UZ

Сўнгги янгиликлар

21:49Исроилда футбол тарихидаги энг узун пенальтилар серияси қайд этилди  0 21:15Манба: Эрик тен Хаг Англия кубоги финалидаги сўнг МЮни тарк этади  5 20:43Неймар қачон сафга қайтади? "Ал Ҳилол" бош мураббийи жавоб берди  3 20:15ФИНАЛгача...  8 20:01Про лига. "Шўртан" "Хоразм"ни мағлуб этди, дарвозабондан ассист  7 19:33"Клуб ҳеч кимга керак эмаслигини кўриш мен учун оғриқли" — "Нефтчи" бош мураббийи  11 19:15"Sofascore"нинг АПЛ рамзий жамоасидан Холанд ва де Брюйне жой олмади  9 18:38"Сурхон" – "Насаф" беллашувида пенальти бормиди? "Сўғдиёна" ҳакамликдан азият чекдими? Суперлиганинг 8-турида реферилар қабул қилган баҳсли қарорлар таҳлили  8 18:18"Динамо" Махачқала Премьер лигага чиқди, РПЛдаги илк ўйинга Хабиб Нурмагомедов ва Хасбик таклиф қилинади  2 16:57Арда Туран билан муносабати, Париж Олимпиадаси ва кимлар ёрдам бергани — Жаҳонгир Ўрозовнинг Туркиядаги илк мавсуми қандай ўтди?  2 16:335та гол, 2та пенальти ва битта қизил карточка. Тошкент дербисидан ГАЛЕРЕЯ  0 16:15ЎзФҲМ: "Насаф" дарвозасига тоза пенальти қўйилмаган, "Олимпик"ка эса йўқ пенальти қўйилган, "Андижон" футболчиси 18-дақиқада қизил олиши керак эди  29 15:1320 ёшли ҳужумчи, 21 ёшли дарвозабон, 22 ёшли ҳимоячи ва 53 ёшли мураббий. Суперлигада 8-турнинг энг яхшилари   4 14:51"Навбаҳор" ва ОКМКдан 2, қолганлардан бир нафардан. Суперлига 8-тур рамзий терма жамоаси  2 13:32Ўз тарихида илк бор финалга чиққан "Аталанта" мағлубиятсиз одимлаётган "Байер"га қарши. Европа лигаси финали учун превью  5

Илк ўйинида уйига йиғлаб кетган, 15 ёшида терма жамоада дебют қилган ҳамда самолётда шуғулланган "Сурхон" тўпурари билан яқиндан танишамиз Янгиликлар

Илк ўйинида уйига йиғлаб кетган, 15 ёшида терма жамоада дебют қилган ҳамда самолётда шуғулланган "Сурхон" тўпурари билан яқиндан танишамиз

Футболчи ҳаётига оид қизиқарли ҳикоядан баҳраманд бўлинг.

Сильванус Нимели 1998 йилнинг 4 сентябрида Либерия пойтахти Монровия шаҳрида туғилган. У илк сабоқларини маҳаллий "Монровия" жамоасидан олган. 

Том маънода айтадиган бўлсам, қадам боса бошлаганимдан бери футбол ўйнайман.

Сильвануснинг акаси Алекс ҳам футболчи эди, у 2008 йил "Манчестер Сити"га ўтди, бу оила учун жуда катта муваффақият эди. Тасаввур қилинг, кичик болакай кўча чангитиб тўп тепяпти, унинг акаси эса топ лигада ўйнайди. Алекс ҳатто Англия ёшлар терма жамоасида ўйнаган (дарҳақиқат, ҳозир термада ўйнаётган Киран Трипьер билан бирга). 2009 йилда Алекс Англия таркибида U-20 Жаҳон чемпионатида қатнашган ва гуруҳда Ўзбекистон U-20 термасига рақиблик қилган.

Катта Нимели ўша ўйинда гол урган ва ўйин 1:1 ҳисобида якун топиб, Англия плеф-оффга чиқа олмаганди. Ўша пайтда Ўзбекистон ёшлари таркибида Шерзод Аъзамов, Жасур Ҳасанов, Санъат Шихов каби футболчилар тўп тепган.

Акам ҳамиша менга ўрнак бўлган. У таътил вақти уйга келганда, унинг машғулотлари, футбол ва ундан ташқаридаги воқеаларни тинглардим. Бу ҳаётимдаги энг муҳим суҳбатлардан эди.

