Тимур Кападзе: "Ҳар доим ҳам чиройли ўйнай олмаймиз, аммо натижа жуда муҳим"

25 ноя 2026, 01:06
ОКМК ҳамда "Навбаҳор" ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги ярим финал баҳсидан (0:1) сўнг меҳмонлар устози Тимур Кападзе иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тимур Кападзе: “Бутун жамоани, келган мухлисларни табриклайман. Қийин учрашувда ғалабага эришдик. ОКМК осон жамоа эмас. Қисқа вақт ичида тайёргарлик кўрдик, чунки “Нефтчи” билан баҳс ҳам осон ўтгани йўқ. Кубок ўйинларининг даражаси бошқача бўлади, чунки бу битта учрашувдан иборат тўқнашув. Иккала жамоа ҳам яхши курашди, финалга чиққанимиздан хурсандман”.

- Биринчи бўлимдаги “Навбаҳор” билан иккинчи таймдаги “Навбаҳор”нинг фарқи бор эди. Иккинчи таймда жамоанинг жисмоний ҳолати панд бердими ёки ОКМК ўйинни кучайтирдими?
- Битта тўп фарқи туфайли ОКМК олдинга ўтди, вазиятлар ташкил қилишди. Биз яхши ҳимояландик, уларга имкон бермадик. Натижа учун ўйнадик. Четдан қараганда бошқача кўриниши мумкин, аммо ғалаба учун боримизни бердик. Хато қилишга ҳаққимиз йўқ эди. ОКМК яхши жамоа, ҳужумкор, исталган рақибга муаммо туғдира олади.

- Кўпчилик бу баҳсни финал олдидан финал деб номлашаётганди…
- Ярим финалда иштирок этган тўрттала жамоа ҳам бир-бирига муносиб деб биламан. Финал бу финал, у ерга етиб олиш учун ҳам катта куч кетади, лекин ҳал қилувчи баҳс ўзгача. Унга алоҳида тайёргарлик кўришимиз керак.

- Агар “Андижон” финалга чиқса бу сиз учун финал бўладими ёки реванш?
- Ўша баҳсда мен йўқ эдим. Ким урди? “Локомотив”? Финалда ким бўлишининг фарқи йўқ. Рақиб танлай олмаймиз. Тайёргарлик кўрамиз.

- “Навбаҳор” иккинчи бўлимда натижа учун ўйнаганини айтдингиз. Жамоа Суперлигада кумуш медаллари учун курашади, Кубок финалида ўйнайди. Кейинги учрашувларнинг барчаси финалдек. Жамоа натижа учун ҳаракат қилса “Навбаҳор” ўйинидаги жозибадорлик йўқолиб қолмайдими?
- Тўп бизда бўлса албатта яхшироқ ўйнашга ҳаракат қиламиз. Бугун “ставка” катта, босим бор эди. Ҳар доим ҳам чиройли ўйнай олмаймиз, аммо натижа жуда муҳим. Буни яхши ўйнаб ҳам, уни тескарисини қилиб ҳам уддалаш мумкин.

- Бугун Шоҳруҳ Абдураҳмонов кўринмади?
- “Нефтчи” билан ўйинда жароҳат олган экан. Бугун олдинги чизиқни кучайтириш учун “ресурс” йўқ эди. Ҳар бир жамоанинг ўзига ҳос муаммолари бор, бизда ҳам шундай. Ўйинлар кетма-кет ўтказиляпти, тирик жон, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Имкони борича ҳар бир футболчидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›