Отабек Нарзуллаев: "Энди Суперлигада қолиш учун курашмаймиз, кучли бешталик учун ҳаракат қиламиз"
05 dec 19:13
News
Отабек Нарзуллаев: "Энди Суперлигада қолиш учун курашмаймиз, кучли бешталик учун ҳаракат қиламиз"
Ўйиндан сўнг муборакликлар бош мураббийи Отабек Нарзуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрларингиз...
- Ҳиссиётларга бой ўйин кўрдик деб ўйлайман. Суперлигада қолиш учун охиригача кураш олиб бордик. Вазифа бажарилгани билан барча муборакликларни табриклайман. Энди бемалол таътилга чиқсак бўлади. Насиб қилса, келаси йил янада кучли бўлиб қайтамиз.

- "Машъал"нинг янги режалари ҳақида...
- Ҳозир таътилга чиқамиз. Тақдирим нима бўлишини билмайман, клуб раҳбарияти ҳал қилади. Агар қоладиган бўлсам, яна жон-жаҳд билан ишлашга тайёрман. Энди Суперлигада қолиш учун курашмаймиз, кучли бешталик учун ҳаракат қиламиз. Бу йил оғир мавсумни ўтказдик. Балки бюджетимиз бошқа жамоаларга нисбатан анча камдир, лекин ҳеч ким пулни ўйламади. Ҳамма ўз номи учун, клуб учун ҳаракат қилди. Футболчиларимиз характер кўрсата олишди.


- Йил бошидаги режалар қандай эди?
- Мен мавсумни U-21 жамоасида бошлаганман. Кейинроқ асосий таркибга ўтказишди. Барибир мақсад юқори бўлганидан хабарим бор. Ҳеч ким плей-оффда ўйнаймиз демайди. Энди бу футбол, пешонамизга шу ёзилган экан. Энг муҳими, "Машъал"ни Суперлигада сақлаб қолдик. Ҳаммаси ниятга ва мақсадга боғлиқ. Келаси йил ҳам яхши ният билан ишга киришамиз деб ўйлайман.
- "Машъал" бу йил Суперлигада энг кўп гол ўтказган жамоа бўлди. Агар жамоада қолсангиз, нималарни ўзгартирасиз?
- Ҳар бир мураббий мавжуд таркибдан келиб чиққан ҳолда яхши ўйин кўрсатсам дейди. Энди ўзгартираман десангиз иш кўп ва ҳар бирига тўхталиш учун кўп вақт керак бўлади. Қўл остимдаги жамоа ҳужумкор футбол кўрсатишини хоҳлайман.

- Жамоани ёшартириш бўйича қандай иш олиб борилади?
- Ҳар бир футболчини сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир чизиққа икки нафардан футболчи йиғмоқчимиз. Албатта, ёшларга алоҳида эътибор бўлади. Фақат ҳозирдан мен таркибимиз шунақа кўринишда бўлади деб айта олмайман. Чунки мавсум энди тугади ва ўзим билан ҳам нима бўлишини билмайман. Жамоани қабул қилиб олаётганимда раҳбарият Суперлигада олиб қолиш вазифасини қўйганди. Вазифани бажардик ва буёғи нима бўлишини вақт кўрсатади.
Similar news
championat.asia
"Реал Мадрид" ва ниҳоят Ла Лигада ғалаба қозонди. Мбаппедан дубль
Расмий хабар: Исломбек Исмоилов — "Нефтчи" бош мураббийи
Ла Лига. "Барселона" муҳим учрашувда "Атлетико"ни мағлубиятга учратди
Суперлига: Мухлис йиғиш бўйича етакчи "Нефтчи", "Бунёдкор" охирги ўринда
Comments