Осиё футболи. Эрон чемпионатида вазият жиддийлашмоқда
03 may 2019 12:04
News
Осиё футболи. Эрон чемпионатида вазият жиддийлашмоқда
Эрон Пролигаси (чемпионат шундай номланади) ҳозирги пайтга келиб жуда бошқача кўриниш олган. Деярли ҳар бир ўйин жанжалсиз ўтмаяпти. Айниқса мамлакатнинг икки "қария" жамоаси - "Персеполис" ва "Сепахон" ўртасидаги баҳсда юз берган можаро кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди.
Ўйинда мухлислар футболчиларни ҳақоратлашга, ҳатто бир-бирлари билан муштлашиб кетишгача боришди. Қолаверса "Сепахон" мухлислари ўриндиқларни синдириб ташлашди, ўриндиқ бўлакларини "Озоди" стадиони майдонига қараб отишди. Юзага келган жанжал натижасида 250 киши турли жароҳат билан касалхонага ётқизилди.
Шундай воқеа 19 апрель куни Табриздаги ўйинда ҳам кузатилди. "Тракторсози" - "Пайкан" ўртасидаги учрашув (0:1)дан сўнг мезбон жамоа мухлисларидан бири майдонга тушиб кетиб Масъуд Шожайининг юзига мушт туширганди. Эрон футбол федерацияси Тартиб-интизом қўмитаси тезкор йиғилиш ўтказиб вазиятни ўрганиб чиқди. Қўмита биринчи навбатда мухлислари жанжал чиқарган клубларни жаримага тортди.
Аммо жарима билан иш битадими-йўқми, бир нарса дейиш қийин. Қолаверса, мухлисларнинг кейинги ўйинларда жанжал чиқармаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Федерация клубларни ишқибозлар билан ишлашга чақирмоқда. Бошқалар эса тезроқ чемпионат ўз якунига етишини кутяпти.
Comments