

Эслатиб ўтамиз, Скотт 2015 йилдан 2025 йилга қадар Англия Премьер-лигаси ўйинларида фаолият юритган.
— Учрашувлар давомида қайси мураббий билан ишлаш энг қийин бўлган?
— Оддий жавоб — ютқазаётган пайтда ҳаммаси билан. Аммо тўғрисини айтсам, гапларим учун яна танқид остида қолишдан чўчияпман, бироқ бу Микель Артета. У билан қийин.
У доимий равишда барча чегаралардан чиқиб кетади. Кўпинча бунга қарши эмасман: у ўз жамоаси учун рақобат устунлигига эришишга ҳаракат қилади. Бу табиий ҳол, унинг ишининг бир қисми. Албатта, у бунга ҳақли, бизнинг вазифамиз эса қоидаларга риоя этилишини назорат қилишдир. Бироқ у ҳаётимизни ниҳоятда қийинлаштириб юборади.
У мунтазам равишда техник ҳудуд чегарасидан чиқиб кетади. Яқинда "Арсенал"нинг "Эвертон"га қарши ўйинида (2:0) уни кузатдим. "Эвертон" унинг томонидаги ён чизиқ яқинида тўпга эгалик қилган ҳар сафар Артета худди ўзи ҳам прессингга қўшилаётгандек — том маънода чизиқнинг ўзида турарди.
Тўртинчи ҳакам учун бу ҳақиқий даҳшатнинг ўзгинаси. Агар олдинга бир қадам ташлаб, бирор чора кўришга уринсанг, сени дарҳол майдакашлик ва тирноқ остидан кир қидиришда айблашади. Унга жуда кўп нарсага йўл қўйиб берилмоқда. Ҳакамлар қаттиққўлроқ бўлишлари шарт. Мен ўзим ҳам унга ўзини шундай тутишига рухсат берганлардан бири эдим, буни инкор этмайман.
Лекин у билан ишлаш жуда оғир эди. Фақат вақти-вақти билан муаммо туғдирадиган бошқа мураббийлардан фарқли ўлароқ, у билан доимий равишда, ниҳоятда қийин бўлган.
Шу билан бирга, унинг фонида қолганларни фариштадек кўрсатиш ҳам ярамайди. Баъзилар ўзларини жуда босиқ тутишарди. Масалан, Грэм Поттер: у сиз билан умуман мулоқотга киришмас, жуда хотиржам ва сокин эди. Аммо баъзан уни, аксинча, етарлича ҳиссиётли муносабат билдирмаётгани ва содир бўлаётган воқеаларга бефарқ эмаслигини кўрсатмаётгани учун танқид қилишарди. Шундай экан, кўриниб турибдики, мураббийларга ҳар қандай ҳолатда ҳам ёқиб бўлмайди, — деди Скотт.



