

27 ноябрь куни Туркия Суперлигасининг 13-туридан ўрин олган “Ризеспор” – “Касимпаша” учрашуви мезбонларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўзбекистонлик футболчи баҳсни захира ўриндиғида ўтказди.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Ризеспор” бош мураббийи Режеп Учар Алиқуловнинг сафга қайтганидан хурсанд эканини билдирди.
“Алиқулов 11 ойдан кейин илк бор захира ўриндиғидан жой олди. Унинг биз билан бирга экани бизни хурсанд қилди”, – деди Учар.
Эслатиб ўтамиз, Ҳусниддин Алиқулов 2026 йил 19 январь куни “Гёзтепе”га қарши учрашувда оғир жароҳат олган эди. Тиббий текширувлар натижасида унинг чап тиззасида олдинги хочсимон пай ва менисклар йиртилгани, шунингдек, тизза қопқоғи ва уни ушлаб турувчи пай шикастлангани аниқланган.
Ўшанда “Ризеспор” футболчининг тикланиши учун 6–9 ой вақт керак бўлишини маълум қилган эди.
Туркия клуби жароҳатидан кейин ҳам ўзбекистонлик ҳимоячига ишонч билдириб, унинг шартномасини 2026/27 йилги мавсум якунига қадар узайтирган.
Алиқуловнинг захира ўриндиғига қайтиши унинг тикланиш жараёнидаги муҳим қадам бўлди. Бироқ футболчи ҳали расмий учрашувда майдонга тушгани йўқ.



