Абдуқодир Ҳусанов УЕФА Чемпионлар лигасидаги энг тезкор марказий ҳимоячи деб топилди

Оқил Абдубарноев
23 окт 2026, 14:40
CIES Football Observatory маркази томонидан эълон қилинган УЕФА Чемпионлар лигасида иштирок этаётган футболчиларнинг югуриш тезлигига оид янги тадқиқот натижаларига кўра, "Манчестер Сити" шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов ўз позициясида энг тезкор ўйинчига айланди.

Марказий ҳимоячилар ўртасидаги рейтингни бошқариб турган Ҳусановнинг максимал тезлиги соатига 35,8 километрни ташкил этди ва у бу борада "Тоттенхэм" вакили Микки ван де Венни ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

Марказ ҳисоботида бешта позиция бўйича энг юқори тезлик қайд этган топ-20 талик футболчилар рўйхати шакллантирилган. Қанот ҳимоячилари орасида ПСЖ вакиллари Ашраф Ҳакими (36,4 км/соат) ҳамда Нуну Мендеш, марказий ярим ҳимоячиларда Арчи Грей (34,8 км/соат), қанот ярим ҳимоячилари ва вингерлар орасида Энтони Гордон (37,9 км/соат), марказий ҳужумчилар ичида эса Килиан Мбаппе (35,7 км/соат) етакчилик қилмоқда.

Шунингдек, ҳисоботда ўйинчиларнинг тезлик тоифалари бўйича босиб ўтган масофаси тақсимоти ҳам келтирилган. Тадқиқотга киритилган 100 нафар футболчи орасида паст тезликда (соатига 7 километрдан кам) энг кўп масофа босиб ўтган ўйинчилар марказий ҳужумчилар бўлиб чиқди: Килиан Мбаппе (43,5 фоиз), Виктор Осимхен (41,9 фоиз) ва Луис Суарес (40,1 фоиз). Майдонда пиёда юриш ҳолати энг кам қайд этилган футболчилар эса марказий ярим ҳимоячилар – Ҳакон Эвжен (23,0 фоиз), Жоау Симоэш (24,1 фоиз) ва Лукас Бергвалл (25,2 фоиз) бўлди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: CIES Football Observatory

Сўнгги янгиликлар

Барча ›