизим йўлга қўйилган.
- Ёшлар жамоалари олдига раҳбарият томонидан қандай вазифа қўйилган?
- Мақсадимиз асосий таркибга муносиб ўйинчиларни етказиб бериш. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозониб, чемпион бўласан деган вазифа йўқ.
- “Машъал” академиясида маълум муддат ишлаган мутахассис сифатида айтингчи, болалар футболидаги камчиликлар ҳақида фикрингиз қандай?
- “Машъал” академияси айрим сабабларга кўра, бироз муддат ўз фаолиятини тўхтатгач, турли хил миш-мишлар тарқала бошлади. Яратганга шукур, механизм яна ишга тушди. Ҳозирча ҳаммаси яхши. Муборакда бошқа вилоятдан келган болалар ҳам талайгина топилади. Улар билан мураббийлар астойдил ишламоқда. Академияда катта мураббий сифатида ҳамкасбларимга йўл-йўриқ кўрсатиб, ўзимни маслаҳатларимни бериб бораман. Болалар футболида ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас албатта. Мисол учун айрим вилоятдаги болалар мураббийлари натижа кетидан қувийди. Мисол учун ўтган йили бошқа вилоят жамоасидан академиямизга равиб жамоа келди. Исмини айтмаганим маъқул, ўша мураббий менга ютуқ керак, сабаби ҳозир ютсам, ойлик маошимда кўтарилиш бўлади дея дангал гапириб, мени ажаблантирди. “Машъал” раҳбарияти ҳеч қачон академия мураббийларидан натижа талаб қилмайди. Бошқа жойларда ҳозир мураббийлар шунга одатланиб қолган. Бунинг натижасида сунъий ўсиш кузатилмоқда.
- “Машъал”да бу йил бешинчи мавсумни ўтказмоқдасиз. Афтидан Муборакдаги шарот-шароитлар сизни тўлиқ қониқтирмоқда. Шундайми?
- Ҳа, “Машъал”да юқорида айтиб ўтганимдек тизим йўлга қўйилган. Раҳбарият томонидан эътибор яхши. Ишлаш учун шароит бор. Чин дилдан ишлаш керак холос. Шахсан мен бу ердаги фаолиятимдан роҳатланаман. Уйимга ҳам яқин. Вақти вақти билан оиламдан хабар олгани бориб тураман.
- Бир неча йиллардан кейин яна катта футболга қайтдингиз. Эндиликда Суперлига учрашувларини кузатиб бораётган бўлсангиз керак?
- Имкон қадар ҳар бир ўйинни қолдирмасда кўриб боришга харакат қиламан. Менга кўпроқ, “Бунёдкор” ва “Насаф”нинг ўйин услуби ёқмоқда. Бу жамоаларнинг таркиби ёшлардан иборат бўлсада, чиройли ўйин намойиш этаётганини алоҳида эътироф этиш лозим.
- Мавзудан бироз четга чиқамиз. Фарзандларингиз ҳам сизнинг ортингиздан бориб, футболни танлаган. Ҳозирда улар нима билан банд?
- Тўнғич ўғлим, Акмал Тўрақулов ҳозирда “Машъал” академиясида болалар мураббийи сифатида фаолият юритмоқда. Кейинги ўғлим – Санжар эса сўнгг пайтларда футболчилик фаолиятини хорижда давом эттираётганди. Бу йил уни “Шўртан”га таклиф этишган. Ҳозирда Ғузор жамоасида шуғулланиб юрибди.
Файзулла суҳбатлашди
Комментарии