Футболчининг ҳаёти фақат майдондаги 90 дақиқадан иборат эмас...
18 дек 2018 11:10
Новости
Футболчининг ҳаёти фақат майдондаги 90 дақиқадан иборат эмас...
“Кальяри” билан учрашувда, “Сампдория”га дурранг келтирган голни ургач, Фабио Квальярелла йиғлаб юборди. Бу А Серияда футболчининг голлар сони 100тадан ошгани сабаб қувонч кўз ёшлари эмасди... Ҳужумчи енгил тортганидан ўзини тутиб тура олмаган эди:
“Мен беш йил давомида даҳшат ичра яшадим. Ниҳоят, ҳаммаси тугади. Ўзимни яна эркин, қушдек енгил ҳис қиляпман”.
“Раффаэль Пикколо билан биринчи хатни олишимдан икки ой аввал танишгандим, — деб хотирлайди Жулио Де Ризо, Кастелламаредаги магазин эгаси.
– У олдимга қандайдир иш билан кирди. Мен унга ёрдам бердим ва биз вақти-вақти гаплашиб турадиган бўлдик. Лекин биринчи хат келганда, мен унга мурожаат қилишга қарор қилдим, ахир у почта полициясида ишларди. Кейин рақамларини топишнинг иложи бўлмаганлардан смс кела бошлади”.
Номаълум шахс Де Ризога таҳдид қилиб, унинг ҳаётини дўзохга айлантиришини айтарди. Пикколо ишга аралашишга рози бўлди ва дўстига ариза ёзиб беришини ҳамда шахсан уни Неаполдаги бўлинмага етказишини айтди. “У менга номаълум кимсалар маълумотларни телефонимдан олган бўлишлари, мобил аппаратимга “вирус” тушган бўлиши мумкинлигини тушунтирди ва барчасини “тозалаб”, тўғрилаб беришни ваъда қилди. Шу сабаб унга қўл телефонимни бериб юбордим”.
Маълум вақтдан сўнг, иккита хат келади. Бу сафар Жулиони ҳеч ким ўлим билан қўрқитмаганди. Биттасида шунчаки унинг 8 ёшли қизининг рақами, иккинчисида — яқин дўсти Фабионинг рақамини бергани учун ташаккур айтилганди. Фабионинг фамилияси — Квальярелла.
Квальярелла у вақтга келиб Пикколо билан таниш эди. Кимдир унинг мессенжердаги профилини бузиб киради. Жулио футболчига Раффаэлга мурожаат қилишни маслаҳат беради. Чунки у бундай ишларни ҳал қилишда уста бўлиб кетган эмиш. Бу 2006 йил, Фабио “Сампдория” сафида тўп тепар ва озми-кўпми танилиб улгурганди.
Пикколо хизмати эвазига Квальярелладан автограф туширилган футболкасини сўрайди. Натижадан мамнун бўлган Квальярелла кейинчалик ҳам полициячига баъзи масалаларда мурожаат қилиб турар, эвазига эса футбол учрашувларига чипта ва ўзининг янги жамоаси “Удинезе”нинг ва Италия термаси формаларини совға қиларди. 2008 йил январь ойида энди унга ҳам хат келади.
Ди Ризо билан бўлгани каби Фабиони ўлдиришларини айтиб қўрқитишганди. Хат унинг оила аъзолари, қиз ўртоғи ва Квальярелла ўйнаган клуб манзилларига ҳам кела бошлаганди. Табиийки форвард бу ҳақида Пикколога айтади ва у муаммони ҳал этишга киришади. Аммо ўша номаълум зўравон тўхтамасди. 2009 йил ёзида Фабио “Наполи”га кўчиб ўтганида воқеалар ривожи ўзининг кулминацион нуқтасига етиб келди. Клуб офисига футболчи мунтазам равишда “мафия” кечаларида иштирок этиши ҳақида батафсил маълумот берилганди ва зарур бўлса Квальярелла наркотик моддалар қабул қилиши, қизларга суяги йўқлиги, вояга етмаган қизлар ҳам Фабионинг “қурбони” бўлганини исботловчи суратларни тақдим этишни ваъда қилишган.
“Наполи”да жиддий қидирув ишларини бошлашни таклиф қилишганди. Лекин Пикколо бунга ҳожат йўқлигини, жиноятчиларнинг изини топганини ва ҳаммаси яхши бўлишини айтган ҳамда хурсандчилиги ичига сиғмай кетган Фабионинг ҳисобидан таътилга бориб келади ва яна ишга киришади. Сабаби унинг сўзларига қарамай, дўп-пўписалар тўхтамаган эди.
Аурелио Де Лаурентис хатда ёзилганларга буткул ишонмаслигини айтган ва тинчроқ бўлиш учун Квальяреллага Кастелламаредан узоқроққа, меҳмонхонага кўчиб ўтишни таклиф қилган. Лекин барибир ўз эҳтиётини қилишни ҳам унутмаган. “Аввалари у менга ҳар куни телефон қиларди, кейин бу қўнғироқлар умуман йўқолиб кетди. 2010 йил ёзида мени “Ювентус”га сотишаётганини билдим", — дейди футболчи.
Фабионинг туринликлар сафига ўтиб кетишини мухлислар ҳазм қила олмадилар ва уни хиёнатда айблаб, сотқинга чиқариб қўйишди. Аммо трансфер деталлари-ю, сабабларини ҳеч ким ҳаттоки, Квальяреланинг ўзи ҳам билмасди. Футболчи шунчаки бунга ўша хатлар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тушуниб турарди холос.
“Мен “Наполи”да бахтли эдим. Барчаси мени қониқтирар, лекин юзага келган вазиятни ўнглашга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмасдим. Мен ҳеч қачон ўзимни бошқа клубга сотишларини сўрамаганман. Бироқ мухлисларга барчаси ҳақида батафсил айтиб беролмасдим. Сабаби жиноий иш ҳали очиқ ва мендан воқеалар ривожини кенг оммага ёймасликни сўрашган эди”.
Туринга кўчиб ўтгандан сўнг ҳам таҳдидлар тўхтамади...
Фабио бўлаётган ишлар ҳақида дўстларига ҳам айтмасди. Аммо бир марта таътил вақтида таниш адвокат Жованни Бариле билан суҳбатда шуни биладики, ўша адвокатга ҳам шу каби хатлар келар экан. Кейинроқ маълум бўлдики, нафақат адвокат дўсти, балки Квальярелла телефон дафтарчасида рақамлари сақланган инсонларнинг барчасига таҳдид хатлари келиб турган. Шундагина футболчи гап нимада эканлиги ва ким унинг ҳаёти ва карьерасини барбод этганини тушуниб етади.
Раффаэле Пикколо иши бўйича тергов беш йил давом этди. Гумондор барча айбловларни инкор этарди. Шунга қарамай, адолат қарор топди ва Пикколо жинояти бўйнига қўйилди. Квальярелла сталкернинг энг машҳур жабрдийдаларидан бўлди. Улар қаторида Италияда анчагина машҳур бўлган қўшиқчи Гвидо Лембо ҳам бўлган. 2017 йил февраль ойида Пикколо тўрт йил саккиз ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, у барча жабрланувчиларга келтирган зарарини қоплаб бериши зарур эди.
Ҳукм “Сампдория” ва “Кальяри” ўртасидаги ўйин арафасида маълум қилинди. Ўша баҳсда гол урган Квальярелла учрашувдан кейинги флеш-интервьюда кўз ёшларини тутиб тура олмади.
“Мен беш йил мана шу даҳшат ичида яшадим. Деярли ҳар куни мени ўлдиришлари ҳақида қўрқитишар, яқинларимга зарар етказиш билан тахдид қилишарди. Энг ёмони буни ҳеч ким айта олмасдим. Бирор кун ҳам ҳотиржам уйдан чиқиб, оилам билан айлана олмасдим ҳаттоки, бирор жойга дам олгани боролмасдик. Сабаби кўчада нимадир бўлиши, оиламдагиларга қандайдир зарар етишидан қўрқардим. Биз жуда оғир йилларни бошимиздан ўтказдик. Мен майдонга тушар эканман, барчаси яхшидек, ўз ишимни қилишга ҳаракат қилардим, лекин баъзан бу чидаб бўлмас даражага етарди”.
“Баъзилар ўйлайдики, худдики бир куни эрталаб уйғониб бирдан “Наполи”дан кетгим келиб қолган. Бунга ҳеч қандай сабаб йўқ гўёки. Менинг “Ювентус”га трансферимдан сўнг, орқамдан кўплаб ёмон гаплар айтишган. Мен сабр билан жим турдим. Бундай ташвишни душманимга ҳам раво кўрмайман. Ҳозир орадан йиллар ўтиб, адолат қарор топди. Бу қандай бахт эканлигини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Энди ўзимни чинакамига озод инсондек ҳис қиляпман”.
Фабионинг отаси Витторио ўғлининг орзуси “Наполи” етакчисига айланиш бўлганини тан олади. Ахир футболчи ўша провинцияда туғилган. Бироқ футболчининг ушбу жамоадаги фаолияти узоққа чўзилмади – 24 ўйин ва 11та гол. Буларнинг ҳаммасига биргина аҳмоқ, бошқаларнинг ҳаётини ўзи учун ўйинчоқ билган инсон нуқта қўйди.
Шу ўринда, куни-кеча ҳаётдан эрта кўз юмган машҳур қизиқчи Обид Асомовнинг бир латифаси эсга тушди:
Бир одам докторга бориб, ҳаётидан, юраги сиқилаётганидан, шикоят қилади. Доктордан ёрдам беришини, дардига даво топишини сўрайди. Шунда ҳалиги доктор унга циркка боришни, у ердаги масхарабозни чиқишларини томоша қилишни тавсия этади.
- Ўзимга ҳам ёқади ўша чиқишлар. Мен ҳам тушкунликка тушиб қолганимда, ҳаётдан зерикканимда, унинг номерларини томоша қиламан. Яна завқ ва шафққа тўлиб, яшашга бўлган қизиқишим ортиб кетади, ҳамда хурсанд бўлиб уйга қайтаман – дейди доктор.
Шунда ҳалиги бемор:
- Лекин, доктор, циркдаги ўша масхарабоз, менман-да!
Бир ёдга олинг, биз футболчиларни ҳам шахсий ҳаёти борлиги, ва барчамизда бўлгани каби, унинг ҳам муаммолари, ташвишлари ўзига етарли эканлигини унутиб қўямиз, ҳамда майдондаги у ёки бу ҳаракати ўхшамагани учун уни боплаб "ширин" сўзлар билан сийлаймиз. Рақиб зарбасини қайтара олмагани учун, ҳимояда ишончли ҳаракат қила олмагани учун, вақтида ҳужумчига пас бермагани ва қулай имкониятдан гол ура олмагани учун иссиқ ўрнимизда ўтирганча уларни осонгина айблаймиз қўямиз. Тўғри, мухлис сифатида қайғуришимиз, ундан талаб қилишимиз табиий, лекин ҳар ишда бўлгани каби чегарани унутмаган ҳолда. Фабио Квальярелланинг ҳаёти бир мисол эди. Бошқа футболчиларнинг ҳам муаммоси, юрагининг бир четида қийнаб ётган дарди бўлиши мумкин-ку?!
Нозима Зарипова таржимаси
Комментарии