

Мазкур сўровномада PEPSI Суперлиганинг 12 та клуби бош мураббийлари ва сардорлари иштирок этди. Мухлислар овози эса ПФЛ расмий сайтида ўтказилган сўровнома орқали қабул қилинди.
Ортда қолган август ойида 3 та тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ўтказилган 20-21-22-турлар давомида бир қатор футболчилар рақиб дарвозасини чиройли тарзда ишғол этиб, мухлис-у мутахассислар олқишларига сазовор бўлишди.
Ўтказилган сўровнома якунларига кўра, “Бухоро” жамоаси аъзоси Санъат Шихов энг кўп очко жамғаришга муваффақ бўлди. “Металлург” дарвозасини қойилмақом тарзда ишғол этган Шиховни 7 нафар мураббий ва сардор 1-ўринга лойиқ кўрди. Қолаверса, мухлислар ичида ҳам энг кўп овозни Санъат Шихов олди. Шу тариқа, якунда мазкур футболчи 41 очко жамғарган ҳолда ойнинг энг чиройли голи муаллифи деб топилди.



