Latest news

22:58Лига 1. "Ланс" меҳмонда ПСЖга минимал ҳисобда мағлуб бўлди, Ҳусанов 60-дақиқада қизил карточка олди  60 22:45РПЛ. ЦСКА ўз уйида "Спартак"ни қабул қилмоқда, Файзуллаев илк дақиқалардан майдонда (онлайн ҳисоб)  1 22:41Икарди Ванда билан қайта бирга бўлиш учун Аргентина чемпионатига қайтишга тайёр  6 22:00А Серия. "Ювентус" "Удинезе" меҳмони бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  2 21:57АПЛ. "Ливерпуль"дан камбэк, "Ман Сити" эса меҳмонда мағлубиятга учради  14 20:34"Ювентус" тўрт футболчига қизиқиш билдирмоқда, улар орасида ПСЖ аъзоси ҳам бор  0 19:37"Локомотив" - "Рубин". Ашурматов асосий таркибда  0 19:27АПЛ. "Арсенал" мағлубиятга учради  9 19:25Денис Коростиченко: "Кетма-кет иккинчи ўйинда бир хил хато туфайли гол ўтказиб юборяпмиз"  0 19:18"Ливерпуль" - "Брайтон", "Борнмут" - "Манчестер Сити" учрашувлари учун асосий таркиблар эълон қилинди  8 19:16Суперлига. "Динамо" супер ва автоголлар эвазига "Қизилқум"ни мағлуб этди  9 18:39Сергей Лушчан: "Футболчи индивидуал хатога йўл қўйяптими, демак унинг маҳорати бўйича саволлар бор. Мақсадлар масаласи бўйича муваффақиятсиз мавсум бўлгани аниқ"  5 17:28U19 чемпионати. "Пахтакор" 3 дақиқада киритилган 2та гол эвазига чемпион бўлди  8 17:11Суперлига. "Олимпик" - "Навбаҳор" 1:2  0 16:54Суперлига. Жамшид Болтабоевнинг дубли "Навбаҳор"га "Олимпик" устидан ғалаба келтирди  11

Олий лига. Дастлабки тур хулосалари News

Олий лига. Дастлабки тур хулосалари

3-4 март кунлари 2017 йилги олий лиганинг биринчи туридан ўрин олган баҳслар бўлиб ўтди.

Биринчи гол - автогол

XXVI миллий чемпионат расман Бекободдаги баҳс билан бошланди. Маҳаллий вақт билан соат 15:30да старт олган "Металлург" - "Динамо" учрашувида кўпчилик мезбонларнинг ғалабасини тахмин қилишганди. Сабаби "Динамо" ўтган йил биринчи лигада ўйнаган, бундан ташқари бош мураббий борасидаги муаммолар клубни бу баҳсда фаворит эмаслигини кўрсатиб турарди. Бироқ Самарқанд клуби Бекободда унча-мунча жамоага очко беравермайдиган "Металлург"ни таслим қилишга эришишди. Қизиғи бу йилги чемпионатнинг дастлабки голи тарихга автогол сифатида кирадиган бўлди. "Металлург"нинг тажрибали ҳимоячиси Давронбек Каримқулов биринчи бўлимда ўз дарвозасига тўп киритиб қўйиш билан бирга 2017 йилги олий лиганинг биринчи голига муаллифлик қилди. Баҳс сўнггида Акмал Бозоров якуний натижани ўрнатди - 2:0, "Динамо" 2011 йилдан буён илк бор "Металлург"ни Бекободда мағлуб этиб турнинг энг асосий сенсациясини юзага келтирди.



Чемпионнинг ғалабали старти

Ўзбекистонинг амалдаги чемпиони Тошкентнинг "Локомотив" клуби янги мавсумни Муборакда бошлади. ОЧЛ доирасида иккита ўйин ўтказишга улугурган "темирйўлчилар" олий лигадаги биринчи ўйинда қийналишгани бор гап. "Машъал" ҳам ўз мухлислари қаршисида яна очилиш ўйинида осонгина очколарни бериб юбормаслиги барчага аён эди. Баҳс тақдирини иккинчи бўлим ўрталарида терма жамоамиз ҳужумчиси Марат Бикмаев томонидан урилган гол ҳал қилди. "Локомотив" чемпионларга хос тарзда чемпионатни 3 очко билан бошлади. Шу куни тошкентликлар сафида африкалик Муҳаммад Коне ва Ньоре Кризо Ўзбекистон чемпионатида дебют қилишди. 



