“Хоразм” рақибларини Хивада қабул қилади

Narzulla Saydullayev
26 мар 2014, 10:09
Хоразм воҳаси 2015 йили мактаб ўқувчиларининг энг нуфузли мусобақаси - “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларига иккинчи бор мезбонлик вазифасини ўтайди.
Мазкур беллашувларнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари ҳамда айрим спорт турларидан баҳслар Урганч шаҳридаги Хоразм спорт мажмуаси ўйингоҳида ташкил этилади.

Бугунги кунда, бу ерда мукаммал таъмирлаш ва реконструкция ишлари авжига чиққан. Маълумки, мазкур спорт иншоотида воҳанинг бош жамоаси, яъни Урганчнинг “Хоразм” жамоаси уй учрашувларини ўтказиб келаётганди. Натижада, юзага келган вазият туфайли жамоа жорий йилги мавсум ўйинларини Хива шаҳридаги “Хива” стадионида ўтказиши белгилаб қўйилди.  Жумладан, “Хоразм” 30 март куни Ўзбекистон кубогининг саралаш босқичи доирасида Нукуснинг “Орол” жамоасини қабул қилишади. Кейинги босқичда ушбу жуфтлик ғолиби майдонига пойтахтнинг “Пахтакор” жамоаси ташриф буюради.

“Хоразм” жамоаси Ўзбекистон биринчилигининг дастлабки икки учрашувини ҳам ўз майдонида ўтказади.  3 апрелда Ғаллаоролнинг “Ғаллакор-Автомобилчи”, 6 апрелда  эса Самарқанднинг “Шердор” жамоалари воҳаликлар меҳмони бўлишади.

Айни пайтда “Хива” стадионида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ниҳоясига етказиляпти.

Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ.

Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia