Таҳлил. Водий футболига нима етишмаяпти?
17 may 2016 15:05
News
Таҳлил. Водий футболига нима етишмаяпти?
80-йиллар маҳсули туфайли ҳудудда 90-йилларда катта натижаларга эришилди. 90-йиллардаги ютуқлар ўз-ўзидан 2000 йилларгача захира сифатида хизмат қилди. Ҳар бир клубнинг ўз эгаси бор эди. "Нефтчи" ва "Навбаҳор" деганда рақиблар зир титрарди. "Бунёдкор" чиққунига қадар "Нефтчи" чемпионатга ўзгача безак берди. "Андижон"даги ўйинлар ҳам осон кечмасди.
Ундан кейин нима бўлди?
Ундан кейин аввалига "Машъал", сўнг "Пахтакор" ўз академиясига эга бўлди. Кўп ўтмай "Бунёдкор" ва "Насаф" бу борада катта ишларни амалга оширди. Тошкент ва Тошкент вилоятидан кейин, Қашқадарёда болалар лигаси ташкил этилди (ҳозир йўқ). Ўз-ўзидан мазкур ҳудудларда селекция ривожланиб кетди. Бу пайтга келиб "Нефтчи"да Саркисянга қарши дастур ўз самарасини бера бошлади. Авваллари Ўзбекистондаги энг истеъдодли футболчилар "Нефтчи" ва "Пахтакор" ўртасида талаш бўлган бўлса, курашдан "Нефтчи" чиқиб, "Машъал" қўшилди. Кўп ўтмай, "Насаф" ва "Бунёдкор".
Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасига эътибор қаратадиган бўлсангиз, уларнинг аксарияти водийдан. Пойтахт ва воҳа клубларидаги асосий ўйинчилар ҳам водийдан. Лекин водий жамоаларининг ўзига келганда жуда ҳам кам улар. Бугунги "Нефтчи"ни олайлик. Саркисян пайтида ҳеч бўлмаса икки йилда бир марта анча савияли ўйинчилар кашф қилинарди. Ҳозирги Отабек Зокиров ҳам айнан Юрий Вазгеновичнинг кашфиёти.
"Нефтчи" ва "Навбаҳор"нинг гуллаган пайтини ёдга олинг. Таркибда жуда кўп ёш водийлик футболчилар бўларди. Кейинчалик уларнинг аксарияти МТЖда ўйнашди. Ҳозир ҳам ёш футболчилар кўп, ўша-ўша. Фақат фарқи улар водийда эмас, Тошкент ва воҳада. Сабаби, водийда бугун болалар футболига бағишланган турнирлар йўқ бўлиб кетди. Олдингидек, селекционерлар қишлоқма-қишлоқ юрмай қўйди. Тайёр ўйинчи керак, яхши тайёр ўйинчи ҳеч қачон кўчада қолмаган ва уни ҳеч ким "Нефтчи", "Навбаҳор" ёки "Андижон"га икки қўллаб топшириб қўймайди.
"Қўқон-1912" - "Бунёдкор" учрашувида пойтахтликлар ҳимоясида икки нафар ёш қўқонлик - Комилов ва Ашурматов тўп тепди. Бугунги "Қўқон-1912"да бунақа савиядаги ҳимоячи йўқ. Нега шу болаларни "Қўқон-1912"нинг ўзи тарбияламади? Чунки мухлис ва ҳоким натижа талаб қиляпти. Натижа талаб қилинган жойда ҳеч қачон болалар футболига эътибор бўлмайди ва бўлмаган ҳам. Ҳам натижа, ҳам болалар футболи бўлиши учун камида "Бунёдкор"дек дастур асосида клуб тузилиши керак. Агар ўша пайтда "Бунёдкор" катта пулларга ишониб, ўз академиясига эътибор қилмаганида бугунги даражадан аллақачон тушиб кетган бўларди.
Бугунги кунда Фарғона вилояти футбол федерациясининг ишига ижобий баҳо бера олмайсиз. Чунки сўнгги 4 йилда ким клубда ишсиз қолса федерацияга вице-президент этиб тайинланяпти. Битта раҳбар кетиб иккинчиси бошқатдан иш бошлайди. Учинчиси келиб ўз режасини тузади. Хуллас, истиқболли режа асосида иш кўрилмаяпти. Аслида клубларни болалар футболига мажбурлаш керак бўлган ташкилот бу ҳудудий федерациялар ҳисобланади. Аммо улар кўп турлик турнир қилмаса, клублар нима қилсин. Бир ҳафта аввал уч кун давомида водийда бўлдим. Болалар футболи билан жиддий қизиқдим. Жамоалар бор, йўқ эмас. Аммо расмий мусобақалар жуда кам. Ора-сира 3/4 кунлик турнирлар ўтказилади. Қайси туман мезбон бўлса ўша ғолиб. Бундай иш кетмайди. Ўзимизни алдаб юравериб, водий футболини тушириб юбордик. Ўша 2000 йиллардан кейин қилинмаган ишларнинг таъсири бунинг ҳаммаси. Агар бугундан водийдаги болалар футболига нисбатан бошқача кўз билан қарамасак, олий лига клублари селекция ишларини ривожлантирмасалар, пойтахт ва воҳа клублари маҳаллий футболчиларни илиб кетаверадилар. Бундан осони йўқ. Кейинчалик МТЖ сафидан ўрин олган футболчини илк клубидан арзимаган 500-600 минг сўмга сотиб олган клублар бор. Улар ҳам нима қилсин, бари-бир шогирдининг келажагини ўз вилоятида кўрмайди. Жамоаларга 15 ёшли яхши футболчидан кўра, 25 ёшдан ошган кўчманчи маъқул.
Аслида водий ёшларидаги салоҳият билан катта-катта лойиҳаларни амалга оширса бўлади. Ҳомийларни жалб қилиш ҳам қийин эмас. Болалар футболи учун катта пул шарт эмас, кичкина эътибор ва ташкилотчилик бўлса бўлгани. Бунинг учун водийнинг учта вилоят федерацияси раҳбарлари ягона дастур асосида иш олиб боришлари керак. "Водий лигаси"ни тузиш айтарли муаммоли иш эмас. Муборакдан Қаршига етиб бориш билан бир хил масофага тенг бўлган Андижон - Фарғона, Наманган - Фарғона, Қўқон-Андижон ўртасида қандай чиройли турнирлар ташкил қилса бўлади-я... Бугунги кунда вилоят федерацияларининг бюджетини катта деб айта олмаймиз. Бу борада клублар улар билан ҳамкорлик қилиши лозим. Катта пулларни бир мавсумдан кейин хайрлашадиган футболчилар учун эмас, келажагини водий клубларида кўраётган ёшларга тикиш керак. Нима кераги бор, бугун олинган 7-10-ўринларни. Ундан кўра вилоят ҳокими қабулида бўлиб, махсус режа тақдим этилсин. Биздан яқин 5-6 йил ичида натижа кутманг. Водий клублари бирлашиб ўз лигамизни тузайлик, аввал бу ёшлар лигасида ўз мевасини беради, кейин олий лига дейлик.
Сўнгги марта "Нефтчи" 2012 йил бешталикка кирган экан. 2007 йилда эса водийнинг уч клуби 10таликка киришнинг уддасидан чиққан. 2003 йилда "Нефтчи", "Навбаҳор" ва "Андижон" еттиталик рўйхатда бўлган. 1999 йилда "Нефтчи" кумуш, "Навбаҳор" бронза эгаси бўлган. Кўряпсизми, ҳаммаси 90-йилларда қолиб кетди. Бугунги ички ресурс билан "Нефтчи" ёки "Навбаҳор"нинг чемпион бўлишига ишонасизми? Бундай кетишда яқин 5 йилда ҳам муаммо, маммолигича қолаверади. Лекин ҳозирдан, пойдеворни қўймаса водийликлар, воҳа ва пойтахт янада илгарилаб кетади.
Сўнгги пайтларда, водийлик ўқувчиларимиз натижа ёмон бўлса, мураббийни алмаштиришни кўп бора талаб қиляптилар. Сизларга ҳурматимиз чексиз, аммо бир савол билан мурожаат қиламан. Қайси мураббий алмашгач натижа ўзгарди, яъни охирги 5 йилда. Доим ўша-ўша ахвол. Чунки яхши ўйинчи, яхши пулга жамоаси сафини ўзгартиради. Яхши мураббий ҳам, қачонки яхши жамоа ва база бўлса натижа қилади. Кетаётгани ўрнига, кетаёганидан кучли бўлмаган мутахассислар келавергач, у ҳам мухлисдан сўкиш ёки раҳбардан дакки эшитмаслик учун биронтаси ёш футболчини майдонга туширай демайди. Бугунги таркиб билан, фақат четдан келган мураббий бирор нарсани ўзгартириб юбориши мумкин. Лекин четдан келадиган мураббий, бундай моддий техника базага кўнадими? Жароҳат олиб қолган футболчининг ўрнини босиши мумкин бўлган ўйинчи йўқ жойга улар ҳам келмайди.
Бу йил "Навбаҳор" ёшларидаги ўзгариш мени бироз қувонтирди. Клуб ёшлари сафига 200 нафардан ортиқ маҳаллий футболчи жалб этилди. "Андижон"нинг ёшлар лигасида қайд этаётган натижаларини кўринг. "Нефтчи" ҳам чакки эмас. Лекин улар ва асосий таркиб ўртасида боғлиқлик йўқ экан, водий футболи шу суратда тураверади.
Болалар футболи - водий футболи - олий лига ана ундан кейин учлик ва чемпионлик. Бунинг қоидаси оддий, аммо унга ажратиладиган вақт ва сабр камида 6-8 йилни ташкил этади.
Водий федерациялари бирлашиб иш кўришса, мени айтди дейсиз, ёмон бўлмайди!
Нодирхўжа Юлдашев.
Comments