Акаси туфайли Нимелилар оиласини барча таниб олди. Бир куни Алекс таътилдан ватанига қайтганида, уни мамлакат президенти кечки овқатга таклиф қилди. 

Бу ажойиб лаҳза эди, бундан ғурурландик. Лекин акам ўшанда менга нима деганини биласизми? "Сен мендан-да кучлироқ бўласан".

Либерияда футбол мактаблари йўқ. Мен кўча-куйда, кейин эса мактаб жамоаси сафида ҳаракат қилардим. Биринчи клубим — "Монровия" мураббийи 14 ёшимда мактаблар лигаси ўйинига ташриф буюрди. Ўйинларимни кўргач, "Аканг сингари футболчи бўлишни хоҳлайсанми?" деб сўради. Албатта, буни истардим. Мураббий уйга келиб, ота-онам билан суҳбатлашди. Отам ўзида йўқ хурсанд эди, онамнинг эса, аксинча, жаҳли чиқди. У мени койиди: "Битта оилага битта футболчи етади, оёқларингга қара!"

Уйга тиззаларим шилиниб, қонталаш бўлиб қайтардим. Чунки ерда, асфалтда, тош ва қумлоқ ерда оёқяланг тўп тепардик. Онам эса аҳволимни кўриб, йиғларди. 

Отам учун футбол орзу эди. У "Челси"га мухлислик қиларди. Падари бузрукворим кичкиналигимда стадионга олиб борарди. Онам гоҳида кўзёш тўкканда, у мени оқларди: "Ҳаммаси жойида, қара, ўғлингни жароҳати тузалиб кетди, ҳеч қаерда қон йўқ!" Кейин менга қараб, секин эшикка қараб ишора қиларди — футболга югур, мен онангни чалғитиб тураман. Дадам майдон ёнида соатлаб турарди, хоҳ ёмғир, хоҳ қуёш бўлсин, бизнинг хатти-ҳаракатларимизни кузатиб турарди. Ўйин тугагач, ҳамма унинг олдига югурарди, чунки у ўзи билан сув олиб келарди. Уйга қайтишда эса ўйинимни муҳокама қилардик. Отам шундай дерди: "Сен ҳали машҳур футболчи бўласан, сени телевизорларда кўрсатишади, газеталарда ёзишади. Ўша йил, мени терма жамоага чақиришиб, кейин Чехияга таклиф қилишган пайтларда отам вафот этди. Бундай бўлишини кутмагандим, лекин у барчасини юқоридан кузатиб туришига ишонаман. У мен билан фахрланарди.

"Монровия"да энг кичиклардан эдим, илк машғулотимда тўп билан кўпроқ ўйнашга ҳаракат қилдим, аммо баҳайбат йигит подкат ташлади ва кегли спорт туридаги сингари анча нарига суриб юборди. Мулзам бўлдим, кейин йиғлаб машғулотни тарк этдим. Мураббий мени четга чақириб, "Агар йиғлайверсанг, жамоадан ҳайдаласан", деди. Эртасига қайтиб келдим. Жамоада Фрэнсис Сарпло мураббийлик қиларди. У кенг юракли ва керакли жойда керакли сўзларни айта оладиган одам эди. "Монровия"да ҳеч ким маош олмасди, биз футболни яхши кўрганимиз учун ўйнардик. Футбол эса кўп эшикларни очишини ҳис қилардик. 

Ёш иқтидор эгаси 15 ёшидаёқ миллий терма жамоаси сафида дебют қилган.

15 ёш-у 3 кунлигимда Либерия терма жамоасида дебют қилганман. Бу кунни ҳеч қачон эсдан чиқармайман. Биз Анголага қарши ўйнадик, ушбу баҳсда ҳатто голли узатма амалга оширдим, аммо мағлубиятга учрадик. Орадан кўп вақт ўтмай, акам Европага кетишим кераклигини айтди. Бу ҳаётимдаги энг яхши ҳафта эди. Кейин Гана орқали Чехияга йўл олдим.

Кейинчалик 16 ёшли йигитча акаси ёрдамида Чехияга йўл олади ва "Карвина" жамоаси билан шартнома имзолайди. Аммо 18 ёшга тулгунга қадар клубнинг ёшлар жамоасида тўп тепади.

16 ёшда Чехияга кўчиб ўтиш қийин эди. Аммо енгиш керак бўлган барча машаққатни енгиб ўтдим. Кейин қўрқув ўрнини завқ олиш ва қизиқиш эгаллади. Мен ўзимга-ўзим айтардим: "Йигитча, ҳали роҳат оладиган пайтинг келади, лекин ҳозир ишлашинг керак. 

2017 йил ҳужумчи Россиянинг "Спартак" клубига ўтади ва "Спартак-2" жамоасида карьерасини давом эттиради.

"Спартак"га ўтганимда, Либериядагилар мендан кўра кўпроқ хавотирда эди. Ҳатто янгиликларда "Нимели Россияга кетди! Нимели катта клубда!" дея бонг уришарди. Россия ҳудуди ақлбовар қилмас даражада улкан эди, биз кеча-ю кундуз самолётда учиб, мамлакатнинг бир чеккасидан бошқа чеккасига саёҳат қилардик. Унда қачон ва қаерда шуғулланардинглар дейсизми? Самолётда шуғулланардик (кулади).

2018/19 йилги мавсум Сильванус Россия Биринчи лигаси (ФНЛ)да энг яхши легионер деб топилган. Шунга қарамай, Нимели асосий жамоа сафида атиги бир ўйинда — "Рубин"га қарши майдонга тушган ва 33 дақиқа ҳаракат қилган. 2017 йил у "Спартак" билан Россия Суперкубогида зафар қучган. 

Нега менга имкон берилмади? Чунки мураббийлар штаби ўзгарди, улар ўз футболчиларини таркибга киритишиб, мени четга чиқаришди. Россияда муаммолардан қочишга ҳаракат қилдим. Сайрга чиқсам, ўзимни одатдагидек тутдим. Фақат бир марта ирқчиликка ўхшаш ҳолатга дуч келганман. "Енисей"га қарши баҳсда гол уриб, рақиб мухлислари томон югурдим. Улар маймун овозида тақлид кўрсатишди. Бунга жавобан шунчаки кулиб, қарсак чалдим. Кейин улар мени олқишлашди.

Нимели қайси футболчиларга мухлислик қилади?

Миллатимиз кумири Жорж Веанинг қандай футбол ўйнаганини жонли кўролмаганим ачинарли. Дадам у ҳақда кўп гапирарди, мен унинг ўйинлари ёзилган видеоларни томоша қилардим, барибир нимадир етишмасди... Футболчининг буюклигини ҳис қилиш учун уни ўз кўзларинг билан кўришинг керак. Албатта, Жорж Веанинг ўйинларига ҳавас қиламан. Лекин ҳеч кимни ўз кумирим деб ҳисобламайман. Ҳатто Роналду ва Мессини бирдай кўраман. Биттасини танламайман. Дўстларим айтишади: аҳмоқмисан, қандай қилиб иккаласини ҳам яхши кўриш мумкин? Аммо баҳслашув бошланиши билан шиппагимни ечаман. Шиппак ечиш маъносини биласизми? Бу либерияликларга хос фишка. Агар сиз баҳслашув ёки жанжалда иштирок этишни истамасангиз, унда уларни ечасиз ва бошингиз узра кўтарасиз, бу — мен ўйиндан чиқдим, болалар, дегани. Роналду ва Месси ҳақида баҳс бошланиши билан мен ҳам шиппакларимни ечаман.

Уруш

Баъзи мавзулар борки, улар тўғрисида баҳслашишини ёқтирмайман. Улардан бири — сиёсат. Ҳозир Либерия тинч, лекин болалигимда мамлакатда фуқаролар уруши юз берган, тўқнашувлар нақ пойтахтда содир бўлган. Холамнинг эри уйида ўлдириб кетилган. Номаълум кимсалар унинг уйига бостириб кириб, пулларини олишга ва уни шунчаки отиб ташлашган. Бу воқеа содир бўлганда мен уч-тўрт ёшда эдим. Ўшандаги дафн маросими, қабр, онамнинг кўзёшлари ёдимдан чиқмайди.

Қўшнимизнинг уйига снаряд келиб тушди. Осколкалар унинг хотини ва икки ўғлини ўлдирди. Уруш бизга ҳаётни қадрлашни, бир-биримизга ғамхўрлик қилишни ўргатди. Шу боис замонавий Либерияни тинч ва хавфсиз маскан деб биламан. Одамлар бу даҳшатнинг такрорланишига йўл қўймайди. Ўлим ҳамиша мавжуд бўлса, унга нега ёрдам бериш керак?

Дўстимдан айрилганимда 8 ёшда эдим. Беш болакай ота-онамизнинг огоҳлантирмасдан чўмилиш учун океанга бордик. Тўлқинлар унчалик юқори эмасди, аммо бир дўстимни оқим ўз домига тортиб кетди. Биз қотиб қолдик ва унинг чўкиб кетишини шунчаки кузата олдик. Ахир биз болалар уни қандай қутқарардик? Яқин атрофда катталар йўқ эди, у ер қумлоқ пляж эди. Кўз ўнгимизда бир дўстимизни сув ўз домига тортарди. Ўша кундан бери на океан, на денгизга тушганман. Ҳозир фақат бассейнда сузаман. 

Онам қаттиққўл эди. У ҳеч биримизнинг мактабдан қолишимизга рухсат бермасди. Шу туфайли нималарнидир ўргандик. Биз оилада беш фарзандмиз: уч ўғил, икки қиз. Мен кенжатойман. Таътил вақти барчамиз уйга йиғиламиз — қандай бахт! Ўшанда оила даврасида бирга овқатланамиз, суҳбатлашамиз, кино томоша қиламиз. Мана бахт!

Уйга борганимда, онамнинг биринчи қиладиган иши сумкаларимни олиб, ўзининг хонасига бекитиб қўйиш бўлади. У уйда қолишим ва ҳеч қаерга чиқмаслигимни айтади. Албатта, бир неча кундан сўнг ташқарига чиқиб, дўстларим билан учрашаман, лекин дастлабки кунларимни онамга бағишлайман. Сиз уни кўрсангиз эди! У жуда матонатли аёл. Онам мен учун қайғураётганини тушунаман. У бирор кор-ҳол содир бўлишидан қўрқади. 

Эбола

Либерияни тарк этганимдан кўп ўтмай, мамлакатга Эбола вируси кириб келди. Афсуски, у кўп одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Унинг ёқумли ёки ёқумли эмаслигини ҳеч ким билмасди. Мен биринчи бор таътил учун уйга қайтганимда, дўстларим билан кўришиш-кўришмасликни билмай қолдим. Чунки у танадан танага ўтиши мумкин. Бугун ўзингизни яхши қилсангиз, эртасига касалхонада бўлишингиз мумкин. Бу даҳшат! Яқин дўстимни анча вақтдан бери энди учратаман-у, уни бағримга боса олмайман. Онам билан кўча кезарканмиз, у уйларни кўрсатиб борарди — бу ерда уч киши вафот этди, бу ерда — икки нафар, бу ерда эса бутун оила... Ҳа, онам нега бизни уйда ўтиришимизни хоҳлаётганини англаб турардим.

2021 йил футболчи Хорватиянинг "Горица" клубига келиб қўшилган. 

Хорватияга келишим арафасида ватандошларим бу ерни Лука Модричнинг ватани, дея ҳайрат билан таърифлашди. Бошқалар эса аёл киши президент бўлган мамлакат, дея эътироф этишди. Модричдан ташқари Манжукичнинг ўйинларини ёқтираман.

Беш ой ичида атиги 11 ўйинда майдонга тушиб, мамлакат кубоги чорак финали доирасида "Хайдук" дарвозасига гол урган форвард Финляндияга йўл олиб, ярим мавсум "Ильвес" шарафини ҳимоя қилган. Сўнгра яна Хорватияга қайтиб, "Солин" билан шартнома имзолаган.

Жорий мавсум аввалида Нимели "Сурхон" таркибига келиб қўшилди. 24 ёшли ҳужумчи жамоага тезда киришиб кетиб, бирин-кетин голлар урмоқда, жумладан, охирги тур "Турон"га қарши ғалаба тўпини киритди. Сильванус айни дамда 8 та гол билан Суперлига тўпурарлари қаторида бормоқда.

Нимелининг севимли позицияси ва рақами

Менинг севимли позициям — "тўққизлик", кўпинча шу нуқтада ўйнаганман, терма жамоада эса қанотда ҳаракат қиламан. Ҳамиша марказий ҳужумчи бўлишни орзу қилганман. Мен 9-рақамли либос кийишни хоҳлайман.

Сильванус бўш вақтини қандай ўтказади?

Одатда, йилига бир ёки икки марта уйга бораман. Ота-онам мени соғинишади, лекин бу профессионал футболчининг ҳаёти. Онам телефон орқали гаплашганимизда ҳамиша кийимларингни тоза тутяпсанми, яхши овқатланяпсанми, деб сўрайди. Бўш вақтимда, асосан, оилам билан видеоқўнғироқда гаплашаман. Мен кўпроқ ёлғиз қолишни яхши кўрадиган йигитман.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг: +14   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика