"Қачондир футбол ўйнай олмаслигимни ўйласам, қўрқиб кетаман" — "Реал"нинг бўлажак юлдузи, Бенземанинг навбатдаги рақобатчиси ҳақида
06 jun 2019 10:40
News
"Қачондир футбол ўйнай олмаслигимни ўйласам, қўрқиб кетаман" — "Реал"нинг бўлажак юлдузи, Бенземанинг навбатдаги рақобатчиси ҳақида
Куни кеча харид қилинган сербиялик ҳужумчи Лука Йович Бензема учун яхшигина бош оғриққа, жиддий рақобатчига айланиши мумкин.
Ўтган мавсум "Айнтрахт" сафида Бундеслигада 17та гол, Европа лигасидаги барча рақиблари дарвозасига киритган жами 10та голи билан танилган Лука Йович "Реал" аъзосига айланди.
Қисқа маълумот:
Исм шарифи: Лука Йович
Ёши: 21
Клуб: "Реал"
Позиция: ҳужумчи
Фуқаролиги: Сербия
2018/19: 55 ўйин, 29 гол
Лука Йович ҳақида янада қизиқарли материал: Ёшлигида машинада яшаган, ҳозир суперклублар эътиборига тушган ҳужумчи ҳаёти
Ким у?
Ўтган 2018/19 йилги мавсумда Лука Йович Бундеслига ва Европа лигасида рақиблар учун чинакамига бош оғриққа айланди. "Айнтрахт" Лука Йовичнинг трансфер ҳуқуқини "Бенфика"дан сотиб олганидан 2 ой ўтгач "Реал" ҳужумчини франкфуртликлардан тўлақонли сотиб олди. Лука ўтган йилнинг октябрь ойида ўз номини яхшигина машҳурликка олиб чиқди. Айнан ўша ойда футболчи юқори самарадорлик кўрсатди. Айниқса Бундеслигада бир ўйинда 5та гол урган Лука чемпионат тарихидаги бу натижани қайд этган энг ёш футболчига айланди.
Устунлик тарафи
Лука Йович жарима майдончаси ичида футбол тили билан айтганда, ҳақиқий "найза". Йович жарима майдончаси ичида исталган усул ёки услубда бўлмасин доим дарвозани ишғол этишга ошиқади. Бу борада жуда совуққон футболчи. Бош билан ҳам, оёқ билан ҳам бирдек хавфли. Йович ҳужумда якка тартибда хам, тандем сифатида ҳам бемалол ўйнаши мумкин. Унинг зарбалари нафақат кучли, балки дарвозабонлар учун доим ноқулай. Шунингдек, ҳужумчи учун муҳим бўлган яна бир жиҳатлари сифатида, кўп ҳам жароҳатга мойиллиги йўқ ва жисмоний тарафлама анча бақувват футболчи.
Оиласи ҳақида
Йовичнинг отаси Милан ҳам профессионал равишда футболчилик фаолиятини юрғизган. Фақат отаси ўғлидан фарқли равишда ҳужумда эмас, балки ҳимояда жавлон урган. Йович ёшлигида "Црвена Звезда" жамоаси академиясида шуғулланган ва кейинчалик 18 ёшида "Бенфика"га ўтган. Ўтган йили эса ижара мақомида "Айнтрахт"га борган Йович ўзини том маънода қайта кашф этди ва бутун футбол оламига танилди. Франкфурт жамоаси эса мавсум якунига яқин ижара шартномасини тўлиқлигича сотиб олиб, кейинчалик футболчини "Реал"га пуллади.
Йовичнинг дебюти
Лука "Црвена Звезда"да 2014 йили, 16 ёшида дебют қилган. Шунингдек, Лука "Црвена Звезда" таркибидаги гол урган энг ёш футболчига айланган. Аниқроғи, Лука Йович "Црвена Звезда"да бошқа бир машҳур футболчи Деян Станковичнинг рекордини янгилаган. "Айнтрахт"даги дебют баҳси ҳам Лука учун жуда омадли бўлганди. Германия Кубоги доирасидаги "Шальке"га қарши баҳсда Лука янги жамоасидаги илк ўйинида товони билан гол уриб, дебют баҳсини чиройли нишонлаган.
"Реал", Сербия терма жамоаси ва ёшлари таркибида рақобат ҳақида
Лука Йович "Реал"да кўплаб тўққизлик ҳужумчиларини рақобатда енгиб чиққан ва асосий таркибдаги ўрнини ҳеч ким бўшатмай келаётган Карим Бензема билан баҳслашишига тўғри келади. Бу нафақат Лука учун, балки Карим учун ҳам чинакамига бош оғриққа айланиши кутилмоқда. Шунингдек, Лука Сербия терма жамоасида ҳам асосий таркиб учун курашда рақобатга киришган. Ва жорий йил ёзда Ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида иштирок этади. Лука Йович Сербия ёшлар терма жамоасининг квалификация раундидаги энг яхши тўпурарига (7 гол) айланди.
У ҳақида нима дейишмоқда?
"Мен бу ёшдаги мазкур даражада футбол ўйнайдиган футболчини кўрмаганман. Унда ҳеч кимда йўқ қандайдир сифатлар мавжуд. Қайсидир тарафлама Тони Йебоага ўхшаса, баъзи тарафлама, айниқса жисмоний жиҳатдан Герд Мюллерни эслатиб юборади. Лука учрашувнинг исталган пайтида ўртадаги фарқни амалга оширишга қодир футболчи. Чап ва ўнг оёқда ҳамда бош билан ҳам бирдек кучли ўйнайди", - дейди Лука ҳақида "Айнтрахт" жамоаси сафида рекорд даражада кўп ўйин ўтказган Карл-Хайнц Кербель.
"Футбол унинг қонида бор. Кўча футболи ҳавосини олган ва гол хидини жуда сезгир футболчи. Гол уриши мумкин бўлган барча тана аъзоларини бирдек ишлатади. Техник тарафлама ҳам, иккала оёқда ҳам бирдек ўйнашга қодир кучли иқтидор эгаси. Ҳужумчига керакли бўлган барча сифатлар Йовичда мавжуд", - дейди "Айнтрахт"нинг собиқ футболчиси, айни пайтда "Барселона" аъзоси Кевин-Принс Боатенг.
"Қачондир футбол ўйнай олмаслигимни ўйласам, қўрқиб кетаман"
Ҳа, бу сўзлар Лука Йовичга тегишли. "Реал"нинг янги аъзосига айланган Йовичнинг баъзи сўзларидан иқтибос келтирамиз.
"Ёшлигимдан мен учун футболдан бошқа муҳим нарса бўлмаган. Ҳар куни соатлаб майдонда югурардим, тўп тепардим. ва албатта бу энди ўз мевасини берди. Баъзида ўйлаб қоламан, қачондир футбол ўйнай олмаслигимни ўйласам, қўрқиб кетаман. Қачондир футболчилик фаолиятимни тугатиш ҳақида ўйлаш мен учун оғир.
Исталган ёш футболчи Месси ва Роналдунинг ўйинларидан лаззатланади. Шунингдек, менга Ибрагимович ҳам ёқади. Лекин менинг кумирим Фалькао.
Мен жорий мавсум илк маротаба Европа лигаси гуруҳ босқичида иштирок этдим. Ҳиссиётлар бир олам. Кўплаб ўйинлар, тўғри, чарчаяпмиз, лекин бундан ҳечам нолимайман. Келаси мавсум ҳам еврокубокларда ўйнашимизни инобатга олсам, чарчоқ тезда унут бўлади", - дейди Лука Йович.
Лука Йович ҳақида янада қизиқарли материал: Ёшлигида машинада яшаган, ҳозир суперклублар эътиборига тушган ҳужумчи ҳаёти
Comments