Мавсумнинг энг омадсиз трансферлари
01 jun 2018 20:20
News
Мавсумнинг энг омадсиз трансферлари
Диего Костадан кучли эмас: Альваро Мората (Испания)
Трансфер: “Реал”дан “Челси”га 66 млн евро эвазига
Моратанинг Лондондаги мавсумини баҳолаш учун футболчи трансфер нархи ва унинг олдига қўйилган вазифаларни инобатга олиш зарур. Мавсум омадсиз бўлганини Альваронинг ўзи ҳам тан олиб турибди. Диего Коста таркибда борлигида “кўклар” чемпион бўлишган эди. Бошқа бир испан билан эса бор йўғи 5-поғонани забт этишди. Бу ҳам етмаганидек, Чемпионлар Лигасига йўлланмани ҳам қўлга кирита олганлари йўқ. Мората мавсум давомида 15та (уларнинг 11таси чемпионатда) гол уришга муваффақ бўлди. Эътиборли томони шундаки, октябрь ойидан буён (яъни 8 ойда) форвард 8та гол урди. Ҳа, орада маълум муддат Альварога жароҳат тўсиқ бўлгандир, аммо ҳужумчининг ўта қулай вазиятлардаги ноаниқ зарбаларини ҳам кўпчилик яхши эслайди. Ўша паллаларда Моратага ҳеч нима ҳалақит қилмаётганди ахир. “Челси”даги омадсиз мавсумнинг якунида футболчи Испания термасининг ЖЧ учун таркибига киритилмади.
“Гудисон”даги омадсизлик: Дэви Классен (Голландия)
Трансфер: “Аякс”дан “Эвертон” 27 млн евро эвазига
“Эвертон” ёқиб қолган футболчи нархи борасида ортиқча талашиб ўтирмайди, аммо кўпинча трансфер бозоридаги “ўқ нишонга тегмаслиги” сабаб, жамоа топ-клублар даврасига ҳеч ҳам қўшила олмайди. Англияда мерсисайдликларга ҳаттоки “трансфер бозори қироллари” деб ном беришган. Классен “Аякс” етакчиси ва Голландия чемпионатининг энг ақлли футболчиларидан бири сифатида Англия клубига таклиф қилинганди, “Ливерпуль”да эса... Яратувчанлик ва ақл билан футбол – жуда яхши, аммо курашларга бой, катта куч талаб қиладиган АПЛда Дэви ўзини кўрсата олмади. Натижада эса футболчи мавсум давомида бор йўғи 3 бор асосий таркибда тушди. Ҳафсаласи пир бўлган “Эвертон” шу ёздаёқ футболчидан қутилиш ниятида.
“Янги Роналду” фақат голлари йўқ: Андре Силва (Португалия)
Трансфер: “Порту”дан “Милан”га 38 млн евро эвазига
Орзуларимиз осмон эди-ку ахир... Андре Силвани сотишдан олдин яхшигина “реклама” қилишди. Лекин у чиндан топ-форвард бўлганда, тушунарсизроқ вазиятдаги “Милан”га эмас, кучлироқ клубга ўтган бўларди. Шу ўринда, ўтган ёз “россонерилар” кўпчиликни эътиборини тортиб, қизиқ трансферларга қўл уришганди. Нима бўлганда ҳам, португалияликнинг Италиядаги биринчи мавсуми “ўхшамади”: асосий таркибдаги ўрнини баъзан 20 ёшли Патрик Кутронега бой бериб қўйди ва А Серияда бор йўғи иккита гол урди. Европа Лигасида ҳам футболчи бир нечта гол уришга эришди. Бироқ, бу вазиятни кескин ўзгартирмаслиги тушунарли эди.
“Челси”нинг энг ёмон футболчиси: Тьему Бакайоко (Франция)
Трансфер: “Монако”дан “Челси”га 40 млн евро.
“Монако”дан АПЛга кетиб, омади чопмаган яна бир футболчи. Бакайоко вазиятида жароҳат ёки бошқа сабаблар ҳалал қилмаганди. Мухлисларнинг айтишига кўра, шунчаки “Стэмфорд Бриж”га ҳақиқий Бакайокони жўнатишмаган. “Челси” мухлислари Тьему ўйинидан норозиликларини яшириб ўтиришмади. Экспертлар эса танқид учун қулай нишон сифатида ярим ҳимоячидан фойдаланишди. Бакайоко эса бунга жавобан ўйиндан-ўйинга тушунарсиз ҳаракат қилаверарди. Албатта, ёшини инобатга олган ҳолда, футболчи ҳали “Челси”нинг ўзидаёқ танқидларга жавоб бериши мумкин. Бу ҳам етмаганидек, янги мураббий қўл остида Бакойоко ҳам бошқача ўйнай бошлаши ҳеч гап эмас. Лекин миш-мишларга қараганда, “аристократлар” шу ёздаёқ Тьемуга чиқиш эшикларини кўрсатишга қаршимаслар.
Вазият қурбони: Бенжамен Менди (Франция)
Трансфер: “Монако”дан “Манчестер Сити”га 57.5 млн евро эвазига
Қувноқ футболчи Менди Англия чемпиони бўлди, аммо “Манчестер Сити” таркибида у мавсумда деярли майдонга тушмади (мавсум давомида 7 ўйин). Барчасига жароҳат сабаб бўлди. 364 дақиқа — айнан шунча вақт давомида Менди майдонда тўп тепди. Аммо бу вазиятда клуб вакиллари ёки футболчига эътироз бўлиши мумкин эмас. Бу ҳаёт. Оғир жароҳат сабаб трансфер биринчи мавсумда кутилган натижани бермади. Қайд этиш лозим, “Сити”нинг “Ливерпуль”ни 5:0 ҳисобида енгган учрашувида Менди майдонда эди, қолганларида эса “шаҳарликлар” французсиз мағлуб бўлишди. Трансферга сарфланган 57.5 млн евро ҳали ўзини оқламади, аммо келаси мавсумларда Бенжамен жамоага ҳали кўп фойда келтиришига ишониб қоламиз.
Бир жангчи урушда ғалаба қозона олмайди: Леонардо Бонуччи (Италия)
Трансфер: “Ювентус”дан “Милан”га 42 млн евро эвазига
Ортда қолган мавсумда “Милан” А Серияда нечта гол ўтказиб юборганидан хабарингиз борми? 42 та — айнан шунча миллионни клуб Бонуччи трансферига сарфлаганди. Италиянинг энг яхши ҳимоячиларидан бири, Туриндан ташқарида, узоқ йиллик дўстларисиз, ўз атрофида кучли жамоа туза олмади. Баъзи вазиятларда эса унинг ўзи ёш болаларча хатоларга йўл қўйди. Лео билан бирга “россонерилар” ҳимояда “ўқ ўтмас” қалқон сотиб олаётгандек эдилар, аммо... Аммо Бонуччи ҳам баъзан хатоларга йўл қўядиган оддий одам бўлиб чиқди.
Тушунарсиз биринчи мавсум: Усмон Дембеле (Франция)
Трансфер: “Боруссия”дан “Барселона”га 115 млн евро эвазига
Ҳаммасига жароҳат сабаб? Ҳа. Улкан иқтидор эгаси? Ортиқча баҳслашишга ўрин йўқ. Кейинги мавсумда ўзини кўрсатади? Бўлса бордир. Аммо келинг келажакда нима бўлиши мумкинлигини эмас, бугунги вазият ҳақида гаплашамиз. 115 миллион евролик футболчи, қисман бўлса ҳам, Неймарни ўрнини боса олдими? Йўқ. Каталонияликлар Усмон учун сарфланган жуда катта маблағ фойдасини ҳали кўришмади, бу юз берадими? Бунга яна бир-икки мавсумдан кейин жавоб оламиз. Ким билади дейсиз, балки Дембеле трансфери ўн йилликнинг энг яхшиси сифатида эътироф этилар, бироқ ҳозир вазият бироз бошқачароқ.
Soccer.ru сайтидан Нозима Зарипова таржимаси
Comments