

Тўп узоқ устун олдида дарвоза тўрига бориб тушди ва меҳмонлар мухлислари жунбушга келди. Кутилмаган натижа юз бериши аниқ бўлиб, уларнинг жамоаси қарийб 40 йиллик танаффусдан сўнг илк бор Англия кубоги ярим финали доирасида "Уэмбли"га йўл олиши мумкин эди.
Байрам тантаналари давом этаётган бир пайтда, мен 136 миль узоқликда, Ғарбий Лондондаги телестудиянинг қоронғи бир бурчагида энг ёмон ҳолат юз беришидан хавотирланиб ўтирардим. Видео ёрдамчи ҳакам (ВАР) сифатида мен голгача бўлган ҳужумда учта эҳтимолий қоидабузарликни аниқлагандим ва агар улардан бирортаси учун жазо белгиланса, байрамни бузган одамга айланишимни билардим.
Вазиятда учта баҳсли ҳолат юзага келди: биринчиси – дастлабки тўп узатишда бўлиши мумкин бўлган офсайд, иккинчиси – кейинги босқичда тўпга тегиб кетилган бўлса яна бир офсайд эҳтимоли ва учинчиси – “Ковентри Сити” ҳужумчисининг қўли билан гол урганига оид шубҳа.
Текширувларни ўтказаётганимда, худди деворлар мени сиқиб келаётгандек, қоронғилик қуюқлашаётгандек, юрак уришим тезлашиб, оғзим қуриб бораётгандек туюларди.
Майдондаги 20 йиллик ҳакамлик фаолиятим давомида мен ҳеч қачон ВАР бўлиш билан боғлиқ бундай босимни ҳис қилмаганман. Реал вақтда битта ракурсга асосланган ягона қарор қабул қилиш ўрнига, энди мен юзимдан бир неча қарич масофада жойлашган, тўлиқ, ярим ёки ҳатто чорак тезликда кўриш имконини берувчи бешта ракурсни намойиш этаётган иккита экранга тикилиб ўтирардим.
ВАР тизими жорий этилганида ҳакамлар секинлаштирилган кадрлар ва қотирилган тасвирлардан (стоп-кадрлардан) фойдаланмасликни ўйлашган эди, лекин ОАВ улардан ўз мақсадлари йўлида, айниқса, хатога йўл қўйилганига ишора қилганда фойдаланишини яхши билишарди.
Кубок доирасидаги айнан шу ўйинда учта текширув деярли тўрт дақиқа вақт олди. Бу баъзи мухлислар ўйлаганидек, голни бекор қилиш учун сабаб топишга бўлган жонҳалатдаги уриниш эмас, балки ҳақиқатни излаш эди.
Вақт қанчалик чўзилгани сари, иккала жамоанинг умидсиз мухлислари менинг бунчалик кўп вақт сарфлаётганимдан ғазабланаётганини шунчалик кўп эшитардим. Футболчилар ҳакамни ўраб олиб, нима бўлаётганини сўрашар, аммо у ҳам майдондаги ва стадиондаги барча каби бехабар эканлигини билиб олишарди.
Ўша пайтда офсайд қарорларини қабул қилиш доим жуда кўп вақт талаб қиларди, чунки Премьер-лига клубларининг барқарорликка интилиши ВАР ҳакамлари оғриқли бўлгани каби машаққатли жараёндан ўтишлари кераклигини англатарди.
"Яққол ва аниқ хато" мезони бу ерда қўлланилмайди, чунки аксарият офсайдлар фикр эмас, балки фактдир ва ҳеч қандай айланма йўллар йўқ. Агар ВАР ҳар бир ракурсни бир марта кўриб чиқиб, текширувни тўхтатса ва кейинроқ бошқа бири уларнинг нотўғри бўлганини исботласа, бунинг оқибати жуда ёмон бўлади.
Яримавтоматлаштирилган технологиянинг жорий этилиши ҳам унчалик катта фарқ қилмади, чунки ҳали ҳам риоя қилиниши керак бўлган протокол мавжуд ва бу голни нишонлашдан кўра кўпроқ вақт олиб, трибуналарда шубҳа уйғотиши мумкин.
