Италиялик журналист Шомуродовнинг келажаги ҳақида маълумот берди

Alisher
26 июн 2024, 17:06
Ўтган мавсумни "Кальяри"да ижара асосида ўтказган ҳужумчи Элдор Шомуродов тез орада "Рома"га қайтади.

Биз Ўзбекистон МТЖ ҳужумчисининг келажаги ҳақида кальярилик таниқли журналист Элиа Серро билан кичик суҳбат уюштирдик.


— Элдорнинг "Кальяри"даги мавсумини қандай баҳолайсиз?

— Мавсум бошида бир қатор муаммолари бор эди. Яхши формада эмасди, сабаби "Специя" ва "Рома"да кам ўйнаганди, шунингдек оёқ жароҳати ҳам катта муаммо эди. У мавсумнинг иккинчи қисмида 3та гол ва 3та ассист қайд этган ҳолда "Кальяри" лигада қолишида жуда муҳим роль ўйнади. Умуман олганда бу ўйинчи учун муваффақиятли мавсум деб ўйлайман.

— Унинг заиф ва кучли томонлари ҳақида нима дея оласиз?

— Шубҳасиз, унинг кучи тўпсиз катта иш кўламини бажаришидадир. У тўп билан ҳам яхши ўйнайди, аммо унинг босим уюштириши ва курашиши ажойиб. Шунингдек, у тўпсиз ҳаракат қилганда шериклари учун вазиятлар яратади. Салбий жиҳатларига келсак, унга ностабил жисмоний формасини киритган бўлардим. У йиғилиб қолган жароҳатлар сабаб бутун ўйинда туриб бера олиши қийин.

— Нима деб ўйлайсиз, у "Кальяри"да қолиши мумкинми?

— Унинг келаси мавсумни "Кальяри"да ўтказишига ишончим комил эмас. Клубда харид қилиш ҳуқуқи бор, аммо 9 миллион евро эвазига. Клубда бундай пуллар бор дея олмайман. "Кальяри" "Рома" билан янги ижара ёки харид қилиш нархини туширишга уриниб кўриши мумкин. Гап Элдорнинг сифатида эмас, клубнинг молиявий ҳолатида, — деди журналист.


Форвард ўтган мавсум "Кальяри" сафида барча мусобақаларда 23та ўйинда майдонга тушиб, 3та гол ва 3та ассист қайд этди.

Ўхшаш янгиликлар


AlisherМуаллиф
Манба: championat.asia