Максим Шацких "Ал Васл"га қарши ўйиндан сўнг Championat.Asia сайтига интервью берди
20 sep 14:01
News
Максим Шацких "Ал Васл"га қарши ўйиндан сўнг Championat.Asia сайтига интервью берди
Интервьюда мураббий ўз жамоаси ўйини, яқин келажак режалари ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида фикр билдирди.
- Сўнгги вақтларда "Пахтакор"нинг натижалари қувонтирмаяпти. Бу нима билан боғлиқ?
- Ҳозир жамоа қуриш давом этмоқда. "Пахтакор" қишда қандай ўзгаришларга тўқнаш келганидан хабарингиз бор. Олдимизга қўйилган вазифаларни бажариш учун нималар етишмаётганини биламиз. Йил охирига қадар Суперлигадаги вазиятни яхшилашга, Элит ОЧЛда муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир "Пахтакор"да "перезагрузка" давом этмоқда. Унинг мевасини кейинги йил кўрамиз.
Мухлисларга мурожаат қилмоқчиман. Қўллаб-қувватловингиз учун раҳмат, жамоа ҳар бир ўйинда буни ҳис қилиб турибди. Бундай осон бўлмаган вақтда бироз сабр қилиш керак. Кейинги мавсум биз кучлироқ бўламиз. "Пахтакор" буткул бошқача бўлади.
- Сизнингча "Пахтакор" кейинги йил чемпионлик учун кураша оладими?
- "Пахтакор" ҳар йили чемпионлик учун курашиши ва Элит ОЧЛда иштирок этиши керак. Бу муҳокама қилинмайди ҳам. Ҳозир клубнинг келажаги учун натижаларни бироз қурбон қилишимизга тўғри келмоқда.
"Пахтакор" буткул бошқа йўлдан кетмоқда: биз ҳозироқ натижа қилиш учун қимматбаҳо легионерлар ва ёши катта футболчиларни харид қилмаймиз. Биз узоқ муддат учун пойдевор қурямиз, унинг асоси - ёш футболчилар ва академиямиз тарбияланувчилари. Кейинги мавсум биз чемпион бўлишимизга ишончим комил.
- Клубнинг селекциясини қандай баҳолайсиз?
- Селекциядан қониқдим. Фақатгина кучли ҳужумчини ўз таркибимизга қўша олмадик холос. Раҳбарият ҳам, биз ҳам ҳозир айнан шу нуқтани кучайтириш кераклигини тушуниб турибмиз. Янги мавсум бошида клубга олиб келиш учун кучли ҳужумчини излашни бошлаб юборганмиз.
Қолган нуқталар бўйича муаммо йўқ, ҳар бир позицияда камида иккитадан тенг кучли футболчи бор. Бу жамоа чемпион бўла олади. Асосийси - кейинги йилга таркибни сақлаб қолиш ва ҳужумчи харид қилиш.
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Дастлабки икки ўйиндан кейин жамоамиз яхши темпда кетмоқда. Мундиалга чиқиш имконияти ажойиб. Бизда кучли авлод ва қобилиятли ёш футболчилар бор. Агар жамоа шундай давом этса (бу биринчи навбатда натижалар ҳақида), ЖЧ-2026га чиқишимизга шубҳа қилмайман ва биз бунга лойиқмиз.
Эмиль Бекмухаммедов суҳбатлашди
Comments