Рашид Ғофуров: “Менинг ўрним кимларгадир керак бўлиб қолди”
04 may 2016 11:42
News
Рашид Ғофуров: “Менинг ўрним кимларгадир керак бўлиб қолди”
Дастлабки 6 та турдан кейин “Навбаҳор” 1 ғалаба, 1 дуранг ва 4 мағлубият қайд этган ҳолда 4 очко жамғарганди. Бу эса раҳбариятни қониқтирмади. Шу сабабли ўзи яқиндагина бош мураббийлик ишини бошлаган Рашид Абдулбековичга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Бунинг сабабларини атрофлича ўрганиш мақсадида Ғофуров билан суҳбатлашдик.
- Рашид Абдулбекович, истеъфоингизни қандай қабул қилдингиз?
- Буни тўғри қабул қилдим. Ҳа, бундай вазият барибир инсонга озгина бўлса ҳам алам қилар экан. Афсуски, ариза ёзишга мажбур бўлдим. Барибир ҳамма жойда ҳам натижа учун бош мураббий жавобгар бўлади. Лекин бизга дастлабки йилда жиддий вазифа қўйилмаслиги ҳақида айтилганди. Ҳали қандайдир вазифани бажара олмади деган ҳолатга ҳам етиб келмагандик. Биз ҳеч нимани йўқотмагандик ҳам. Аммо мураббийлик касби шунақа экан-да, нима ҳам дейман?! Жамоадагиларга омад тилаган ҳолда кетишга мажбур бўлдим.
- Ариза ёзишга мажбур бўлдингизми?
- Мажбур эмас! Лекин вазият шуни тақозо этди. Тўғриси, бир-иккита учрашувларда мазам қочиб қолди. Бундай ҳолатни кўтара олмас эканман.
- Демак, бу ердаги босимни кўтара олмагансиз, шунақами?
- Ҳа, бу нарса соғлиғимга ҳам тўғри келмас экан.
- Бўлиб ўтган ўйинлардан кейин воқеалар ривожининг мана шундай тус олишига тайёрмидингиз? Ёки ҳаммаси сиз учун кутилмаганда содир бўлдими?
- Рости, бунчалик тез рўй беради деб ўйламагандим. Биринчи давра тугаганидан сўнг ёки мавсум якунлангач, бундай вазият ҳақида ўйлаш мумкин бўларди. Ўшанда бу тушунарли бўларди. Аммо бу қадар тез содир бўлишини кутмагандим. Аммо биласизми, қачондир шу нарса юз беришини кўнглим сезиб юрганди. Бу ўйиндан кейин бўлмаса, кейинги учрашувдан сўнг истеъфога чиқишимни айтишарди.
- Истеъфога чиқишингиз ҳақида биринчи бўлиб кимдан эшитдингиз?
- Клубдан кетишим ҳақида умумий йиғилишда айтишди. Лекин ундан бир кун олдин кечаси Хайрулла Каримовдан эшитиб бўлгандим. Вилоят ҳокимлигида раҳбарият билан учрашув бўлиб ўтган ва ўшанда менинг кетишим масаласини ҳал қилишган. Шунинг учун эртанги йиғилишда менинг жамоадан кетишимни ва бунинг матбуотда эълон қилинишига тайёр эдим.
- Бу хабарни эшитганингизда сизга оғир ботмадими?
- Оғир ботмади десам ёлғон гапирган бўламан. Ёки ўзимни бу билан камтарона тутаётган бўлишим мумкин. Менимча, бу нарса ҳар бир инсонга оғир ботади. Лекин бундан бошқа чорамиз йўқ, қарорга бўйсунишга мажбурмиз. Клуб президенти қандай қарор қабул қилса, ўшани бажарамиз. Нимагаки, қарордан кейин орқага йўл бўлмайди.
- Илк бор бош мураббийлик ишини бошлагандингиз ва ҳали нисбатан ёш ҳам эдингиз. Боз устига сиз футбол қайнайдиган жойга келгандингиз. Балки бу борада бош мураббийликка ўтиб бироз шошилмадингизмикин?
- Мен ёш бўлиб ёш эмасман. 40 га кирдим ва ўзимни ёш мураббий деб ҳисобламайман. Клубга келишимдан аввал тажрибасизлигимни ҳисобга олиб ҳали бу ишга тайёр эмасдирман дея уларга айтгандим. Ўшанда ҳаммаси яхши бўлади, бир-икки йил клуб олдига мақсад қўйилмайди, қолаверса, биз ҳам ёрдам берамиз дейишганди. Лекин наманганлик мухлисларнинг талабчанлигини инобатга олиб, олдимизга мақсад қўйилмади дея хотиржам юра олмасдим. Шу боис ҳеч бўлмаганда ўтган йилги натижани яхшилашга киришгандик. Аммо бу вазифани бажариш қўлимиздан келмади дейишга асосим йўқ. Негаки, мавсум ҳали тугамаганди. 6 та турдан кейиноқ хулоса чиқариш бу эрта эди. Чунки ҳали очко олмаган ва очкоси бундан-да кам жамоалар ҳам бор эди. Афсуски, ҳеч нима йўқотилмаган вазиятда жамоадан кетдим. Барибир футболчиларга омад тилайман, уларга ишонаман. Қандай жамоа тузганимизни мавсум охирида исботлашади.
- Нима деб ўйлайсиз, бўлиб ўтган ишлар адолатдан бўлдими?
- Агар бу адолатдан десам кимларгадир қаттиқ тегиб кетади. Нима учун бундай бўлганини мухлислар вақти соати келганда тушуниб олишади. Ўша йиғилишнинг охирида менга сўз беришди. Ҳеч кимдан хафа эмаслигимни, раҳбариятнинг ҳар қандай қарорига бўйсунишимни айтдим. Агар жамоага менинг истеъфоим ёрдам берса, бу ишга тайёрман. Шунингдек, йиғилишда сўзимни охирида яна бир гапни айтдим: роппа-роса 10 йил олдин “Навбаҳор”дан худди шундай ҳолатда кетгандим. Бош мураббий Раҳим Қурбонмамедов эди ва қандайдир сабабларга кўра бизни ҳайдашган. Лекин йўлим очиқ бўлганлиги ва ҳақлигим сабабли кейинчалик “Қурувчи”да ўйнадим, ютуқларга эришдим. “Навбаҳор” билан эриша олмаган чемпионликка “Қурувчи” билан эришдим. Бир қатор ютуқларни қўлга киритдим. Энди бўлса орадан 10 йил ўтиб “Навбаҳор”га бош мураббий бўлдим ва тез орада худди шундай ҳолатда у ердан кетдим. Балки бу сафаргиси ҳам яхшиликка бўлса керак. Мураббий сифатида яна бошқа жамоаларда ижобий натижаларга эришиб, яна Наманганга қайтарман деб айтдим.
- Ҳали биринчи давранинг ярми ҳам ортда қолмаганди. Шундай экан, раҳбариятдан яна имконият беришларини сўрамадингизми?
- Йўқ. Нимагаки, мен ҳеч қачон сўраб ишлашни ўзимга эп кўрмайман. Бу ўйинни ютишим керак, акс ҳолда мени ҳайдаб юборади, деган хаёл билан иш бошламайман. Юрагингизнинг бир чеккасида менга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлган, деган ўй билан ишлашнинг мутлақо кераги йўқ. Лекин вилоят ҳокимига алоҳида миннатдорчилик билдираман. Биз учун катта шароитларни яратиб берди. Базамиз ажойиб ҳолатда таъмирланди. Яхши ишлашимиз учун барча нарса муҳайё этилди. Лекин мураббий сифатида ишимни охиригача етказа олмадим. Бироқ мен якунига олиб бора олмаган ишларни Александр Волков билан футболчилар охирига етказишади деган умиддаман. Аммо жамоамиз ичида кимларгадир менинг ўрним керак бўлиб қолди. Бу ўз-ўзидан содир бўлмаган. Мен бу нарсани яхши ҳис қилиб турибман. Бўлмаса, бунчалик эрта истеъфога чиқмасдим.
- Дарҳақиқат, “Навҳабор”ни тарк этишингизни кутмагандик. Чунки жамоанинг намойиш этаётган ўйини чакки эмасди...
- “Олмалиқ”қа қарши ўйинимизни бир қатор мутахассислар кўришди. Жумладан “Навбаҳор”нинг олдинги устози Бахтиёр Ашурматов ҳам. Ҳаммаси “Навбаҳор”нинг ўйини ҳақида яхши гапларни айтишди. Айниқса, иккинчи бўлимдаги ўйин эвазига минимум дуранг ёки ютишинглар керак эди, деган гапларни кўп таъкидлашди. Лекин натижа...
- Ўрнингиз кимгадир керак бўлиб қолганини ҳисобга олсак, балки жамоанинг ичида носоғлом муҳит юзага келгандир?!
- Футболчилар орасида ва мураббийлар штабида ҳеч қачон ички муҳит бузилмаган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Мен бунга аминман. Чунки мураббийлар штабини ҳам, футболчиларни ҳам ўзим йиққанман. Ишонган инсонларни жамоага жалб қилганмиз. Шу боис ҳар доим коллективга ҳурмат билан қарайман. Менинг ўрнимни эгаллаган Волков ҳам ўзини жуда ноқулай сезди. Чунки улар бизни сиз чақиргансиз, шундай экан, ўрнингизга қолиб ишлай олмаймиз дейишди. Уларга эса яхши жамоа тузганимизни энди менсиз ушбу ўйинчилар билан биргаликда исботлашинглар керак дедим. Лекин шуни аниқ биламанки, майдонга чиқадиган ўйинчилардан ҳамда мураббийлар штабидан ташқари менинг ўрним кимларгадир керак бўлиб қолди.
- “Навбаҳор”га бош мураббий этиб тайинланган пайтингизда ҳам сиз билан гаплашгандик. Ўшанда катта режалар тузаётганингизни гарчи ҳали мақсад қўйилмаган бўлса-да, жамоа билан биргаликда яхши натижалар кўрсатиш ҳаракатига тушиб қолгандинглар. Лекин ўша суҳбатимиздан орадан кўп ўтмасдан вазият тамоман ўзгариб кетди. Ваҳоланки, чемпионат бошланганига энди икки ой бўляпти...
- Агар менга имконият берилди десам, мутахассислар бу гапимга қарши чиқишади. Чунки ҳеч ким 5-6 та турни имконият деб ҳисоблашмайди. Мутахассислар бундай гапларни фақат ўзимгагина айтишлари мумкин. Тўғриси, ҳозир нима дейишга ҳам ҳайрон бўлиб қолдим. Ҳеч бўлмаган биринчи давра охирига қадар имконият берилганида нималарга қодирлигимизни ҳаминқадар кўрсата олган бўлардик. Лекин футболчилар менсиз ҳам ўз кучларини кўрсата олишларига ишонаман.
- 6 та ўйинда 1 ғалаба, 1 дуранг ва 4 та мағлубият қайд этилди. Айнан ушбу ўйинлар истеъфоингизга туртки бўлди. Ушбу учрашувлар ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Тан олиш керакки, “Локомотив” биздан бир бош устун жамоа. Иккинчи ўйинимизни Фарғонада ўтказдик. “Нефтчи”га қарши дерби эди. Қолаверса, улар ўз майдонидаги очилиш учрашувини ўтказишди. Ғалаба иккала жамоага ҳам зарур эди. Ўша ўйинда яхши ўйнадик ва ютишимиз мумкин эди. Афсуски, вазият биз ўйлагандек бўлиб чиқмади. Энг аламли беллашувни ўз майдонимизда “Сўғдиёна”га қарши ўтказдик. Иккала бўлимда ҳам кўплаб голли имкониятларни яратган бўлсак-да, бирорта ҳам гол ура олмадик. Кўпроқ шу ўйин таъсир кўрсатди. Агарда “Сўғдиёна”, “Машъал” ва “Олмалиқ”ни ютганимизда ҳозирги ҳолатимиз анча яхшиланган бўларди. Ҳозиргача ўтказган учрашувларимизда “Локомотив”дан ташқари қолганлари билан бемалол ўйнаб ғалаба қозонсак бўларди. Тан олишимиз керакки, меҳмонда иккита ўйинда ютишимиз керак эди. Барибир менинг ўрним бошқалар учун керак эди. Агар “Пахтакор”ни ютиб кейинги турда ютқазган тақдиримизда ҳам мени истаъфога чиқаришган бўларди. Олдимизда “Обод”га қарши ўйин турганди. Аммо ҳаммасини шу қадар тез бажаришдики, ўзим ҳам ҳайрон қолдим. “Обод”ни ютсак, менинг ишдан бўшашим яна секинлашиб қоларди, тушуняпсизми? Шу боис “Обод” жамоасини ютмасимиздан аввалроқ мени истеъфога чиқариб юборишди.
- Балки бу нарса уюштирилгандир-а?!
- Кўзим билан кўриб, қўлим билан ушламаганим учун бир нарса дея олмайман. Нима учун ишдан кетганимни, ким сабабчи бўлганини мен билмасам ҳам, мухлислар қачондир бунинг тагига етишади.
- Мағлубият мураббийники, ғалаба эса жамоаники дейишдаи. Табиийки, мағлубиятлар сони кўпроқ бўлгани учун сиз жавобгарсиз. Сизнингча, қаерда хатога йўл қўйдим деб ўйлайсиз?
- Хато деб тўғри айтяпсиз. Аммо айнан қаерда бундай йўл тутганимни эслай олмаяпман. Бироқ битта аниқ хатоим шундаки, ютадиган ўйинларимизда ғалаба қозона олмай қолдик. Очиғи, бундан бошқа хатони кўрмаяпман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мағлубиятга барибир бош мураббий жавоб беради. Шу сабабли ҳозирги ҳолатни ҳам тўғри қабул қилишга мажбурман. Кимларгадир ютқазган ўйинларимиз туртки берди.
- Таассуфки, мустақил равишдаги бош мураббийлик ишингиз узоққа чўзилмади. Бундай вазиятда ҳар кимга турлича таъсир қилади. Сизни мураббий сифатида ниҳолга ўхшатсак, бу ҳолат Рашид Ғофуровни “синдириб” қўймасмикин?
- Йўқ, ҳаёт давом этади. Насиб қилса мураббий сифатида бошқа жойда ҳам ишлашим мумкин. Ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ. Умуман, истеъфоимни ўта ёмон қабул қилганим ҳам йўқ. Биламан, шундай мураббийлар борки, уни ҳайдаб юборишса ҳам яна қайта ишга олишларини сўраб илтимос қилишади. Мен эса бундай мураббийлар тоифасига кирмайман. Таклиф қилишса бориб ишлайман, чақиришмаса шундоқ ҳам ишим етарли. Бўлиб ўтган ишлардан кейин карахт аҳволига тушиб қолмадим. Фақат бошида ярим, бир кунга ушбу вазиятдан чиқиб кетиш учун вақт керак холос.
- Сизни “Навбаҳор”га бош мураббий бўлганингизни мухлислар илиқ қарши олишганди. Энди эса кўча-куйда юрганда уларга нима дея оласиз?
- Бу саволингизга “Барселона” билан “Реал” ўртасидаги ўйинни мисол келтираман. Серхио Рамосга қизил карточка кўрсатилди, лекин жамоаси ютиб кетди. Ўйиндан кейин Рамоснинг айтган гаплари эътиборимни тортди. Агарда “Реал”нинг ютишини аввалроқ билганимда учрашувнинг 5-дақиқасидаёқ қизил карточка билан майдондан чиқиб кетган бўлардим деди. Агарда “Навбаҳор” яхши натижага эришиши аниқ бўлса, мен жамоа манфаати учун, 6-турдан кейин эмас, 2-турдан кейиноқ кетган бўлардим. Менсиз жамоа яхши натижаларга эришса бундан фақат хурсанд бўламан. Чунки бу мен йиққан жамоадир.
- Энди режаларингиз қандай?
- Икки ҳафтача даволанишни ўйлаб турибман.
ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
Comments