Жароҳатлар гирдобидаги "шерлар"га Искандеров ғалаба келтирди

Биринчи турнинг марказий ўйини "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтди. Ўтган мавсумда беш ва олтинчи ўринларни эгаллаган "Пахтакор" ва "Қизилқум" ўртасидаги баҳс илк турда энг кўп гол урилган учрашувга айланди. Ўйин бошида Жамшид Искандеров ҳисобни очиб мезбонларни олдинга олиб чиқди. Бунга тайм ўрталарида Азамат Алланиязов жавоб берди ва ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи таймда "Пахтакор" сафида Станислав Андреев ва Искандеров гол уриб майдон эгаларининг ғалабасини таъминлаб беришди. Жамшид илк турда 2та гол урган биринчи футболчига айланиш билан бирга мавсумда пенальтидан гол ура олмаган илк ўйинчи сифатида тарихга кирди. Беш нафар футболчиси жароҳат олган "Пахтакор" йўқотишларга қарамай чемпионатни ғалаба билан бошлай олди. Учрашувда яна бир воқеа юз берди. Мезбонлар сафида иккинчи бўлимда 2000 йилда туғилган Иброҳим Ғанихонов майдонга тушди. Шу тариқа, олий лигамиз тарихида илк бор 2000 йилдан кейин туғилган футболчи ўйинда иштирок этди.



Нўъмон Ҳасанов vs Рўзиқул Бердиев

Ўтган йилги бронза медали соҳиби Қаршининг "Насаф" клуби чемпионатни водийда бошлади. Ўз вақтида "Насаф" сафида бирга ўйнаган Нўъмон Ҳасанов ва Рўзиқул Бердиев олий лигада бош мураббий сифатида тўқнаш келишди. Қишда ўз сафига бир қатор маҳоратли футболчилар билан тўлдириб олган "Қўқон-1912" бир неча йилдан буён деярли ўзгаришсиз ҳаракат қилаётган "Насаф"га ютқазиб қўйди. 6-дақиқадаёқ "аждарлар" ярим ҳимоячиси Баҳром Абдураҳимов гол урди. Қолган голлар учрашув охирига тўғри келди. Дастлаб "Насаф"нинг тўпурар ҳужумчиси Драган Черан ўзини кўрсатди. Баҳс сўнггида Баҳодир Акрамов қўқонлик мухлисларга бироз юпанч вазифасини ўтайдиган голни "Насаф" дарвозасига урди - 1:2. Бу ўйинда яна бир ҳодиса кузатилди. Бош ҳакам Равшан Эрматовга назоратчи 10,0 балл қўйди. Охирги 10 йил ичида олий лигамизда бундай ҳолат умуман кузатилмаган эди.



Ғишт заводига, цемент заводига ҳам Элдор Бойматов

Ғузорнинг "Шўртан" клуби 2017 йилги мавсумни янги бош мураббий қўл остида бошлади. Александр Волков шогирдлари Фарғонанинг "Нефтчи" клубини қабул қилишди. Учрашувда мезбонлар сафида расмий қайдномадан фақат биргина футболчининг номи ўрин олди холос. Элдор Бойматов машҳур кинода бўлгани каби барчасини ўзи бажарди. Дастлаб 40-дақиқада Бойматов сариқ карточка билан "сийланди". Баҳснинг 60-дақиқасида Элдор "Нефтчи" дарвозасини ишғол қилди. Орадан икки дақиқа ўтгач Бойматов иккинчи сариқ карточкасини олиб майдонни тарк этди... Деярли ярим соат 10 киши бўлиб ўйнаган "Шўртан" ғалабали ҳисобни сақлаб қолди ва мавсумни 3 очко билан бошлади.

Собиқ "машъалчилар" "лочинлар"га ғалаба келтиришди

Ўтган йил бир амаллаб олий лигада қолишга эришган "Навбаҳор" янги мавсумдан олдин ўз сафини 85 фоизга ўзгартирди ва катта мақсадлар билан чемпионатга кириб келди. Илҳом Мўминжонов бошчилигидаги "лочинлар" дастлабки турни ўз майдонида ўтган йилги дебютант Тошкентнинг "Обод" клубига қарши ўтказишди. Турнинг энг кўп томошабини келган баҳсда 3та гол урилди. Мезбонлар сафида Мирзоҳид Ғофуров ва Ғиёсжон Комилов ўз ҳисобларига гол ёзиб қўйишди. Қизиғи бу иккала футболчи ҳам мавсумлар оралиғида "Машъал" сафидан "Навбаҳор"га ўтганди. Сафарга бош мураббийсиз борган "Обод" эса (Рауф Инилеев операциядан сўнг даволанмоқда) бунга ўтган йил биринчи лигада ўйнаган Наврўзжон Хаиповнинг голи билан жавоб берди холос - 2:1.  



Бақоевнинг мураббийлик фаолияти омадли бошланди

Ўтган йил томошабинлар борасида чемпион бўлган, олий лигада эса тўртинчи ўринни эгаллаган "Бухоро"да қишда катта ўзгаришлар содир бўлганидан хабардорсиз. Мураббийлар штаби ўзгарди, таркибдаги кўплаб футболчилар бошқа клубларга ўтиб кетишди. Яқиндагина футбол ўйнаб юрган Улуғбек Бақоев раҳбарият қарорига кўра бош мураббий этиб тайинланди. Бақоев ва Бахтиёр Ашурматов ўзлари билган футболчиларни жамоага таклиф этишди. Деярли худди шундай ҳолат уларнинг биринчи турдаги рақиби "Олмалиқ"да ҳам кузатилди. 9 йил бош мураббий бўлган Игорь Шквирин ўрнига Виктор Кумиков келди, раҳбарият ўзгарди, таркиб 80 фоизга янгиланди. Шу боис бу ўйинга қизиқиш катта эди. Қизиқарли ўтган учрашув тақдирини биргина гол ҳал қилди. Деярли 3 йилдан буён олий лигада гол урмаган Иван Нагаев олмалиқликлар дарвозасини ишғол қилиб 12 мингдан зиёд мухлис келган "Бухоро" стадионининг ларзага келишига сабабчи бўлди.



Аҳмадалиевдан айрилган "Бунёдкор"

Ўзбекистон вице-чемпиони Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби мавсумни ўз майдонида бошлади. Жиззахнинг "Сўғдиёна" клубига қарши баҳсда жамоага жуда қийин бўлди. Биринчидан муҳташам "Бунёдкор" стадионига учрашувни томоша қилиш учун атига 509 нафар мухлис келгани дилни хира қилди. Иккинчидан, биринчи бўлим сўнггида ўнг қанот ҳимоячиси Дилшод Аҳмадалиев жароҳат олиб тахминан биринчи давра охирига қадар сафдан чиқди. Учинчидан жамоа 78 дақиқа давомида рақиб дарвозасига гол ура олмади. Бироқ "қалдирғочлар" устози Сергей Лушчан ўйиндан кейин айтганидек илк турда энг асосийси 3 очко қўлга киритиш. Бу вазифани "Бунёдкор" бажарди. Даврон Файзиев эса навбатдаги йил "Сўғдиёна"да деярли янги жамоа тузиб мавсумни бошламоқда. Ҳар йили етакчилар бошқа клубларга кетиб қолишади, "Сўғдиёна" эса бошқа футболчилар билан рақибларга бош оғриқ бўлаверади.



Олий лига-2017
1-тур. 3 март (жума)
«Машъал» – «Локомотив» – 0:1
Гол:
М. Бикмаев (62).

«Пахтакор» – «Қизилқум» – 3:1
Голлар:
Ж. Искандеров (7, 75), С. Андреев (55) – А. Алланиязов (34).
Амалга оширилмаган пенальти: Ж. Искандеров (75)

«Металлург» – «Динамо» - 0:2
Голлар:
Д. Каримқулов (55, автогол), А. Базаров (89).

4 март (шанба)
«Шўртан» – «Нефтчи» – 1:0  
Гол: 
Э. Бойматов (60)

«Навбаҳор» – «Обод» – 2:1
Голлар
: М. Ғофуров (15), Ғ. Комилов (50) – Н. Хайипов (90+1).

«Қўқон-1912» – «Насаф» – 1:2
Голлар
: Б. Акрамов (89) – Б. Абдураҳимов (6), Д. Черан (76).

«Бухоро» – «Олмалиқ» – 1:0
Гол
: И. Нагаев (22).

«Бунёдкор» – «Сўғдиёна» – 1:0
Гол:
Д. Ҳамдамов (79).


Биринчи тур рақамлари:

Ўйинлар: 8та
Голлар: 16та
Ўртача голлар: 2тадан
Огоҳлантиришлар: 26та
Четлатиш: Элдор Бойматов ("Шўртан")
Тўпурар: Жамшид Искандеров - 2та
Жами томошабин: 44918 нафар
Энг кўп томошабин келган ўйин: "Навбаҳор" - "Обод" (12311 нафар)



Кейинги тур
8 март (чоршанба)

"Локомотив" – "Сўғдиёна"
"Динамо" – "Шўртан"
"Нефтчи" – "Пахтакор"

9 март (пайшанба)
"Олмалиқ" – "Бунёдкор"
"Насаф" – "Бухоро"

10 март (жума)
"Машъал" – "Металлург"
"Қизилқум"– "Навбаҳор"
"Обод" – "Қўқон-1912"


Нарзулла Сайдуллаев тайёрлади

Rating: +27   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика