

"O Jogo" нашри хабар беришича, "Порту" клуби ярим ҳимоячиси Фатима Пинто "Спортинг"га қарши учрашувдан кейин Микаэль Секейра унга таҳдид қилганини маълум қилган.
22 ноябрь куни аёллар ўртасидаги Португалия чемпионатининг 7-турида "Порту" ўз майдонида "Спортинг"ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Мезбонларнинг дастлабки голини урган Фатима Пинто собиқ жамоасига ҳурмат юзасидан голни нишонламади.
Бироқ ўйин якунида футболчи ва "Спортинг" мураббийи ўртасида келишмовчилик юзага келди. Пинто рақиб жамоа захира ўриндиғи ёнидан ўтаётганида томонлар ўртасида тортишув бошланган. Вазиятга ҳакамлар аралашган, бироқ можаро кийиниш хоналарига олиб борадиган туннель ёнида ҳам давом этган.
"Спортинг" мураббийи клубга келганидан буён ўзининг кибрли муносабати билан жамоани пароканда қилиш ва футболчи аёлларни қадрсизлантиришдан бошқа иш қилмади. Ўйиндан кейин эса туннель ёнида менга таҳдид қилди ва ҳурматсизлик кўрсатди", – деди Пинто.
30 ёшли футболчи илгари "Спортинг" шарафини ҳимоя қилган. У учрашувдан кейин ижтимоий тармоқда адолатсизлик инсонни янада яхшироқ бўлишга ундаши кераклиги ҳақида ҳам ёзган.
Ҳозирча Микаэль Секейра футболчининг айбловларига оммавий муносабат билдирмаган.
Эслатиб ўтамиз, 53 ёшли португалиялик мутахассис 2021 йилда Тошкентнинг "Локомотив" клубини бошқарган. У Ўзбекистонга келишидан аввал "Брага" клубида Рубен Аморимнинг ёрдамчиси сифатида ишлаган.
Секейра 2024 йилнинг октябрида "Спортинг" аёллар жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган.



