Ботир Маҳмудов: “Вилоят футболини янада юқори босқичга олиб чиқишга ҳаракат қиламан”
24 may 2018 09:05
News
Ботир Маҳмудов: “Вилоят футболини янада юқори босқичга олиб чиқишга ҳаракат қиламан”
Бунда узоқ йиллар федерациянинг биринчи вице-президенти лавозимида фаолият кўрсатган Шамил Яфаровнинг хизмати беқиёс. Ўтган йилнинг декабрь ойида Шамил ака нафақага чиққач федерациянинг фаолиятида пасайиш кузатилиши тахмин қилинган эди, аммо ўзининг ортидан қолдириб кетган шогирди Шамил Газисовични уялтириб қўймади. Тажрибали раҳбарнинг ўрнига келган Ботир Маҳмудовнинг федерациядаги биринчи йили ёмон ўтаётгани йўқ. Биз куни кеча янги раҳбар билан кўришиб, федерация ва ўзининг фаолияти ҳақида суҳбатлашдик.
- Федерациядаги фаолиятим ўтган йили бошланган. Устозимиз, Шамил ака Яфаровнинг таклифига кўра федерацияда у кишига ёрдам бериб келдим. У киши каминага “бу йил иш ўрганинг, келаси йил ўзингиз федерацияни бошқарасиз”, дер эди. Олти ой давомида бош мутахассис сифатида ишладим, Шамил акадан тажриба ўргандим, қўлдан келганча ёрдам бердим. Декабрь ойида Шамил ака нафақага чиққанидан кейин вице-президентликка мен тавсия қилиндим. Шу ерда ҳудудий федерацияларнинг вице-президентлари қай йўсинда тайинланишини айтиб ўтсам. Ўзбекистон футбол Ассоциацияси вилоят ҳокимлигига тавсия қилади. Чунки амалда вилоят ҳокими ҳудудий федерациянинг президенти ҳисобланади. Шундан сўнг федерацияда йиғилиш ўтказилади ва тавсия қилинган инсон бу лавозимга лойиқ-лойиқ эмаслиги муҳокама қилинади. Агар барча рози бўлса, ўша инсон вице-президент лавозимига тайинланади. Каминанинг тайинлови ҳам худди шу тартибда амалга ошди. Кези келганда қуйидаги маълумотни айтиб ўтаман: тез орада федерациямиз худди ЎФА сингари Ассоциацияга айланади. Бугунги кунда керакли ҳужжатлар топширилган. Расман тасдиқланса биз ҳам Ассоциация мақомида фаолият кўрсатишни бошлаймиз.
Ишга киришиб олиш қийин кечмадими? Албатта федерацияни узоқ йиллар бошқарган Шамил акани нафақат ўзбек футболида, балки вилоятдаги раҳбарлар орасида ҳам ўз ўрни ва ҳурмати бор эди. Биласиз, ҳудудий федерациялар молиявий томондан ўзини-ўзи бошқарадиган ташкилот ҳисобланади. Яъни, биз ўзимизни ўзимиз боқишимиз керак. Ҳомийлик, бадал пуллари орқали кун кечирамиз, десам муболаға бўлмайди. Лекин асосан бадал пулларига қараб қолганмиз. Федерацияни Шамил ака бошқарган вақтларда ҳомийлик бўйича вилоятдаги истаган ташкилотига бемалол кириб, раҳбарлар билан гаплашиб чиқар эди. Чунки айтганимдек, у кишини вилоятда барча бирдек ҳурмат қилади. Ўтган йили федерациясига ишга келган вақтимдан бошлаб, Шамил ака ўзи билан каминани барча учрашувларга олиб борди. Барча раҳбарлари-ю, футбол мутасаддиларига мени ўзининг ўрнига келадиган вице-президент сифатида таништирди. Шунинг учун бўлса керак, вилоятда иш бошлашим, узоқ йиллардан буён футболда иш келаётган инсонлар билан тил топишишим, бир-биримизни тушунишимиз қийин кечаётганийўқ.
Федерацияга вице-президент бўлиб тайинланганимдан кейин ташкилотимизнинг биносини ўзгартирдим. Илгари Қибрай туманидаги коллеж биносида ижара асосида фаолият кўрсатардик. Бугунги кунда федерациямиз вилоят маркази бўлмиш Нурафшон шаҳрида жойлашган. Бундан ташқари, федерацияга бир қатор ёшларни ишга олдик. Хусусан, Хусан Худойбердиев, Азиза Эрматова ва Элёр Интизомов каби олий маълумотли ва ўзбек футболида ўз номига эга ёшлар билан ишлаяпмиз. Ўйлайманки, бу йигит қизлар вилоят футболини янада ривожланишига катта ҳисса қўшишади. Қолаверса, Шамил ака Яфаров ҳам федерациямизни фахрий президенти ҳисобланади. Бу инсондан доимо маслаҳат олиб турамиз. Оддий мисол яқинда 2-лигадан ўрин олган бир учрашувда кутилмаган муаммо чиқиб, ўйин охиригача ўтказилмай қолган эди. Федерацияда барчамиз якуний қарорни қабул қилиш бўйича уч соатдан ошиқроқ вақт давомида бош қотирдик. Бир тўхтамга кела олмагач, Шамил акага қўнғироқ қилдик. Тажрибали инсон бўлган воқеаларни тўлиқ тинглаб, одилона қарор чиқариб берди.
Федерация бугунги кунда қайси маблағлар ҳисобига кун кўряпти? Табиий савол. Бу ҳақида юқорида айтиб ўтдим. Федерация ҳомийлик ёки бадал пулларини ҳисобига кун кўради. Шу боис, аксар ҳудудий федерацияларда молиявий томондан муаммолар бор. Хусусан, биз ҳам бундан мустасно эмасмиз. Тўғри, ҳозирги кунда ташкилотимизда бир неча ходим фаолият кўрсатмоқда. Улар ўз вақтида маошларини олишмоқда. Аммо бу йилнинг қайси ойига қадар давом этишини олдиндан айтиш мушкул. Сабаби, иккинчи лигада иштирок этадиган жамоалардан олинадиган бадал пулларини биз нафақат федерация ходимлари учун балки турли хил мусобақаларда ишлайдиган ҳакам ва назоратчиларга ҳам сарфлаймиз. Қолаверса, барча клублар ҳам бадал пулини тўлаш имкониятига эга эмас. Вилоятимизда футбол тўхтаб қолмаслигини инобатга олган ҳолда бадал пулини тўлай олмайдиган айрим жамоаларга ҳам чемпионатда иштирок этишга рухсат берганмиз. Ўйлайманки, молиявий томондан бизда муаммо бўлмайди. Боиси, бизга ҳокимият томонидан ва бошқа ҳомийлар тарафидан маблағ ажратилиши ҳақида ваъда берилган. Айтганча, илгари Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан ҳудудий федерацияларга маблағ ажратилар эди. Ассоциацияга бу борада мурожаат билан чиққанимизда бизга молиявий томондан ёрдам беришлари ҳақида маълумот беришди, лекин қачон эканлиги номаълум.
Ҳозирча бу йил ҳисобидан режалаштирган ишларимиз бир маромида давом этмоқда. Тошкент вилояти чемпионатига старт берилганига анча бўлди. Жамоалар 10-тур баҳсларини ўтказиб бўлишди. Аввалги йиллардан фарқли равишда бу йил биринчиликда 15та клуб қатнашмоқда. Юқорида таъкидлаганимдек, айрим жамоалар бадал пули тўламаган бўлса-да, барча туманларимизда футбол бўлиши учун уларга ҳам чемпионатда иштирок этишга рухсат бердик. Кубок ўйинлари одатдагидек, барча мусобақалардан олдин бошлагандик. Ҳозирда турнирни ҳал қилувчи ўйинлари қолган. Бундан ташқари, ўзимизнинг анъанавий турнирларимиздан Михаил Ан, Олим Аширов ва Владимир Фёдоровнинг хотираси учун ўтказиладиган “Ҳамюртлар Кубоги”ни ҳам ташкил қилдик. Болалар мусобақасида 54та жамоа 7 минтақада ғолиблик учун кураш олиб борди. Якунда “Пахтакор” тарбияланувчилари бош совринни қўлга киритди. Бундан ташқари, Нурафшон шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида турнир ташкил қилдик. Олимпия тизимида ўтказилган ўйинларда бир нечта мактаб вакиллари иштирок этди. Мусобақа бир ойдан ошиқроқ вақт мобайнида ўтказилди. Тез орада “Болалар лигаси”ни ҳам бошлаймиз. Бундан ташқари, Республика миқиёсида ўтказилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ўртасидаги мусобақада вилоят прокуратураси ходимларидан ташкил топган жамоамиз ғолибликни қўлга киритди. Федерация бош мутахассиси Элёр Интизомов устозлик қилган жамоамиз барча рақибларидан устун келиб, якунда Республикада тенгсиз бўлишди. Оммавий футболни янада ривожлантириш мақсадида март ойида вилоятдаги туман ҳокимликлари ўртасида мини-футбол мусобақасини ҳам ўтказдик. Вилоятдаги 14та туман, Нурафшон шаҳри ва вилоят ҳокимияти жамоалари ўртасидаги турнирда Зангиота тумани ҳокимияти ходимларидан ташкил топган жамоа тенгсиз бўлди.
Умримнинг кўп қисмини Европа давлатларида ўтказганман. У томонларда ҳам футболсиз яшаганим йўқ. Замонавий футбол қай йўсинда ривожланаётганидан хабарим бор. Кўп йиллар давомида орттирган тажрибамдан келиб чиқиб, албатта федерациянинг имконияти доирасида вилоят футболини янада юқори босқичга олиб чиқишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун бор имкониятимни ишга соламан.
Фурқатбек Нишонов суҳбатлашди.
Comments