Омаджон Тайлоқов: "Урганчда қийин ўйин бўлади"
21 apr 2016 14:50
News
Омаджон Тайлоқов: "Урганчда қийин ўйин бўлади"
Баҳсдан кейин яримҳимоячи фикрлари билан ўртоқлашди.
«Авваламбор, бугун ёмғирли ҳавога қарамай, стадионга келиб «Динамо»ни қўллаб-қувватлаб турган барча мухлисларимизга раҳмат деб, миннатдорчилик билдираман» - дея гап бошлади Омаджон Тайлоқов.
- Биринчи Лиганинг дастлабки икки турида сафарда очко йўқотганлигимиз боис, уйимиздаги ҳар икки ўйин «Норин» ва «УзДонгЖу» жамоаларини мағлуб этишимиз шарт эди. Бу вазифани уддалаганимиздан хурсандман. Ҳар икки ўйинда ҳам мураббийларимиз кўрсатмасини тўғри бажаришга интилдик ва ғалаба қозондик. Илҳом ака Шарипов имконқадар ҳужумкор тўп суришимизни сўрайди ва сўнгги иккита ўйинда бу ўз самарасини берди. Тўғри, вазиятлардан тўлиқ фойдалана олмаётгандирмиз, аммо кейинги ўйинларда бу камчиликларимиз устида ҳам ишлаймиз.
- Ягона голингиз ғалаба келтиришини кутганмидингиз?
- Рақиб жамоа ҳимояда яхши ўйнади. Биз эса жуда кўп ҳужум қилдик. Омадимиз келиб, вазиятлардан фойдаланганимизда ҳисоб янада йирик кўриниш олиши мумкин эди. Голим ғалаба келтирганидан жуда хурсандман.
- Кейинги ўйинда «Динамо» Урганчга сафар қилади. «Хоразм» жамоаси эса сизга бегона эмас…
- Чиндан ҳам Урганчда қийин ўйин бўлади. «Хоразм»да тўп сурганман. Ушбу жамоанинг таркиби бир неча йиллардан буён деярли ўзгармаган. Шу боис, «Хоразм» футболчилари бир-бирларини майдонда яхши тушунишади. «Орол» жамоаси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Умуман олганда, «Хоразм» ва «Орол» майдонларида ҳеч кимга осон бўлмайди. Ўйлайманки, яхши тайёргарлик кўриб, сафардаги икки учрашувдан ҳам ғалаба билан қайта оламиз.
«Динамо» Матбуот хизмати.
Comments