UZ

Халқдан сўралиши керак бўлган узр Янгиликлар

Халқдан сўралиши керак бўлган узр

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Индонезияда ўтаётган Осиё ўйинларидаги юришини чорак финалда тўхтатди.

Бизни мусобақадан Сон Хён Мин бошчилигидаги Жанубий Корея чиқариб юборди. Ушбу ўйин ҳақида кеча ҳамкасбим Шаҳбоз Беғамов мақола ёзган эди. Мен эса ўйиндан кейинги жараёнлар ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтмоқчиман.



Ҳаммада кайфият йўқ, ҳар ким ўзича кимнидир айбдор қилган бўлди. Терма жамоамиз футболчилари эса ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали бирин-кетин мухлисларга мурожаат қилишиб халқимиздан ва мухлислардан узр сўрашди. Бу ҳолат мени мамнун қилди, тўғриси. Йигитларимиз ориятли эканлигига гувоҳ бўлдик. Сабаби, улар мухлисларга насиб қилса чемпион бўлиб қайтишга ҳаракат қиламиз дейишганди ва вазифани уддалай олишмаганидан сўнг барчадан кечириб сўрашди. Қилинган хато ёки бажарилмаган иш учун узр сўраш марднинг иши. Футболчиларимизнинг мурожаатларини ўқиб чиқар эканман уларнинг ичидан нималар ўтаётганини ҳис қилишга уриниб кўрдим. Улар ВАТАНдан, халқимиздан, мухлислардан узр сўрашган ва мағлубиятга қарамай уларни қўллаб-қувватлаётганликлари учун миннатдорчиликларини билдиришган ва бу нарса уларга келажакда куч беришини ёзишган.

Икром Алибоев: "Мухлислар учун ҳам янада кучли бўлиб қайтишимиз керак"


Рустам Ашурматов: "Мухлислар, жамоадошларим ва Ўзбекистон халқидан узр сўрайман"


Достонбек Ҳамдамов: "Бизни ҳали кўп ишлар кутмоқда, ҳаммага омад"


Акром Комилов: "Халқимиз, мухлисларимиз олдида айбдормиз ва буни тан оламиз"


Шахсан мен ўйинчиларимизни кескин танқид қилмайман. Тўғри, биз ғалабани корейсларга ўзимиз бериб қўйдик, ўз хатоларимиз қимматга тушди. Лекин, ўйин жиҳатидан улар яхши ҳаракат қилишди. Бугун ўйин бўйича устунлик қилган бўлсак, эрта-индин таблодаги ҳисобда ҳам устунлигимизни намойиш эта оламиз. Ҳар ҳолда, бугунги ўйинимиз шунга умид бағишламоқда.


Халқдан сўралиши керак бўлган узр бошқа манзилга кетди...

Бир қарашда ҳаммаси мантиқан тўғри кетаётган эди, футболчиларимизнинг мурожаатларидан сўнг мухлислар уларни қўллашди. Аммо, кеча ярим тунда Ўзбекистон футбол Ассоциациясининг телеграмдаги расмий каналига "Равшан  Ҳайдаров ва футболчиларнинг Жанубий Кореяга қарши ўйиндан кейинги мурожаати" номи билан видео жойланди. Антиқа видео сал ўтиб каналдан ўчириб ташланди. Лекин, улар кеч қолиб бўлишган эди. Бугунги кунда расмий каналда чиққан нарсани маълум вақт ўтиб ўчириб ташлагандан фойда йўқ, ўша маълумот бошқа жойларга ҳам тарқалиб кетиши учун 1 дақиқа ҳам кўплик қилади.

Видеони кўришни бошлар экансиз ҳайрон бўлишингиз табиий. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров, жамоа аъзолари Жалолиддин Машарипов, Одилбек Ҳамробеков, Ботирали Эргашев ва Андрей Сидоров бир қатор бўлиб туриб олишган. Бир қарашда ҳаммаси нормал ҳолатдек кўринди. Лекин, Равшан Ҳайдаров гапиришни бошлади ва ҳайратим ошиб бораверди. Негадир аввалига мураббий, кетидан Ҳамробеков ва Машарипов ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновдан узр сўрашни бошлашди. Шу билан бирга яратиб берилган шароитлар учун миннатдорчилик ҳам билдирилди нутқ орасида. Барча бирдек Аҳмаджоновдан кечирим сўради. Нима учун айнан ЎФА биринчи вице-президенти? Аслида, видеодаги узр халқимиздан ва мухлислардан сўралиши керак эди. Шунда тўғри бўларди. Халқдан сўралиши керак бўлган узр бошқа манзилга кетиб қолди. Бу нимаси? Нега энди шунча мехнат қилган ўйинчиларимиз ва мураббий алоҳида шахсдан кечирим сўрайди. Бу видеодан мақсад нима? Шахсни идеаллаштиришми? Кечириб қўясиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам узр фақат ва фақат халқдан сўралиши керак. Очиғи, бундай бир гуруҳ бўлиб қандайдир уддаланмаган вазифа учун алоҳида шахсдан кечирим сўралганини эслолмадим.

Мен бу видеодаги мураббий ва футболчиларимизни айбламайман. Улар ҳам айтилган ишни қилишган. Йигитларнинг мурожаатларини эътиборингизга ҳавола этдик. Улар айнан ВАТАН, халқ ва мухлислардан узр сўрашган. Видеода эса...



Бу видеоёзув ким учун қилинганининг аҳамияти йўқ, бу умуман мантиққа тўғри келмайдиган нарса. Кимни ҳаққи бор шунча мехнат қилган ва мағлубиятдан ич-этини еб ётган йигитларимизни алоҳида бир инсондан кечирим сўрашга ундашга. Яна видеони охирида ҳамма бирдек қўлини кўксига қўйиб Умид Аҳмаджоновга раҳмат айтди. Буниси энди ҳаммасидан ошиб тушди. Қўллар кўксга қўйилган ҳолда фақат халқимиздан узр сўралиши керак. Уларни ғалабада ҳам, мағлубиятда ҳам бирдек қўллаган мухлислардан сўралиши керак эди аслида.

Нима бўлганда ҳам бундай мағлубиятлар футболчиларимизни янада кучли қилиши керак. Шунга умид қилиб қоламиз ва уларни қўллаб-қувватлаймиз. Видеони ташкиллаштирганларга эса айтар гапимиз йўқ...

Мақолани Рустам Ашурматовнинг инстаграмдаги мурожаатини келтириш билан тугатишни маъқул кўрдим: "Қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат, бориларга шукр. Биз футболчилар доим мухлислар, ватанимиз учун ҳаракат қиламиз. Ғалаба қозонишни жуда ҳам хоҳлагандим, лекин доим ҳам биз хоҳлаган нарса бўлавермас экан. Ушбу ўйин учун, бугунги хатолар учун барча мухлислардан, Ватанимдан, жамоадошларимдан, Ўзбекистон халқидан узр сўрайман. Барчаси учун раҳмат".


Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +70   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
������.�������

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг