

"Aftab News" хабар беришича, трансфер воситачилари Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев ва ироқлик ярим ҳимоячи Башар Ресан иштирокидаги алмашинувни амалга ошириш имкониятини ўрганмоқда.
Таклифга кўра, Сергеев "Персеполис"дан "Пахтакор"га қайтиши, Ресан эса Тошкент клубини тарк этиб, Эрон жамоаси сафига қўшилиши мумкин.
Қизиғи, ҳар икки футболчи ҳам аввал ўзлари қайтиши мумкин бўлган клубларда тўп тепган. Сергеев "Пахтакор"нинг собиқ ҳужумчиси ҳисобланса, Ресан бир неча мавсум давомида "Персеполис" шарафини ҳимоя қилган.
Манбага кўра, айни пайтда агентлар икки клуб ўртасида келишувга эришиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қилмоқда.
Бироқ клублар ўртасида расмий музокаралар бошлангани ёки футболчилар алмашинуви бўйича келишувга эришилгани ҳақида маълумот йўқ.
"Пахтакор" раҳбарияти сўнгги бир ой давомида Сергеевнинг трансфери юзасидан "Персеполис" мутасаддилари билан музокаралар ўтказган. Тошкент клуби футболчини сотиб олиш учун маблағ ажратишга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, "Пахтакор" бош мураббийи Камолиддин Тожиев август ойида ҳам Сергеевни қайтариш учун музокаралар ўтказилганини тасдиқлаган эди. Бироқ ўшанда "Персеполис" ҳужумчини қўйиб юборишни истамаган.



