3 йилдан сўнг Суперлигага қайтган "Нефтчи". Мўминжонов жамоани совринли ўринлар учун етаклай оладими? Фарғоналикларнинг "заявка"си
01 мар 2022 17:59
Новости
3 йилдан сўнг Суперлигага қайтган "Нефтчи". Мўминжонов жамоани совринли ўринлар учун етаклай оладими? Фарғоналикларнинг "заявка"си
Суперлига-2022ни "Водий дерби"си бошлаб беради. Яйпандаги "Ўзбекистон" стадионида "Нефтчи" жамоаси "Қўқон-1912"ни қабул қилади.
Янги мавсум олдидан Суперлиганинг айрим клублари ҳақида алоҳида мақола тайёрлашни лозим топдик. Демак, ушбу йўлдаги дастлабки нишон - "Нефтчи". Қуйида эртага яна Суперлига доирасида майдонга тушадиган фарғоналиклар ҳақида ўқишингиз мумкин бўлади.
Суперлигага тайёргарликнинг асосий қисми Анталияда бўлиб ўтди
"Нефтчи" жамоаси янги мавсумга тайёргарлик жараёнини 3 босқичда олиб борди. Биринчи босқичда жамоа Тошкентда йиғилди ва 6 январдан 17 январга қадар "Чиғатой" стадионида машғулотлар олиб борди.
ФОТО "Нефтчи"нинг 16 нафар футболчи иштирок этган машғулотидан ГАЛЕРЕЯ
Бу орада "Бухоро" билан битта назорат баҳси бўлиб ўтди. Унда 2:0 ҳисобидаги ғалаба қўлга киритилди.
Назорат ўйини. "Нефтчи" "Бухоро"ни мағлуб этди
Шундан сўнг Мўминжонов шогирдлари 2-босқич доирасида 20 январь куни Туркияга учиб кетишди. Анталиядаги йиғин 10 февралга қадар давом этди. Айнан шу тайёргарликнинг асосий қисми бўлди.
"Championat.asia" сайти ҳам икки кишилик таркиб билан Анталияга борди. Шахсан ўзим "Нефтчи"нинг "Мактаарал" (Қозоғистон) га қарши 1:1 ҳисобида якунланган учрашувини ва 8 февраль кунги машғулотини кузатиб бордим.
"Нефтчи"нинг Анталиядаги ўртоқлик ўйинлари
"Нефтчи" - KF LLAPI (Косово) 1:1
"Нефтчи" - "Мактаарал" (Қозоғистон) 1:1
"Нефтчи" - "Шинник" (Россия) 2:1
"Нефтчи" - " Аксу" (Қозоғистон) 1:1
Ниҳоят, тайёргарликнинг сўнгги босқичи 14 февралдан кейин Фарғонада ўтказилди. Ушбу йиғин давомида фарғоналиклар "Турон"га қарши ўртоқлик ўйини ўтказишди - 0:0.
"Нефтчи" мавсумни ўз майдонида бошлай олмайди. Сабаби, "Истиқлол" стадиони айни пайтда тўлиқ тамирланмоқда. Фарғона вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров "Нефтчи" стадиони ва майсасини ажойиб кўринишга келтириб қўйишни мақсад қилган ва шу йўлда меҳнат қилинмоқда. Бозоров Наманган ҳокими бўлган вақтлар Намангандаги "Марказий" стадион майсасини зўр ҳолатга келтириб берганди. Мана ҳозир Намангандаги стадион энг яхшиларидан бири мамлакатимизда. Ҳозирча, "Нефтчи" уй учрашувларини Яйпандаги "Ўзбекистон" стадионида ўтказиб туради.
ФОТО Фарғона шаҳридаги "Истиқлол" стадионида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда
"Нефтчи"нинг Суперлига дастлабки 5 туридаги рақиблари
1-тур, 02.03.2022
"Нефтчи" - "Қўқон-1912"
2-тур, 10.03.2022
"Пахтакор" - "Нефтчи"
3-тур, 18.03.2022
"Нефтчи" - "Сўғдиёна"
4-тур, 01.04.2022
"Қизилқум" - "Нефтчи"
5-тур, 25.04.2022
"Нефтчи" - "Бунёдкор"
Энг фойдали "трансфер" - Лутфулла Тўраев
Илҳом Мўминжонов қишки трансфер ойнасида ўйинчиларни саралаб жалб қилди. Бир қарашда жамоага янги келганларни кўпи фойдали футболчилар. Лекин, мақола муаллифининг фикрича, энг фойдали "трансфер" Лутфулла Тўраев бўлди. Тўраев ўз тажрибаси билан машғулотларда ҳам, ўйинда ҳам шерикларига катта ёрдам беради. Бош мураббий сардорлик боғичини ҳам айнан унга топширди. "Мактаарал"га қарши ўйинни кузатдим ва айтишим мумкинки, Тўраев ўйинни бошқармоқда, марказдаги назоратни ўз қўлига олмоқда. Унинг тажрибаси, ўйинни ва жамоадошларини бошқара олиши фарғоналикларга кўп бор асқотиши аниқ. Мўминжонов бу "юриш" билан "ўнлик нишон"га урди.
"Нефтчи" жамоасининг Coca Cola Суперлига-2022 учун ЎзПФЛда рўйхатдан ўтказган футболчилари
Дарвозабонлар:
1. Машҳуржон Муҳаммаджонов, 21.02.1999
12. Шуҳратилло Раҳмонов, 14.07.1996
16. Шоҳрух Асқаралиев, 06.03.2004
45. Акбар Тўраев, 27.08.1989
Ҳимоячилар:
2. Исломжон Акрамов, 25.03.2003
3. Шоҳрухбек Ёқубжонов, 29.09.2003
4. Шодиёр Ҳожиматов, 09.10.1998
5. Мартавали Турғунов, 11.11.2004
19. Мирзоҳид Ғофуров, 22.08.1988
20. Анваржон Ғофуров, 28.06.1995
21. Муҳсинжон Убайдуллаев, 15.07.1994
22. Умар Адхамзода, 04.04.1998
23. Асадбек Мўминов, 22.07.2002
24. Раҳмонжон Рўзиев, 05.02.2002
28. Даниэл Стойкович (Сербия), 14.08.1990
29. Афзалбек Зокиров, 19.02.2004
44. Дарко Станоевич (Сербия), 12.04.1987
88. Дониёр Валиев, 14.09.2003
Адхам Уразалиев
Ярим ҳимоячилар:
6. Сирожиддин Қўзиев, 01.09.1996
7. Ойбек Қиличев, 17.01.1989
8. Шерзод Каримов, 26.01.1989
9. Суннатилла Абдуллажонов, 22.10.1996
10. Ҳусниддин Ғофуров 29.07.1994
11. Иззатилла Абдуллаев, 16.01.1996
13. Лутфулла Тўраев, 30.03.1988
17. Абдуллоҳ Олимов, 11.02.1993
30. Акобиржон Аҳмаджонов, 16.03.2004
36. Ислонбек Исомиддинов, 05.04.2001
47. Муҳаммадкамрон Эргашев, 29.05.2004
55. Азамат Толибжонов, 18.02.2004
61. Ҳожиакбар Иброҳимов, 02.02.2002
65. Сардорбек Муҳаммаджонов, 13.05.2003
66. Шоҳжаҳон Баҳодиров, 10.12.2002
70. Аббосжон Ғуломов, 05.07.1998
71. Дониёржон Нарзуллаев, 11.04.1995
76. Фахриддин Муҳаммадов, 30.09.2004
77. Аброрбек Исмоилов, 08.01.1998
80. Александар Ешич (Сербия), 13.09.1994
91. Мусомалик Рустамов, 09.06.2002
Ҳужумчилар:
18. Азизбек Олимов, 24.07.2002
25. Дониёр Мадаминов, 25.04.2001
27. Муҳаммад Али Олимов, 15.12.2002
31. Марко Сарич (Сербия), 28.11.1998
46. Шаҳзодбек Убайдуллаев, 02.03.1998
99. Улуғбек Ҳошимов, 03.01.2001
Илҳом Мўминжонов "Нефтчи"ни совринли ўринлар учун етаклай оладими?
Анталиядаги ўртоқлик ўйинига борганимизда Мўминжоновдан интервью олгандим ва унда жамоа мақсади ҳақида сўрагандим.
Илҳом Мўминжонов: "Чемпионлик? Нега энди йўқ. Биринчи турда "Навбаҳор"га қарши ўйнашни хоҳлаймиз!"
Мутахассис чемпионлик бўлмаса ҳам деган гапимга - "Нега энди йўқ", - деб жавоб берганди. Яъни, соврин учун ҳам курашиб кўрамиз дегандек қилганди. Лекин, тан олиш керак ўзбек футболининг шонли тарихга эга жамоаси 3 йиллик танаффусдан сўнг элитага қайтди ва дарҳол чемпионлик учун курашиши жуда қийин. Таркиб жиҳатидан ҳам жамоа айрим клубларимиз билан рақобатлаша олмайди. Назаримда, "Нефтчи" янги мавсумда совринли ўринлар учун кураша олади, аммо бу осон иш эмас. "Пахтакор", "Насаф", "Навбаҳор", АГМК, "Сўғдиёна" каби жамоалар билан рақобат қилишга тўғри келади. Анчагина трансферларга қўл урган "Қизилқум" ҳам бор.
Мўминжонов жамоалари доим ҳимояга алоҳида эътибор қаратган ва нисбатан камроқ гол ўтказади. Бу ҳолат "Нефтчи"да ҳам кузатилиши тайин. Ўтган йил Про лигада ҳам унинг шогирдлари энг кам гол ўтказган ва энг кўп гол урган жамоа бўлишганди. Суперлигада ҳам ҳимояга эътибор кучли бўлади, ушбу мутахассисда ҳар иккала қанот ҳимоячилари бир вақтда олдинга ҳужумга ўтиб кетмайди, орқада албатта кимлардир қолади. Бу эса рақиб қарши ҳужумга қочиб кетмоқчи бўлган тақдирда ҳам уларга катта бўш худуд бериб қўйишнинг олдини олади. Айнан камроқ гол ўтказиш эвазига жамоа кучли рақибларга рақобат қилишга ҳаракат қилади.
Эртага "Қўқон-1912"га қарши беллашувда "Нефтчи"нинг имкониятлари юқори. Таркиб бўйича ҳам улар эртанги рақибларидан кучлироқ. Яйпандаги стадион мухлислар билан лиқ тўлиши шубҳасиз. Зеро, фарғоналик ишқибозлар Суперлига ўйинларини жуда соғинишган. Бу мавсум ҳар бир учрашув улар учун байрамдек ўтади. "Нефтчи" яқин йилларда яна топ даражага чиқиши ва чемпионлик учун реал курашишни бошлашини тилаб қоламиз! Саломат бўлинг!
Комментарии