Latest news

00:50"Ливерпуль" Кьезани Чемпионлар Лигаси қайдномасига киритмагани маълум бўлди  1 00:32Элдор ва Аббос сафда, Кападзенинг кайфияти чоғ – миллий жамоа машғулотларидан ГАЛЕРЕЯ  6 00:10U-23 Осиё кубоги саралаши. Ўзбекистон жойлашган гуруҳнинг иккинчи баҳсида Қирғизистон Кими Меркнинг дубли эвазига Фаластинни енгди  2 23:50Португалия президенти марҳум Диогу Жотани орден билан тақдирлади  1 23:18"Пахтакор" 5 нафар тарбияланувчиси учун 432 миллион сўм олади  0 22:44Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ўртоқлик ўйинида Англияга ютқазди  9 22:25Антони "Бавария" таклифини рад этганини айтди. У "Бетис"га берган сўзида турган  2 21:55"Атлетик" ФИФА Лапортни рўйхатдан ўтказишни рад этганини тасдиқлади  1 21:36Ла Лигада ой мураббий бўлиш учун номзодлар номи эълон қилинди. Флик улар орасида йўқ  8 20:55Ла Лигада август ойининг энг яхши ўйинчиси бўлиш учун номзодлар номи эълон қилинди  3 20:25Равшан Ҳайдаров: "Бутун ўйин давомида устунликка эга бўлдик, тўпни назорат қилдик"  13 19:59A Bola: Лёвдан сўнг Бенту ҳам Ўзбекистонга "йўқ" деди  107 19:50Фарруҳ Сайфиев Туркманистон билан баҳсда дарвозабонга атайин жароҳат етказдими?  11 19:33Аббос Файзуллаев: "Туркияга мослашиш қийин бўлмади"  3 17:37Фермин ва Гави қизлар туфайли жанжаллашиб қолганми?  1

Бабаян кетгани билан ҳеч нарса ўзгармаса ҳам барибир кетгани маъқул (Мулоҳаза) News

Бабаян кетгани билан ҳеч нарса ўзгармаса ҳам барибир кетгани маъқул (Мулоҳаза)

Кеча бўлиб ўтган Эрон - Ўзбекистон ўйинини кўриб менда бир савол пайдо бўлди: терма жамоамизнинг бор ўйини шуми ёки бўлмаса футболчилар мураббийни кетказиш учун атайин шунақа ўйнашдими?

Агар биринчиси бўлса, демак мураббий айбдор, мабодо иккинчиси бўлса, бунда ҳам мураббий айбдор. Тўғрисини айтаман, Самвел Бабаян термага бош мураббий бўлганидан бери унинг қўл остида ҳали бирор марта маънили футбол кўрмадим. Худдики йигитлар 90 дақиқа югуриб беришса бўлгани. Агар 60 дақиқа югуриш керак бўлса 60, 120 дақиқа югуриб бериш керак бўлса яна шунча чопишади, бироқ барибир мазмун ва маъно кўринмайди.

Кечаги ўйинда бир жамоа ўйнади, иккинчиси рақибнинг яхши ўйнашига қарашиб юборди, холос. Тўғри, баъзи вазиятларда биз ҳам ёмон кўринмадик, лекин ўйиннинг умумий картинасини оладиган бўлсак, "оқлар" ўйнаган, "кўклар" кузатган бўлиб чиқади. Бу ўйинда кўрдикки, терма жамоада мураббий бўлмагунча ҳеч нарса қила олмас эканмиз.

Футбол - бу спорт, бунда ютмасанг ҳам ютиш учун курашишга мажбурсан. Ё охиригача ўйнайсан ёки футболни ташлайсан. Фақат иккита йўл қолади ва бирини танлашинг шарт. Мен мағлубиятдан хафа эмасман, мени кўпроқ нима учун курашмаганимиз ташвишга соляпти. Гўёки биз боксдагидек клинч ҳолатига тушдик ва рақиб у ёқдан бу ёқдан келиб дўппослайверди.

Саудия Арабистони сафарда Австралия билан ўйнаганида гарчи ютқазган бўлса-да охиригача курашди, ўйини яхши таассурот қолдирди. Лекин кеча биз шу ишни қила олмадик. Биз ўйнамасдан таслим бўлдик. Рақибга умуман босим қилмадик, дарвозага бирортаям тўғри зарба берилмади. Албатта, ўйин учун футболчилар жавобгар, лекин ўйин чиқмаса бунинг бош айбдори мураббий бўлади.

Самвел Бабаянни яхши ташкилотчи, кучли менежер сифатида ҳурмат қиламан, аммо мураббий сифатида ҳеч нарса қила олмаслигини ўзи ҳам яхши билса керак. Агар Бабаянни биров мажбурлаб ушлаб ўтирмаган бўлса, керак бўлса бугуноқ истеъфо бергани маъқул. Чунки у ававало ўзини қийнаяпти. Футболчилар унинг қўл остида ўйнагилари келмаяпти. Лекин Бабаян буни сезмаётган бўлса, демак айб ўзида.

Кечаги ўйиндаги кўплаб эпизодлар Бабаяннинг мураббий эмаслигини кўрсатиб берди. Масалан, жароҳат олган Андреев ўрнига захирадан Даврон Ҳошимовнинг туширилиши ва Шораҳмедовнинг чап қанотга ўтказилиши унинг биринчи хатоси бўлди. Ҳошимов тушгач футбол ўйнамади, мураббий унга нима кўрсатма берган билмадиг-у, аммо у рақиб футболчиларини "чопиш" билан машғул бўлди.



Хитой клубида деярли майдонга тушмаётган Егор Кримецнинг бошланғич таркибда тушириш Бабаяннинг иккинчи хатоси бўлди. Бу вазиятда ўйин амалиётига эга Мурод Холмуҳамедов ёки Отабек Шукуров варианти яхшироқ эди. Бабаяннинг учинчи хатоси туппа-тузук ўйнаб турган Абдухолиқовни захирага олиб, фойдаси тегмаётган Сергеевни ҳужум марказига ўтказиш бўлди. Қайтанга Темурхўжага охиригача имкон бериш керак эди.

Хуллас хатолар кўп бўлди. Аммо эндиликда буларни гапиришдан на фойда. Савол туғилади: нима учун футболчиларнинг Бабаян қўл остида ўйнагиси келмаяпти? Унинг машғулоти зерикарлими ёки тактикани тушунтириб бера олмаяптими? Терма жамоада мураббийлар кўп: Виктор Жалилов, Равшан Ҳайдаров, Григорий Колосовский, Анвар Рашидов, Деян Журжевич, наҳотки шунча одам нималар бўлаётганини кўрмаётган бўлса.

Олдимизда яна иккита учрашув қолди. Дастлаб Хитой меҳмони бўламиз, кейин уйда Жанубий Кореяни қабул қиламиз. Агар шу ўйинларда ҳам ҳозирги мураббийлар штаби қоладиган бўлса, яна ҳеч нарса ўзгармайди. Футболчилар кайфиятсиз 90 дақиқа югуриб беришда давом этаверишади. Аслида-ку, футболчиларимизнинг салоҳияти кечаги ўйин даражасидан анча кучли. Фақат бошқа мураббий билангина улар зўр ўйин кўрсата олишади.

Бабаян ва унинг ёрдамчиларидан илтимос, ўзингизни ҳам, футболчиларни ҳам, халқни ҳам қийнаманг. Кўриб турибсиз-у, токи сизлар бор экан улар бундан зўр ўйнаб беришмайди. Майли "Обод"га боринг (Бабаян иккинчи даврада "Обод"ни олармиш деган гап чиқди), ёшларни тарбияланг, фақат миллий терма жамоани ўз ҳолига қўйинг, илтимос. Майли Сиз кетганингиз билан ҳеч нарса ўзгармасин, лекин барибир шу ишни қилинг. Миллионлаб мухлислар Сиздан фақат шуни кутмоқда!

 

Rating: +173   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика