Кундалик: Таиланд нега ғалаба қозонгани, "CA"ни футбол жамоасига ўхшатган, Қосимовни "таниган" мухлис ва МТЖ машғулоти ҳақида
11 jan 2019 04:01
News
Кундалик: Таиланд нега ғалаба қозонгани, "CA"ни футбол жамоасига ўхшатган, Қосимовни "таниган" мухлис ва МТЖ машғулоти ҳақида
Уммонга қарши ўйиндан бир кун олдинги расмий тадбирлар ва ўйин куни Дубай-Шаржа йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб турдик. Ўтган икки кунда асосий иш жойимиз Шаржадаги медиа-марказда ўтди.
Кечадан бошлаб эса Дубайдаги "Ал Мактум" стадионига йўл олдик. Дастлаб медиа-марказда ишлаб, кейин мазкур стадионда ўтган Таиланд - Баҳрайн учрашувини томоша қилдик. Айтиш керакки, бу ўйинга журналистлар ташрифи у қадар юқори бўлмади. Стадионда ҳам аншлаг кузатилмади. Баҳрайндан 1000га яқин ишқибоз келган бўлса, Таиланддан нисбатан камроқ мухлислар келишди. Аммо мухлислик қилиш борасида таиландликлар сон эмас, балки сифат муҳимлигини исботлашди. Яъни "Ал Мактум" стадионидаги чиройли муҳитни шаклланишида айнан ғолиб жамоа ишқибозларининг фаоллиги катта роль ўйнади.
Ўйинга келадиган бўлсак, баҳс анча қувноқ тарзда ўтди. Баҳрайн биринчи турда мезбонлардан очко олгани тасодиф эмаслигини кўрсатишга уринган бўлса, Таиланд биринчи турдаги сенсация аламида ҳам ғалаба учун тиш-тирноғи билан курашди. Натижада мухлислар қувноқ ва томошабоп футбол гувоҳига айланишди. Бу баҳсда тактик қарама-қаршиликдан кўра футбол завқи биринчи ўринга чиқди. Тартиб ёки тактик интизом масаласидан анча йироқ бўлган жамоалар иштирокидаги баҳсла бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Майдон марказисиз ўтган беллашувда гоҳ бу жамоа, гоҳ у терма ҳужумга ўтди. Ўйин темпи эса ўртачадан юқорироқ бўлди. Бироқ яратилган қатор вазиятлардан фақатгина биттаси гол билан якунланди. Шу куни мураббийини истеъфога чиқарган ва ўтган турдаги сенсацион мағлубиятдан ғазабланган Таиланд юқори иштиёқ билан ўйнади. Ғалабани кўпроқ хоҳлади. Мураббий истеъфосидан кейин жамоадаги кўтаринки кайфият майдонда ҳам сезилиб турди. Айнан шу жиҳатлар таъсирида Таиланд Баҳрайндан устунлик қилди ва ҳақли ғалабага эришди.
Учрашув тугаши биланоқ биз ижодий гуруҳимиз билан "Ал Мактум" стадионидан "Рашид" ўйингоҳи тараф отландик. Чунки ўтган кунги Уммонга қарши ўйиндан сўнг терма жамоамиз ҳам Дубайга кўчган ва бу ердаги ўйиндан кейинги машғулотини ўтказиши режалаштирилганди. Дубайдаги энг қулай транспорт саналган метро орқали тезда кўзланган манзил тараф йўл олдик.
Ижодий гуруҳ катта эмасми, йўл-йўлакай турли ҳангома ҳамда ҳазиллар, маҳаллий аҳоли ва Дубайдаги сайёҳлар билан боғлиқ қизиқарли вазиятлар юзага келди. Эгнимиздаги "CA" логосини кимдир сайтлигини билган, тушунмаган инсонлар қайси компания ёки жамоа эканлигимизни сўраган, ҳамкасбимиз Толибжон Қосимовни таниқли футболчи деб ўйлаган мухлислар ҳам учради. Ҳазиллар, кулгу ва аъло кайфият билан "Рашид" стадионининг захира майдонига ҳам келдик. Келиш билан иш битмайди. Ҳали стадионга кириш, захира майдонлари ичидан Ўзбекистон терма жамоаси қаерда шуғулланаётганини топиш керак эди. Асосий майдонда Австралия терма жамоаси расмий машғулот ўтказаётганди. Бизнинг плей-оффдаги потенциал рақибимиз бўлиш эҳтимоли бор кенгуруларнинг машғулотига бироз кечикдик.
Нарироқдаги майдонда иккинчи турдаги рақибимиз, қўшниларимиз Туркманистон терма жамоаси биз билан ўйинга тараддудни бошлаб юборишганди. Уларнинг машғулот жараёни билан танишмоқчи бўлгандик. Лекин биринчидан вақт эътибори билан Ўзбекистон терма жамоаси машғулотига кеч қолардик. Иккинчидан Туркманистон деярли машғулотларини тугатаётганди. Шу боисдан ҳам асосий режадан четга чиқмадик. Сал кейинроқ эса севимли терма жамоамиз ҳам "Рашид" стадионининг захира майдонида машғулот ўтказиш учун ташриф буюрди. Аммо ўша майдонга кириб бориш, айланиб ўтиш ва бунга масъул бўлган ОФК ходимларини топиш муаммо туғдирди.
Узоқ изланиш ва айланма йўллар орқали ниҳоят терма жамоамиз машғулот майдонини "топдик". Топиш қанчалик осон бўлмаган бўлса, кириш ҳам шунга яқин муаммоларни тақдим этди. Стадион маъмурияти ва ОФК ходимлари ҳам ўртада мазкур масала бўйича баҳслашиб, тортишиб кетишди. Натижада бизга терма жамоамиз машғулот майдонини кўрсатишди ва кирғизишди. ОФК ходими мазкур тушунмовчилик учун узр сўраб, машғулот тугагач эртасига келишда бу каби муаммолар такрорланмаслигини таъкидлади.
Терма жамоамиз машғулоти ҳақида гапирадиган бўлсам, анчадан буён Ўзбекистон машғулотини жонли кузатмагандим. Охирги марта Тошкентда ўтказилган октябрь ойидаги йиғинда тўлиқ иштирок этгандик. Ўйиндан кейинги машғулот одатдагидек енгил юкламалар ва ўйинни бошланғич таркибда бошлаган футболчилар учун тикланиш жараёни билан ўтди.
Уммонга қарши баҳсда асосий таркиб ўйинчиларига айланган Нестеров, Шораҳмедов, Кримец, Исмоилов, Зотеев, Шукуров, Аҳмедов, Сидиқов, Машарипов, Рашидов ва Бикмаев енгил югуриш ҳамда чигалёзди машқлари билан банд бўлишди.
Қолган 12 нафар футболчи алоҳида дастур бўйича машғулотни тўлиқ ўташди. Машғулот сўнггида эса 12 нафардан иборат футболчилар олтига бўлинган ҳолда майдоннинг иккинчи қисмида футбол ўйнашди.
Биринчи жамоа шарафини Санжар Қувватов, Фарруҳ Сайфиев, Ислом Тўхтахўжаев, Икром Алибоев, Фозил Мусаев ва Элдор Шомуродов ҳимоя қилишди. Иккинчи жамоа таркиби қуйидагича кўриниш олди: Юсупов, Турсунов, Ҳошимов, Ҳамробеков ва Турғунбоев ва Ҳамдамов. Ўйин нисбатан анча жиддий ва якка-курашларга бой тарзда ўтди. Ҳеч бир жамоа енгилгиси келмай, тўқнашувларга бир-бирини аяб ўтирмади. Мазкур мини ўйинда чинакамига соғлом рақобат вужудга келиб, ҳеч ким таслим бўлишни истамади. Биринчи жамоа шарафини ҳимоя этган: Қувватов, Тўхтахўжаев, Сайфиев, Алибоев, Мусаев ва Шомуродов машғулотдаги рақибларига нисбатан катта устунлик билан ўйнашди. Жуда кўп голлар урилгани боис ҳисобда адашиб кеттик. Аммо ўйинда тажрибали футболчилар тўпланган жамоа ортиқча муаммоларга дуч келмади.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоасининг Уммонга қарши ўйиндан кейинги асосан тикланишга қаратилган машғулоти тугади. Футболчиларимиз машғулотларда кўп ҳам ҳазиллашмасдан анча жиддий ёндошувда шуғулланишганини таъкидлаш мумкин. Машғулот сўнггида эса Уммонга қарши ўйинда жамоамиз халоскорларига айланган Аҳмедов ва Шомуродов видео интервью беришди. Мазкур интервью ва терма жамоамизнинг голларига муаллифлик қилган футболчиларимизнинг фикрлари билан видео-кундалигимиз орқали танишиб оласиз.
Машғулот тугагач футболчилар билан бироз сўрашиб гаплашишга ҳам улгурдик. Шомуродов захирада қолганига майдонга тушиб қандай муносабат билдирганини кўрсатди. Бу гол Элдордан босимни олиб ташлаб, ўзига бўлган ишончни ортгани сабаб бўлганини тасдиқлади. Футболчиларимиз Уммонга қарши ўйиндаги ғалабадан эйфорияга берилишмаган. Улар қўшниларимиз бўлмиш Туркманистонга қарши ўзига хос дерби кутаётганини сезиб туришибди. Терма жамоамиз аъзолари мухлислардан ишонч ва қўллаб-қувватлашни кутаётганликларини билдириб, уларни хурсанд этиш истагида ёнаётганликларини таъкидлашди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Дубайдан Ўзбекистонга салом йўллашди ва келгуси учрашувларда мухлислар далдаси нечоғлик муҳимлигини англаб туришибди.
Муҳими, терма жамоамиз лагерида яхши кайфият ва ишга бўлган жиддий ёндошувни кузатишимиз мумкин. Яна муҳим ва асосий жиҳат, лазаретимиз бўш. Яъни жароҳатланганлар йўқ. Нестеровда ҳам барчаси жойида. Шунчаки кечаги баҳсда дарвозабонимиз рақиб зарбасини қайтаришда қўл панжасини қайириб олгани уни бироз безовта қилган. Ҳозир барчаси жойида. Эртага, янаям аниқроғи бугун Купер терма жамоамизни Туркманистонга қарши ўйинга тайёрлашни бошлайди.
Ўйиндан кейин ўша учрашувга оид таҳлил, камчиликлар юзасидан фикр алмашишлар бўлади. Аммо навбатдаги баҳс олдидан эса терма жамоамизни қўллашга, уларга далда беришга, салоҳиятимизга ишонишда давом этамиз. Мусобақани ғалаба билан бошладик. Туркманистонга қарши ўйинда ҳам бизни ғалаба қаноатлантиради. Нариги гуруҳда Иордания катта эҳтимол пешқадамликни деярли расмийлаштирган бўлса, бизнинг потенциал эҳтимолий рақибимиз Австралия бўлиши мумкин. Агарда гуруҳимизда "хўжайинчилик" қила олсак, яъни Японияни мағлуб этсаккина нимчорак финалда кенгурулардан қочишга эришамиз. Шу тарафлама бизни олдинда яна иккита финалга тенг ўйин кутмоқда.
"CA"даги футбол тили билан айтганда "опорник" - Жасур Асланов. Кўп кўринмайди, аммо катта ҳажмдаги ишни бажарувчи "футболчи"
"Dubai Mall"даги ажойиб ва тарихий экспонат: Месси, Гиггз, Коутиньо, Пеле, Кантона, Жеррад тўп тепган бутсалар. Энг қиммати Мессиники ва энг арзони Гиггз ҳамда Кантонаники. Нарх БАА пул бирлиги дирхамда кўрсатилган
Бугун эса ижодий гуруҳимиз билан иккига бўлинамиз. Бир гуруҳ вакилларимиз қўшниларимиз бўлмиш Қирғизистоннинг Жанубий Кореяга қарши ўйини бўладиган Ал Айн шаҳрига йўл олса, иккинчи гуруҳдаги таркиб эҳтимолий рақибимиз бўлиши мумкин бўлган Австралия учрашувини ўрганиш ва ёритиш учун боради. Фаластин - Австралия беллашувида шунингдек ҳамюртларимиз бўлмиш Коваленко ва Эрматов ишлайди.
Кун давомида олинган қизиқарли расмларни кўпи операторимиз Зоирнинг флешкасида. Ҳозир нариги номерда ётган операторимизни безовта қилмадим. айни манашу матн ёзилаётган пайтда Дубайда соат 03:50ни кўрсатмоқда. Зоир Турсунбоев ҳали ухлагани йўқкуя, лекин монтаж ишлари билан банд бўлган ходимни ишдан чалғитмасликни маъқул топдим. Аслида у расмларни чоп этиш ҳам ярамайди. Чунки турган битгани "папарацци" :-)
Ҳозирча шунақа гаплар. Эрталаб эътиборингизга ҳавола этиладиган видео-кундаликни ҳам томоша қилишни унутманг.
Шаҳбоз Беғамов
Дубай, 10-11 январга ўтар кечаси :-)
Comments