Ўтган мавсумда Англия Кубоги доирасидаги "Борнмут"даги етти дақиқалик текширув ҳамда бу йил лига Кубогида "Ньюкасл Юнайтед" ўйинидаги шунга ўхшаш кечикиш пайтида амин бўлганимиздек, янги тизим одам кўп бўлган жарима майдончасида ҳар доим ҳам иш бермайди, у ерда тўпга ким ва қачон тегингани ҳақида шубҳа бўлиши мумкин.
Ниҳоят, "Молинью"да "Ковентри" "Вулверхэмптон" дарвозасига гол урганидан уч дақиқадан кўпроқ вақт ўтиб, мен унинг ҳисобга олиниши мумкинлигини тасдиқладим. Худди ҳамманинг вақти беҳуда кетгандек, қувончли ва ўз-ўзидан пайдо бўлган лаҳза қайғу келтириш учун сабаб топишга уринаётган хирапашша томонидан барбод қилингандек туюларди.
Аслида бу ҳақиқатдан мутлақо йироқ. Ҳакамлар ҳам одам ва ўз мақсадига умуман мос келмайдиган видеотакрорлар тизими етказаётган азобни ҳис қилишади.
Ўйинчи ҳужум чоғида пешонаси, тиззаси ёки оёғининг учигина билан бир оз олдинга ўтиб кетгани учун голни бекор қилиш бизга завқ бағишламайди. Ҳамкасбимиз ноўрин ҳаракатни ёки эҳтимолий пенальтини синчиклаб таҳлил қилаётганида, совуқда ивиб туришни ҳам ёқтирмаймиз.
Табиийки, қўпол хато тузатилганда биз енгил тортиб, тин оламиз, чунки ҳеч биримиз бундай адолатсизлик учун, айниқса бу натижага таъсир қилса, жавобгар бўлишни хоҳламаймиз.
Аммо Премьер-лиганинг ҳеч бир ҳаками ёки ўсиб бораётган ихтисослашган ВАР мутахассислари гуруҳи байрамни бузувчи ролидан завқланмайди. Баъзилар сизни нимага ишонтирмоқчи бўлишидан қатъи назар, биз ўйин биз ҳақимизда эмаслигини биламиз. Бизнинг барча муваффақият ўлчовларимиз салбий кўрсаткичнинг ижобий кўринишидир: хатолардан қочиш, кўзга ташланмаслик ва бошимизни баланд кўтармаслик.
Биз ўйинчиларнинг юлдуз бўлишига йўл қўйиб, орқа фонда қолиб кетишни ва ўйинларимиз баҳс-мунозараларсиз ўтишини кўпроқ афзал кўрамиз.
"Манчестер Юнайтед"га қарши ярим финалда "Ковентри" 3:0 ҳисобида ортда бораётиб, вазиятни ўнглади ва ҳисобни 3:3 кўринишига келтирди, қўшимча бўлимларнинг сўнгги дақиқасида эса эҳтимолий ғалаба голи майдонда ҳисобга олинди. Бироқ, видеотакрорлар ҳужум ривожида уларнинг ўйинчиларидан бири миллиметрлик фарқ билан офсайдда қолганини аниқлади.
Табиийки, ВАР ёвуз одам сифатида гавдалантирилди, лекин аслида офсайд қоидаси ва унинг қўлланилиши айбдор эди.
Юқорироқ аниқлик учун тўланаётган товон, айниқса, чипталар учун пул тўлайдиган ва Премьер-лигани рақобатчиларидан устун қўядиган муҳитни яратувчилар учун жуда юқоридек туюлади.
Агар биз технологиядан фойдаланишга мажбур бўлсак, бошқа спорт турлари муваффақиятли амалга оширгани каби, стадиондаги мухлисларга бу жараённи кўрсатиш орқали уларни ҳам жараёнга жалб қилиш йўлини топишимиз керак.
Натижалар ҳамон баҳс-мунозараларга сабаб бўлади, аммо ҳеч бўлмаганда стадиондаги барча – шу жумладан ҳакам ҳам – аслида нима рўй бераётганини билиб олади.



