

- Фарҳод, "Сурхон"га қарши баҳс (0:0) ҳақида нима дея оласиз?
- "Сурхон" билан ўйинга келадиган бўлсак, ўйин оғир ўтишини билардик. Шунга қараб тайёргарлик кўргандик. Афсуски, дуранг бўлиб қолди. Ўзимизнинг вазиятлардан фойдаланганимизда, ғалаба қозонишимиз мумкин эди. "Сурхон" ҳам яхши жамоа, ҳозирда яхши жамоавий ўйин кўрсатиб келмоқда.
- Умуман мавсум сиз учун қандай кечмоқда?
- Ушбу мавсумга келадиган бўлсак, мен учун осон кечмаяпти. Ҳар бир ўйинда рақиблар ҳам кутилганидан кўра кўпроқ муаммолар туғдирмоқда. Шунга қарамасдан, жамоадошларимиз билан бирга ўз мухлисларимиз учун ижобий натижа кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз.

- Сиз ва Никола Кумбурович Суперлигада барча ўйинда тўлиқ ўйнаяпсизлар. Узлуксиз ўйнаш қанчалик қийин?
- Албатта, қийин. Чунки ушбу мавсум тақвими ўта тиғиз бўлмоқда. Шунга қарамасдан, мураббийларимиз футболчиларни ўйинларга юқори спорт формасида тайёрлашмоқда. Қолаверса, жамоамиз мураббийлари мавсум давомида менга ишонч билдираётганлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Кўпчилик мухлислар сизни самарқандлик дейди. Шу ростми?
- Мухлислар тўғри айтишибди, мен асли Самарқандда туғилганман. Футболдаги илк сабоқларимни ҳам Самарқанднинг "Динамо" клубида олганман.
- SofaScore бўйича бу йил Суперлигада энг кўп 84 та сейв қилган дарвозабонсиз. Бу статистикани кўрдингизми?
- Ҳа, қайсидир маънода ҳайрон бўлдим. Лекин аслида шахсий статистикаларга эътибор қаратмайман. Ҳар бир беллашувда мураббийларимнинг ишончини оқлашга қўлимдан келганича ҳаракат қиляпман.
- Дарвоза устуни ва тўсини дарвозабонларга "дўст"ми ёки "душман"?
- Қизиқ савол. Биласизми, қайсидир ўйинларда дарвоза тўсини ва устуни бизга қарши чиқиши мумкин, лекин, аксинча, кутилмаган вазиятларда бизга ёрдам бериши ҳам мумкин. Менинг фаолиятим давомида кўп бора устун ва тўсин билан "дўст" бўлиб қолганмиз, десак ҳам бўлади.

- Жаҳонда қайси дарвозабонга ҳавас қиласиз?
- Жаҳон футболида кўпроқ франциялик Уго Льориснинг ҳаракатларини кузатиб бораман. Қолаверса, Англиянинг "Арсенал" клуби посбони Давид Раяни ҳам.
- Нега айнан дарвозабонликни танлагансиз?
- Тасодифий воқеа туфайли. 2012 йил Фарғонада бўлиб ўтган мусобақага тайёргарлик вақтида мураббий дарвоза томон пенальти тепган ва мен уни қайтаргандим. Шундан кейин мураббий мени дарвозабонга айлантирган эди.



