

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Жамоамиз томонидан сифатли футбол намойиш этилди. Тўғри, бошида ҳаяжон бўлди, лекин кейин футбол ўйнашни бошладик. Баъзи ўйинчилардан босимни олиб ташлашга уриндик. Мавсум охири бўлгани учун йўқотадиган нарсамиз қолмади. Одатдагидек бугун ҳам ўзимизга ўзимиз гол олиб келдик. Жамоам ўйинидан қониқдим, агар ютқазиб қўйсак ҳам шу гапни айтган бўлардим.
- Жамоангиз охирги турни чемпионлик учун курашаётган "Нефтчи"га қарши ўтказади. Бу ўйинда "Машъал" сафида яна янги футболчиларни кўрамизми?
- Яна янги футболчиларми? Эътибор берган бўлсангиз, охирги пайтда 12 футболчини алмаштирдик, лекин асосий таркибга чақирилмаганлар ҳам биз билан машғулот ўтказяпти. Биз ҳеч кимни кўчага чиқариб қўймаганмиз. Кейинги ўйингача беш кун бор. Ҳамма соғ-омон бўлса шу таркиб ўйнайди. Кимдир сафдан чиқса ёшларни чақирамиз.
- Бугун "Машъал" ҳар бир қарич учун курашди. Жамоани қандай руҳлантира олдингиз?
- Биласизми, ҳар ўйинда курашяпмиз. Биз мураббийлар футболни бошқача кўрамиз. Кимдир фақат натижага қарайди. Мен эса ўйин пайти ҳаммани кузатаман. Охирги олти-еттита ўйинимиздан бери йигитлар биз нима хоҳлаётганимизни тушуниб етишди. Муаммолар бор, айниқса жарима майончаси ичидаги хатоларни камайтириш керак. Ҳужумда ҳам муаммолар бор, биз фақат Муртазоевга суяниб қоганмиз. Бошқа гол урадиган яққол ҳужумчи йўқ. Менда йигитларнинг ўйин пайти охиригача курашишлари борасида умуман эътироз бўлмаган. Фақат қаердадир ўхшаяпти, қаердадир йўқ. Бунақаси футболда бўлиб туради. Футболда барибир маҳорат кўп нарсани ҳал қилади.



