Тимур Кападзе: "Cooling Break"ни ўрганиб чиқилмаган томонлари ҳам бор"

Aslanov Jasurbek
29 июл 2026, 01:01
Суперлига 14-туридан ўрин олган "Нефтчи" – "Навбаҳор" (1:1) учрашувидан кейин "Навбаҳор" бош мураббийи Тимур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этди.

Тимур Кападзе: “Нефтчи” билан қийин баҳс бўлишини билардик. Охирги дақиқаларда гол ўтказиб юборганимиз аламли бўлди. Фарғонада ўйнаш осон эмас, лекин шунга қарамай йигитлар кўрсатмаларни тўғри бажаришди. Мухлисларга ҳам миннатдорчилик билдирмоқчиман.

- 80 дақиқада 3 нафар креатив футболчиларни (Жиянов, Холматов, Илич) захирага олдингиз…
- Захирадан ўйинга қўшилганлар яхши ҳаракат қилишди. Кожо ҳам захирадан майдонга тушди. У баҳс тақдирини ҳал қилиши мумкин эди, аммо унинг “Нефтчи”да ўйнаб кетгани… Албатта, бу ҳазил. Йигитларимиз майдонда борини беришди, уларга раҳмат.

- Аббос Ғуломов бугун ўйин қайдномасига киритилмади, унда жароҳат бормиди?
- Йўқ, жароҳат йўқ. Қайдномага чекланган миқдорда футболчи киритиш мумкин. Мураббийлар штаби билан маслаҳатдан сўнг ротация қилдик. Ҳар ўйинда кимгадир дам беришга ҳаракат қиляпмиз.

- Ўйинни бошида Русланбек Жиянов ҳимояга ёрдам берди, кейин олдингизга чақириб, ҳужумга ўтиш кераклиги ҳақида гапиргандек бўлдингиз. Бу “Нефтчи” қанотидаги футболчи заифлиги билан боғлаш мумкинми?
- Жиянов ҳужум ва ҳимояда нимага қодирлигини яхши биламиз. Ҳимоя ва ҳужумда фаол бўлди.

- Жамоанинг охирги олтита баҳсдаги ғалабасиз сериясини қайси камчиликлар билан боғлаяпсиз?
- Жамоага янги келган футболчилар бор. Биз уларга, улар бизга кўникиши учун вақт керак. “Нефтчи” билан баҳс бизни “рельсга қўяди” деб ўйлайман. Муаммолар устида ишлаяпмиз. Уйда ўйнаш ҳам ўзгача аҳамият касб этади. “Нефтчи” мухлислар ёрдамида ўзида куч топа олди. Раҳбарият ҳам бизни тушуниб турибди ва қўллаб-қувватламоқда.

- “Навбаҳор” тезкор гол уриб олди. “Cooling Break”дан сўнг иккала жамоада темп бироз пасайди, кейин яна кўтарилди. Бундай танаффус ҳақида фикрингиз?
- Ҳаво салқинроқ бўлганида олиб ташлашса керак. Янаям билмадим, чунки биз ҳам дунё футболига мослашяпмиз. Ҳозир дарвозабон тўпни ўйинга киритиши, жарима зарбаси… ҳаммаси сониясигача ҳисобга олинган. Бу нарса темпни кўтаради. Танаффус эса йигитларга бироз тин олишга ёрдам беряпти. Лекин жароҳат олган футболчи тезда ўйинга қайта олмаяпти, атайин ётиб олган бўлса тушуниш мумкин, бироқ ростдан шикастланган футболчи сабаб жамоа қанчадир вақтга бир киши кам бўлиб қоляпти. Бу томонлари ўрганиб чиқилмаган.

- Бугунги вазиятдан келиб чиқсак, “Навбаҳор” бир очко олдими ёки икки очко йўқотдими?
- “Нефтчи”даям яхши вазиятлар бўлди, лекин биз ғалабага ҳақли эдик деб ўйлайман. Охирги дақиқаларда стандартдан гол ўтказиб юбориш аламли. Тўғри, омадимиз ҳам келди, бироқ “Навбаҳор” ҳам яхши вазиятлар ярата олди. Бугун ғалабани қўлдан чиқардик.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia