Миржалол Қосимов фактори
13 feb 2019 19:11
News
Миржалол Қосимов фактори
Тезкор гол, ҳужумкор ўйин, тезлик, юқори темп, принципиал қарама-қаршилик, тортишув, голлар-шоуси ва якунда ажойиб "камбэк".
АГМК шу куни Миржалол Қосимов айтганидек, аввалига ўзига-ўзи муаммо яратди ва кейинчалик уни қаҳрамонлардек ҳал этди.
Кечаги учрашув сценарийси қуйидагича кўриниш олди. Ўйинни тажовузкор руҳда бошлаган "Истиқлол" тезкор ҳужумга ўтди ва стандарт вазиятидан кейин юзага келган пала-партишликдан сўнг тўпни дарвозага жойлади. Қайд этиш керакки, мазкур гол урилган вазиятда Муҳаммаджон Рахимов ўйиндан ташқари ҳолатда тўпни қабул қилиб, кейинчалик гол муаллифига айланди. Аввалига қанот ҳаками бу вазиятни тўғри баҳолаб байроқчасини кўтардию, лекин қандайдир сониялар ичида негадир қарорини ўзгартирди.
АГМК жамоаси воқеалар ривожи бундай тус олишини кутмаган бўлиши мумкин, лекин футболчилар мазкур ҳолатда довдираб қолишмади ва режа бўйича ҳужумкорликни янада оширишди. Қосимов жамоаси тезкор голга тезда жавоб бериш мақсадида жуда рақиб жарима майдончаси олдида юқори ўйнади.
Стандарт вазиятларида пайтида одатда қанот ҳимоячилари марказда қолишади ва қолган барча футболчилари рақиб жарима майдончаси олдида жойлашишади. Аммо кечаги ўйинда АГМК ҳар бир стандарт вазият ёки бурчак зарбаси пайтида бутун жамоа бўлиб рақиб жарима майдончаси атрофида тўплангани, қанот ҳимоячилари марказда эмас, жарима майдончаси олдида "подбор"да тургани АГМК стандарт вазиятларида махсус тайёргарлик кўрганидан дарак.
Бу эса "Истиқлол"га қарши ҳужумга қочиш имкониятини кескин оширарди. Рақибда бундай вазиятлар юзага келди, бироқ АГМК мудофаа чизиғи барчасини ўз вақтида пайқаб, позицион жуда тартибли ўйнаганини эътироф этиш мумкин.
Чап қанот ҳимоячиси Сайдулло Раҳматовдан бошқа барча ҳимоячилар учун кечаги баҳс ОЧЛдаги илк ўйин эди. Лекин халқаро учрашув салобати уларни "босиб" қўймагани кеча кўринди. Тактик кўрсатмаларни яхши бажарган ҳимоячилар нафақат ҳимояланишда, балки ҳужум бошлашда ҳам фаол бўлишди.
Танаффусга қадар АГМК айнан олдиндан ишланган бурчак зарбасини режадагидек амалга оширди ва мувозанатни тиклади. Яна ўша Дилшод Жўраевнинг узоқ бурчакда пайт пойлаши ва тўп унга келиши самарали якунланди.
Иккинчи бўлим ҳам биринчиси каби бошланди. Яна ўша тажовузкор руҳда тушган "Истиқлол" ва яна стандарт вазияти. Бу сафар жамоа сардори Фатхулло Фатхуллоевнинг оширмасидан сўнг захирадан майдонга тушган ўзбекистонлик ҳимоячи Жалил Кимсанов боши билан дарвозани ишғол этди. Ўтказиб юборилган голлар дарҳақиқат Қосимов айтганидек, кўпроқ консентрация билан боғлиқ. Ҳар иккала тайм бошида АГМК рақибдан бундай тажовузкорликни кутмагани панд берди. "Истиқлол" эса айнан мазкур ҳолатни ҳисобга олиб рақибга кутилмаган юриш қилишга эришди. Бу режа эса ҳар иккала тайм бошида иш берди. Қосимов эса бунга тактик жавоб қайтарди. Биринчи бўлимда ўйин бошланиши билан ўйин режасини ўзгартирган Қосимов, иккинчи таймда тактик ўзгариш орқали учрашувга туб бурилиш ясашга эришди.
Захирадан майдонга туширилган ҒуломҲайдар Ғуломов ва Жасур Ҳакимов нафақат тактик схемани (4-3-3дан 4-4-2га алмашди), балки ўйин боришини ҳам ўзгартириб юборди. Айнан Ҳакимов АГМКни учрашувда илк бор ҳисобда олдинга олиб чиққан голни урди.
Учрашув давомида бир эмас, икки бор ҳисобда ортда қолган ва якунда ирода намойиш этиб, ажойиб "камбэк"ни амалга оширган АГМК учун бу ғалаба жуда муҳим. Биринчидан, жамоа ОЧЛ саралаш босқичининг кейинги раундига ўтди. Клуб ўз тарихидаги илк халқаро ўйинда ғалаба қозонди. ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш учун дастлабки қадамни қўйишга эришди. Янги шаклланаётган жамоа ўз тарихидаги янги саҳифаларни очишда давом этмоқда.
Кечаги кун қаҳрамони - Жасур Ҳасанов (4 голли узатма)
АГМК кеча турли хил сценарий остида ўтган баҳсда ўзини йўқотиб қўймади, керак пайтда бир жамоа бўлиб жипслаша олди. Характер кўрсатди. Жамоа менталитети ўзгараётганини, яъни ғолиблик руҳи пайдо бўлаётгани кўринди. Бу албатта яхши ҳолатлар. Миржалол Қосимов қисқа вақт ичида мавжуд футболчилардан тўпланган янги жамоани бирлаштира олаётганига гувоҳ бўлдик. Жамоа тактик тарафлама жуда пишиқ кўринди. Ҳужумдан ҳимояга қайтиш ёки аксинча, ҳимоядан ҳужумга ўтишни жамоа яхши уддалади. Баҳсни боришига қараб жамоанинг учрашувдаги мажбуриятлари ўзгариши умумий жамоавий ўйинни бузиб қўймагани қувонарли ҳолат. Муҳими, мураббийда жамоани қайси пайт қандай ўйната олиш тасаввури ва захира режалари мавжуд. ОЧЛда эса бу энг муҳим омил.
"Истиқлол" жамоасининг яхши ўйини ва баъзи пайтда АГМКнинг камчиликларини ҳам кўрсатиб бергани Қосимовга тегишли хулосаларни чиқариш учун кўмаклашиши аниқ. Биринчи навбатда консентрация. Кичик эътиборсизлик натижасида "Истиқлол" бундай вазиятдан икки бор фойдаланди. Кейинги рақиб янада жиддийроқ, вазни оғир жамоа. "Ал Насср" билан бўладиган баҳсда бундай эътиборсизликка йўл қўйиш жуда катта хато бўлади. Консентрацияни бир зумга бўлса ҳам йўқотмаслик асосий факторлардан бирига айланади. "Истиқлол" бундан фойдаланаётган бир пайтда, даражаси икки карра юқори бўлган "Ал Наср" буни кечириб ўтирмаслиги аниқ.
Шу ўринда АГМКнинг бўлажак рақиби Саудия Арабистонининг "Ал Насср" жамоаси ҳақида қисқа тўхталиб ўтамиз.
Жамоа кеча ОЧЛ АГМК билан бўладиган ўйин учун футболчилар рўйхатини тақдим этди. Унга кўра, ОЧЛга (3+1) қайси легионерларини рўйхатга киритгани маълум бўлди. "Ал Насср" осиёлик легионер лимитига асосий дарвозабони Брэд Жонс, бразилиялик ҳимоячи Майкон Роке, ярим ҳимоячи Жулиано ҳамда марокашлик ҳужумчи Абдулраззоқ Ҳамдаллаҳ қайдномага киритилган. Лимит туфайли Бруно Увини (Бразилия), Петрос (Бразилия), Аҳмад Муса (Нигерия) ва Нурдин Амрабат (Марокаш) каби легионерлар ОЧЛда ўйнай олишмайди. Бу эса АГМК учун бирмунча енгиллик тақдим этади. Чунки мазкур футболчилар жамоанинг асосий узаги саналади ва мураббий ОЧЛдаги лимит туфайли уларнинг хизматидан воз кечишга мажбур. Саудия Арабистони чемпионатида эса легионерлар лимити 8+1ни ташкил этади. Лимит туфайли легионерлар хизматидан воз кечилгани "Ал Насср"нинг жамоавий ўйин сифатига яхшигина путур етказиши мумкин. Лекин жамоанинг захирасидаги маҳаллий номлар - Яхё Ал Шеҳри, Саҳлави каби чемпионат ўйинларида захирада қолиб кетаётган футболчилар ҳам улардан қолишмайди.
Гарчи "Ал Насср" барча легионерлар хизматидан фойдалана олмасада, рўйхатдаги хорижлик футболчилар даражаси Осиё футболи учун топ даражага тенг. Дарҳақиқат, уларнинг легионер футболчиларининг сифати ниҳоятда юқори ва бир бош устун.
АГМК алоҳида эътиборни жамоанинг асосий тўпурари Абдулраззоқ Ҳамдаллаҳга қаратиши лозим бўлади. Мазкур ҳужумчи яримта вазиятдан гол уриш салоҳиятига эга футболчи. Тўпни ўзида яхши сақлайди, иккинчи қаватда бош билан ўйнаш бўйича кучли. Ҳамдаллаҳ АГМКнинг ҳимоя чизиғига ҳақиқий бош оғриқ бўлиши мумкин. Шунингдек, "Зенит"даги фаолияти орқали кўпчиликка яхши таниш бўлган Жулиано ҳам жамоанинг ҳужумини ташкил этишда жуда фаол ва хавфли.
Маълумот ўрнида: "Ал Насср" Саудия Арабистони чемпионатида 20-турдан сўнг 43 очко тўплаган ҳолда 2-ўринда кетмоқда.
АГМК "Истиқлол"дан нафақат футболимиздаги фарқ, балки чемпионат ҳали старт олмагани эътибори билан ҳам нисбатан тенг шароитда эди. "Ал Насср"га қарши ўйин эса барча тарафлама устунликни рақиб томонга оғдирмоқда. Жамоадаги номлар, "Ал Насср" айни қизиган чемпионатда ўйнаётгани, яъни ўйин амалиёти борасида ортиқча муаммо йўқ.
Буткул янгиланган АГМК эса кечагина илк расмий учрашувини ўтказди. Жамоа нафақат ўйин борасида тўлиқ шаклланиб улгурмаган, балки жисмоний жиҳатдан ҳам 100% тайёргарликка эга эмас. Спорт форма футболчиларга ўйиндан-ўйинга келадиган жараён.
АГМКнинг мазкур баҳсда ўзининг кучли тарафларидан наф чиқарадиган шароитда эмас. Шу боисдан ҳам мураббийлар бу баҳсга кўпроқ тактик жиҳатдан эътибор бериб, асосий урғуни рақибнинг кучли тарафларини зарарсизлантиришга қаратишлари талаб этилади. Иккинчи рақам остидаги тактик пухта ўйин орқали АГМК Саудия Арабистонидан керакли натижа билан қайтишига ишонч бериши мумкин. Миржалол Қосимов бундай қийин шароитда нима қилишни ва қандай режа асосида ўйнашни яхши билади.
Қарши ҳужум ва стандарт вазиятлари жуда ас қотадиган баҳсда АГМКнинг ҳақиқий етакчисига айланган Жасур Ҳасановнинг ўрни ҳам ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. ОЧЛдаги тажрибасига таяниб, мазкур ўйинда Акмал Шораҳмедовнинг ҳам хизматларига эҳтиёж сезилади, назаримда. Жасур Ҳакимов эса яна "жокер" ролида захирадан ўз пайтини кутгани маъқул. Ҳакимов бу ишни ўтган баҳсда қойилмақом даражада уддалай олди. Санъат Шихов эса янги шаклланаётган АГМК жамоасида ўз ўрнига эга эканлигини исботлади. Таянч нуқтасидаги Дилшод Жўраев гарданига табиийки энг машаққатли иш юкланади.
Тўғри, Саудия Арабистонидаги тўқнашувда фаворит номи аниқ. Лекин фаворитлар доим ҳам ғалаба қозонавермаслигини АГМК исботладиган потенциалга эгадек. Асосий фактор эса сиз тўғри пайқаган - Миржалол Қосимов.
АГМК йўлидан чиқаётган муаммоли рақиб "Ал Насср" тўсиғини ўз фойдасига ҳал этишига тилакдошмиз.
Шаҳбоз Беғамов - "Telegram" канал, "Instagram"
Comments