Тимур Кападзе “Қизилқум”га қарши ўйин, Бўриев трансфери ва терма жамоа мураббийи ҳақида гапирди

8 ноя 2026, 00:22
"Навбаҳор" бош мураббийи Тимур Кападзе Суперлига 27-тур доирасидаги "Қизилқум" (1:0)га қарши ўйиндан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди.

Энг аввало, бутун жамоани ғалаба билан табриклайман. Ташриф буюрган мухлисларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, учрашув қизиқарли кечди. Асосийси, ғалаба қозондик. Ўйинга жиддий ҳозирлик кўрган эдик. “Қизилқум”ни ўрганиб чиқиб, уларнинг кучли жамоа эканлигини билардик. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик ва ўйин учун тузган режамиз иш берди, деб ўйлайман. Албатта, кўпроқ гол урганимизда янада яхшироқ бўларди, аммо энг муҳими, ўйин тизими ҳам, майдондаги вазият ҳам тўлиқ назоратимизда бўлди. Муҳим уч очкони қўлга киритдик. Шу муносабат билан бутун жамоани ва мухлисларни табриклайман. Йигитлар ҳам мазмунли ўйин кўрсатишди. Шунингдек, “Қизилқум” жамоасига ҳам кейинги учрашувларда омад тилайман.

– Матбуот анжуманларидан бирида ОКМК ва “Андижон” вакилларига “Кубок финали” деган мазмунда савол берилганда, улар “яхши ният” дея жавоб қайтаришган эди. Сиз кубок ярим финали олдидан қандай яхши ниятлар қила оласиз?

– Албатта, энг асосий мақсадимиз – кубокни қўлга киритиш. Шунинг учун бизга кубок соҳиби бўлиш насиб қилишини тилаймиз. Ҳар бир жамоанинг ўз олдига қўйган мақсади бўлади. ОКМКда ҳам, “Андижон”да ҳам, бошқа жамоаларда ҳам имконият мавжуд. Шу сабабли олдиндан бир нима дейиш қийин, лекин, албатта, биз ҳам худди шундай ниятдамиз. Биз ҳар бир ўйинга жиддий муносабатда бўляпмиз ва пухта тайёргарлик кўряпмиз. Унгача ҳали ФИФА кунлари муносабати билан кичик танаффус бўлади. Ундан сўнг дастлаб “Нефтчи”га қарши, кейин эса ОКМКга қарши учрашувлар кутиб турибди. Насиб қилса, яхши тайёргарлик кўрамиз ва ўз мақсадимиз йўлида, албатта, ҳаракат қиламиз.

– Беш кундан сўнг бизнинг миллий терма жамоамиз ўртоқлик учрашувида энг кучли футболчилари билан таркибини кучайтираётган Россия терма жамоасини қабул қилади. Сизнингча, терма жамоамиз Россияга қарши қандай ўйин кўрсатади?

– Албатта, бу ўйин нафақат барчамиз учун қизиқарли бўлади, чунки Россия терма жамоаси билан анчадан бери ўйнамаганмиз. Ёшлар миқёсида тўқнаш келган бўлишимиз мумкин, аммо бу сафаргиси қизиқ кечиши шубҳасиз. Ўйлайманки, бизни яхши учрашув кутмоқда. Натижа масаласи қандай бўлишини вақт кўрсатади, лекин биз ўз майдонимизда ўйнаймиз ва ўйинимизни таққослаб кўриш имкониятимиз бор. Тўғри, Россия терма жамоаси ҳам юқори савияда, аммо уларнинг халқаро мусобақаларда иштирок эта олмаётганлиги ҳолати кайфиятига таъсир қилиши мумкин. Умуман олганда, бу учрашувнинг ўзига хос принципиал аҳамияти бор, чунки ҳамма барибир икки жамоани таққослаб кўради. Энг асосийси, жамоани яхши тайёрлай оладиган мураббий бор. Футболчилар соғ-саломат бўлиши муҳим. Ўз уйимизда ўйнаётганимиз сабабли, яхши ҳаракат қилиб, Россия терма жамоасини мағлуб этишимиз керак.

– Бугун ҳисоб 1:0 кўринишида бўлди. Барибир жамоа бироз қийналди, десак бўлади. Бу нима билан боғлиқ?

– Йўқ, албатта, “Қизилқум” жамоаси ҳимояда жуда ишончли ҳаракат қилди ва яхши тайёргарлик кўрганлиги билинди. Улар шундай ҳимояланаётган пайтда рақиб мудофаасини ёриб ўтиш ўзига яраша қийинчиликлар туғдирди, айниқса, биринчи бўлимда. Иккинчи бўлимда ҳисоб 1:0 кўринишига келганидан сўнг ўйинда бироз очиқлик пайдо бўлди. Унгача эса “Қизилқум” мудофаада тартибли ўйнади. Ҳар бир футболчида иштиёқ юқори эканлиги кўриниб турди. Рақиб биринчи бўлимда бешта ҳимоячи билан ҳаракат қилгани учун вазиятлар яратиш осон бўлмади, балки шунинг учун ҳам бизда кўп имкониятлар юзага келмагандир. Лекин ўйин тизими ҳам, тўп назорати ҳам тўлиқ бизда эди. Гол урдик ва хоҳласак, ҳисобни янада йириклаштириш имконимиз ҳам бор эди. Энг муҳими, бизга 3 очко керак эди ва “Қизилқум”га деярли ҳеч қандай имконият қолдирмасдан ғалаба қозондик.

– Абдурауф Бўриевни “Навбаҳор” билан боғлашяпти. Бу собиқ шогирдингизни жамоага олиб келиш бўйича ҳозирча миш-мишми ёки аниқ ҳаракатлар борми?

– Ҳозирча бир нима дейиш қийин. У “Пахтакор” футболчиси, лекин шартномаси якунига етаётганини биламиз. Қолаверса, Бўриев менинг қўл остимда етишиб чиққан ўйинчи, шу сабабли ўзаро алоқаларимиз жуда яхши.

Аммо ҳозирча уни жамоага олиб келиш ёки шунга ўхшаш масалалар расман муҳокама қилинмаган. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

– Сиз иштирок этаётган матбуот анжуманида миллий терма жамоа ҳақида ҳам қисқача савол берсам. Эшитган бўлсангиз, терма жамоа мураббийининг истеъфоси ҳақида гаплар тарқалди...

– Мен бу истеъфо ҳақида эшитмадим. Мураббийнинг бошқа жамоага кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни биз ҳам матбуотда ўқидик. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин эканини билмадим, лекин Ассоциация унинг жамоа билан шартномаси борлигини ва муддат кейинги Осиё кубогига қадар тузилганини таъкидлади. Бу мураббийнинг қолиш ёки кетмаслиги, шунингдек, унинг хоҳишига ва Федерациянинг қарорига боғлиқ масаладир. Биз турли гап-сўзларни ўқияпмиз, лекин аниғини билмаймиз. Агар бизнинг фикримизни сўрасангиз, терма жамоага фойдаси тегса, ким бўлишидан қатъи назар, ишлаши тарафдоримиз. Биз учун энг муҳими – миллий терма жамоанинг манфаати ва унинг юқори ўринларни эгаллашидир. Қайси мураббий ишлашидан қатъи назар, асосийси шу. Менимча, у ёмон мураббий эмас, терма жамоа учун яхши ҳаракат қилмоқда.

– “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи сифатида иш бошлаганингизга бир мавсум тўлмоқда. Келаси мавсумда ҳам “Навбаҳор”да қолиш истагингиз ва амбициянгиз борми? Агар сизга бошқа таклиф тушса, жавобингиз қандай бўлади? Шуни очиқлай оласизми?

– Албатта, бу борада ишлар олиб борилмоқда. Бошидаги ҳолат билан солиштирганда, жамоамиз анча ўзгарди ва ўзини тиклаб олди. Ўйинчиларнинг ўзига бўлган ишончи, майдондаги ҳаракатлари ва бир-бирини тушуниши борасида кўп ижобий ўзгаришлар бўлди. Ҳозирги кунда жамоамиз ҳар қандай рақиб билан муносиб ўйин кўрсата оладиган даражага чиқди. “Навбаҳор” олдига ҳар доим энг юқори мақсадлар қўйилган ва ҳозир ҳам шундай. Биз кубокда ҳам, чемпионатда ҳам охиригача курашамиз. Шунинг учун бу йил ҳам, келаси йил ҳам жамоа доимо юқори мақсадларни кўзлайди ва шу йўлда ҳаракат қилади.

1000168400.jpeg1000168584.jpeg

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia