Latest news

00:43Мбаппеда бир неча ойдан бери руҳий муаммолар бор (L’Equipe)  1 00:16Тайрелл Маласиа 17 ой деганда майдонга қайтмоқда. У бугун ўринбосарлар сафида футбол ўйнайди  0 23:33Шомуродов, Ашурматов ва Файзуллаев ҳам қўшилди. Ўзбекистон МТЖнинг бугунги машғулотидан ГАЛЕРЕЯ  2 23:19Фрэнк Лэмпард мураббийликка қайтиши мумкин, аммо...  0 22:50Лисандро Мартинес жароҳат сабаб Аргентина терма жамоаси ўйинларида иштирок этмайди  0 22:10Родри "Олтин тўп"да кимларга овоз берган бўларди? Футболчининг ўзи жавоб берди  10 21:42Элдор Шомуродов: "Қатарга қарши ғалаба учун майдонга тушамиз, аммо гол ўтказиб юбормаслик ҳам жуда муҳим"  14 21:07"Ливерпуль" академияси: Сен ёлғиз эмассан  1 20:51Рустам Ашурматов: "Жамоавий ўйин бўйича Қатардан устунроқмиз"  3 20:0112 йиллик армон ёхуд "Насаф"ни чемпион қилган Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив интервью   7 19:32ПСЖ бу сафар Тибо Куртуани сотиб олишга уриниб кўрмоқчи  3 19:13Рафинья Ямалга 10 минг фунтлик тилла "iPhone" совға қилди  6 18:41Неймар: "Шу ҳафтанинг ўзида 3 та фейк хабар чиқди. Бразилия менга бундай муносабатда бўлаётганидан хафаман"  12 18:10Беларусь терма жамоаси ҳужумчиси виза билан муаммо туфайли Миллатлар Лигаси учрашувини ўтказиб юборади  0 17:46"Бавария" Ян Кристиан Дризен билан шартномани узайтирди  1

Бир клуб тарихи: "Самодаги лочинлар" News

Бир клуб тарихи: "Самодаги лочинлар"

"Championat.asia"да "Бир клуб тарихи" рукни давом этади.

Йўлингиз водий томонларга тушгудек бўлса, довондан ўтишингиз билан сўлим Наманган сизни қучоқ очиб кутиб олади. Водийликларнинг меҳмондўстлиги, тантилиги ва бағрикенглиги тилларда достон. Айниқса, Наманган аҳлининг футболга меҳри бўлакча. Вилоят шарафини ҳимоя қилувчи “Навбаҳор” эса мухлисларининг ардоғидаги ва эъзозидаги жамоадир. “Лочинлар”нинг ишқибозлари нафақат ўз майдонларидаги ўйинларда, балки, меҳмонда ҳам севимлиларини ёлғиз қолдиришмайди. “Навбахор”нинг ўйинлари пойтахтда бўладими, Қарши ёки Бухородами клуб жонкуярлари жамоа билан бирга бўлишади, наманганлик қоракўзлар учун масофа тушунчаси иккинчи даражали ҳисобланади. Муҳими – ғалаба. Демак, клуб фидойи мухлислари изоҳига ҳожат йўқ, лекин эътирофига эҳтиёж бор.


Ўзбек футболи мухлислари ичида шундай гап юради: “Агар, “Навбаҳор” ўйини Африкада бўлса, унда ўша жойда ҳам наманганлик мухлисларни учратасиз!”. Дарҳақиқат, мамлакатнинг энг садоқатли тарафкашлари “лочинлар”га тегишли десак муболаға бўлмайди. Клуб ўз майдонида бўлиб ўтган ўйинларда жуда кучли ўйин намойиш этади ва рақиб қайси жамоа бўлишидан қаътий назар ижобий натижа қўлга киритиш наманганликларнинг биринчи галдаги муҳим вазифаси ҳисобланади.

Эришган натижалари:
Ўзбекистон чемпиони: (1 марта)

1996 йилги мавсум.
Бронза медал соҳиби: (9 марта)
1993, 1994, 1995, 1997, 1998, 1999, 2003, 2004, 2018
йиллардаги мавсум.
Ўзбекистон кубоги соҳиби: (3 марта)
1992, 1995, 1998 йиллардаги мавсум.
Ўзбекистон кубоги финалчиси: (1 марта)
1993 йиллардаги мавсум.
Ўзбекистон суперкубоги соҳиби: (1 марта)
1999 йилдаги мавсум.



Клубнинг тарихи

Мамлакат футболида ўз мавқеига эга “Навбаҳор” Олий лиганинг барча чемпионатлари иштирокчиси бўлган, ички биринчиликдаги икки жамоанинг биридир. 1974 йилда “Текстельшик” номи билан ташкил қилинган клуб 45 йиллик фаолияти давомида Собиқ иттифоқ биринчилиги баҳсларида иштирок этган. 1992 йилги мавсумдан эътиборан эса Олий лига ўйинларида мунтазам қатнашиб келмоқда. Клуб ортда қолган 28 мавсум давомида бир марта чемпион бўлган эрса, уч бора кубок баҳсларида ғолиб бўлишган ва бир сафар суперкубок соҳибига айланишган. Шунингдек, жамоа тўққиз маротаба бронза медалларига эга чиққан. Бугун мазкур мақола орқали “лочинлар” томонидан босиб ўтилган мардонавор йўл ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламан.

“Лочинлар” 1978 йилдан Собиқ иттифоқнинг ички биринчиликларида иштирок этиб келган. Клуб бир неча марта “Текстельшик”, ”Автомобилист”, “Навбаҳор” номлари остида худудий ва иккинчи лига баҳсларида фаолият юритган. 1992 йилдан эътиборан Олий лига баҳсларида иштирок эта бошлашди. Ўзбекистон миллий биринчилиги баҳсларининг дастлабки мавсумида жамоа турнир жадвалида 44 очко тўплаган ҳолда, бешинчи ўринни банд этди. Кубок баҳсларида эса биринчи бўлишга эришди ва мустақиллик йилларида ташкиллаштирилган кубок баҳсларининг биринчи ғолиби сифатида тарихга кирди. Самарқанд шаҳри мезбонлигида ўтган финал беллашувида Биродар Абдураимов бошчилигида майдонда саф тортган наманганликлар Қўқоннинг “Темирйўлчи” клубини пенальтилар сериясида мағлубиятга учратишди ва дастлабки совринларини қўлга киритишди. Ўша мавсумларда Олий лигада рақобат жуда кучли бўлган. “Нефтчи” ва “Пахтакор”нинг лигадаги гегемонлиги ва мазмунли ўйинлари алоҳида мавзу эди. Ундан ташқари “Нурафшон” ва “Сўғдиёна” сингари жамоалар ҳам наманганликларга жиддий рақобат қилишарди. 1993 йилги мавсумда жамоа мураббийлар штабида бир неча марта мутахассислар алмашиниши рўй беради. Жумладан, жамоа дастлаб Усмон Асқаралиев бошчилигида турнирни бошлаб, сўнгра Бахтиёр Бобоев бошқарувида мавсумни якунлайди. Бу ҳолат клубнинг жамоавий ўйинига салбий таъсир ўтказмай қолмади. Кубок ўйинларида омадсизликка учралди ва чемпионат баҳсларида финишга учинчи бўлиб етиб келинди. 1994 йилги мавсумга келиб тожикистонлик мутахассис Шариф Назаров клубга бош этиб тайинланди. Мазкур мураббий бошчилигида жамоа яна бир бор бронза медалларини қўлга киритди. Шундан сўнг, клубни Биродар Абдураимов ва Николай Любарцев сингари мураббийлар бошқарди. 1995 йил “Лочинлар” иккинчи бор кубок баҳсларида зафар қучишди. Ярим финалда азалий рақиблари “Нефтчи” жамоасини йирик 5:0 ҳисобида тор-мор этиб, ҳал қилувчи финал баҳсида Тошкентнинг МХСК клуби битта тўп фарқи билан мағлуб этилди.


Олтин йил

1996 йилнинг кузида кўпчилик спорт газеталарининг бош саҳифасида шундай сўзлар таҳрир қилинди: “Наманганда байрам - “Навбаҳор” чемпион бўлди”. Ўша давр мухлислари яхши эслашса керак, жамоа миллий биринчилик беллашувларини мазмунли ва шиддатли тарзда ўтказа олди. Асосийси, “Пахтакор”, “Нефтчи”, МХСК, “Нурафшон” ва “Янгиер” каби кучли клубларни ортда қолдирлан ҳолда, ўзларининг ҳозиргача ягона бўлиб турган чемпионлик унвонини қўлга киритишди. Бунда бош мураббий Виктор Жалиловнинг хизматлари катта эди. Қолаверса, Виктор Романович ажойиб таркибни йиға олган ва ажойиб тактика ҳамда жамоавий ўйинни тўғри йўлга қўя олган эди. Чемпиолик мавсумида клуб турнир жадвали якунида 30та ўйинда 74 очко тўплаб, кумуш медал соҳиби бўлган “Нефтчи” клубини атиги икки очко фарқи билан ортда қолдирди. Шунингдек, ўша мавсумда жамоа беш бора дуранг қайд этиб, икки марта мағлуб бўлди. “Лочинлар” мавсумда 88та тўп киритган ҳолда, ўз дарвозасидан 23та гол ўтказиб юборди. Жамоа ҳужумчиси Олег Шацких рақиблар дарвозасини 23 бора аниқ нишонга олиб, мавсум тўпурари бўлишга эришди. Чемпионлик масаласини ҳал қилган ўйинда Сирдарёнинг “Янгиер” клубини 5:1 ҳисобида мағлуб этишди. Ўша куни “Гуллар шаҳри”да ҳақиқий байрам бошланди. “Марказий” ўйингоҳга йиғилган 50 мингдан зиёд мухлислар учун тарихий ғалаба ажойиб тарзда нишонланди. Ҳакамнинг финал ҳуштаги янграши билан тарихий чемпионлик тантаналари бошланиб кетди. “Навбахор - Чемпион!”, “Навбахор - Чемпион!”, – дея ҳайқираётган мухлислар овози бутун шаҳарнинг “қулоғини қоматга” келтираёзди.

Балки, мухлислар овози бутун водийга эшитилгандир?! Ха, бу – чемпионлик қувончи эди. Наманган кўчалари узра ғолибликни нишонлаётган мухлислар ўйингоҳдан чиқиб, шаҳар маркази Чорсугача пиёда мағрур боришди. Мазкур ғалабада ҳамма муносиб қатнашди. Жумладан, Тўрақўрғон аҳлининг дуолари, чортоқликларнинг тарафкашлиги, попликларнинг меҳри, учқўрғонлик мухлислар садоқати, чустликлар олқиши ва Косонсой халқининг қўллаши натижасида наманганликлар тарихий ғалабага эришдилар. Орадан 23 йил ўтган бўлишига қарамасдан ”Навбахор”нинг ўша ғолиблиги ўзгача энтикиш билан эсланади. Йиллар ва фасллар бир-бири билан навбат алишиб, янги тарих яратилишига сабаб бўлади. Ортда қолган йиллар эса қилинган ва бажарилган эсда қоларли натижалар билан ёдга олинади. “Навбаҳор”нинг ўша чемпионлиги бугун ҳам мухлислар оғзидан тушмай келиниши сабаби балки шундандир. Тарихни ёдга олиб, ўша чемпионликка муносиб ҳисса қўшган фидойи жамоа аъзоларини бирма-бир эсга олсак. Клуб президенти - Муҳаммаджон Каримов, вице президенти - Ҳакимжон Ҳошимов, клуб раиси – Толиб Абдуллаев, жамоа бошлиғи – Бахтиёр Бобоев, бош мураббий – Виктор Жалилов, мураббий – Владимир Ятченко, техник директор – Михаил Вартазаров, жамоа маъмури – Самвел Бабаян, шифокор – Анатолий Камалов. Жамоа футболчилари: дарвозабонлар – Дмитрий Башкевич ва Олег Беляков. Ҳимоячилар: Бахтиёр Тоғаев, Фарҳод Магометов, Мустафо Байрамов, Эдуард Мамотов, Марат Дилмухамедов, Геннадий Денисов. Ярим ҳимоячилар: Алексей Винников, Абдуқаҳҳор Маъруфалиев, Анвар Асадуллаев, Илхом Шарипов, Сергей Арслонов, Тохир Мадрахимов, Анвар Солиев. Ҳужумчилар: Олег Шацких, Зафар Мусабоев, Дилшод Алиев, Ёрпулат Ёралиев.


Олтин мавсум

Чемпионликдан кейинги йиллар


1996 йилги мавсумдаги чемпионликдан сўнг, жамоа кетма-кет уч мавсумда биринчиликда бронза медалларини қўлга киритди. 1998 йилда эса “лочинлар” учинчи бор кубок баҳсларида ғалаба қозонди. Финал баҳсида принципиал рақиби “Нефтчи” жамоасини “Пахтакор” марказий ўйингоҳида иккита тўп фарқи билан доғда қолдиришга эришди. 1999 йил ҳам наманганликлар учун анча омадли келди. Олий лигада бронза медаллари қўлга киритилган бўлса, биринчи бор ташкил қилинган суперкубок учрашувида “Пахтакор” таслим қилинди. Фарғонада бўлиб ўтган беллашувда Виктор Жалилов бошчилигидаги “лочинлар” пойтахтлик “шерлар”ни 4:2 ҳисобида мағлуб этишни уддасидан чиқишди. Ушбу ғалабадан сўнг “Навбахор” кейинги мавсумларда айтарли натижаларни қўлга кирита олмади. Шунингдек, ўша вақтдаги жамоа таркиби “ёппасига” Тошкентнинг “Пахтакор” клуби таркибига ўтиб кетишган эди. 2003 йилга келиб клуб мутасаддилари россиялик Игорь Волчокни бош мураббийликка олиб келишди. Игорь Семёновичга катта ишонч билдирилди ва чемпионлик масаласини ҳал қилиш вазифаси қўйилди. Қолаверса, клубга тажрибали футболчилар таклиф этилди. Аммо, якунда жамоа фақат бронза медаллари билан чекланди ҳолос. Кейинги мавсумда 2004 йилги Осиё чемпионатига Туркманистон терма жамоасини олиб борган таниқли мутахассис Раҳим Курбанмамедов бош мураббий этиб тайинланди. Жамоа ўйини анча ўсди ва асосийси чемпионатда рақобатдош клуб сифатида яна шаклланди. Гуванчмухаммед Овеков ва Дидар Хажиев сингари туркманистонлик футболчилар мухлислар меҳрини қозона олди. 2004 йилги мавсумдаги бронза медаллари қўлга киритилди ва жамоа ҳужумчиси Шуҳрат Мирхолдиршоев 31та гол билан чемпионат тўпурари бўлди. Кейинги масмуларда “лочинлар”нинг Олий лигада совриндорлар қаторидан жой олиши анчайин муаммо бўлиб қолди ва наманганликлар чемпионатнинг ўртамиёна жамоалари сафига қўшилиб қолди. Бир неча йиллар давомида навбатма-навбат бош мураббийларнинг ўзгариши, ўртамиёна легионерлар олиб келиниши, вилоят футбол мактаблари тарбияланувчиларининг бошқа ҳудуд клубларига ўтиб кетишлари ва раҳбариятнинг тез-тез алмашиниб туриши оқибатида жамоавий ўйин йўқолди. Энг ёмони эса чемпионлик руҳи жамоани тарк этганди ва ҳаттоки, совриндорлар қаторига кириш ҳам жамоа учун муаммо бўлиб қолган даврлар бўлди. Статистик маълумотларга эътибор берсак 2005 йилдан 2015 йилгача бўлган вақтда жамоани 8 нафар бош мураббий бошқарган. Жумладан, Рустам Забиров, Илдар Сакаев (2 марта), Толиб Бобоев, Виктор Жалилов, Мустафо Байрамов, Бахтиёр Ашурматов ва Рашид Ғофуров сингари мутахассислар “лочинлар” билан айтарли натижага эриша олмаган. Жамоанинг энг ёмон натижаларидан бири эса 2016 йилги мавсумда қайд этилган бўлиб, ўша йили наманганликлар 23 очко билан турнир жадвалининг 15-ўрнини эгаллашган ва Олий лигада қолиш учун ўтиш ўйинида иштирок этишга мажбур бўлишган. 2016 йил 28 ноябрь санасида яна бир вилоят вакили “Норин” жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, аранг биринчиликда қолишга эришган. 2017 йилги мавсумда Илҳом Мўминжонов бош мураббийлигида клуб ўйинларида бироз бўлсада ўзгариш сезилди ва рақобатдош жамоа шаклланди ҳамда йил якунида жамоа турнир жадвалининг кучли бешлигига киришга муваффақ бўлди. Мўминжоновнинг бошқарувидан кейин клубни қабул қилиб олган ўтмишнинг ёрқин юлдузи Андрей Канчельскис ҳам “лочинлар”нинг ўйинига мазмун олиб кира олди ва клубни 14 йиллик танаффусдан кейин яна совриндорлар қаторига олиб кира олди. Ўша мавсумдаги бронза медалларида Мўминжоновнинг ҳиссаси катта эди. Жорий мавсум бошида жамоанинг ўйини бироз пасайди ва дурранглар серияси авж олди. Бунинг натижасида клуб раҳбарияти мураббийлар штабига Деян Журжевични олиб келишди. Сербиялик мутахассиснинг қарашлари жамоа ўйинига мос тушмади ва унга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Ҳозирда “лочинлар”нинг бошқарув рули яна Андрей Канчельскисга ишониб топширилган. “Навбахор” ушбу мавсумда 23 ўйинда иштирок этиб, 31очко жамлаган ҳолда, турнир жадвалининг еттинчи поғонасида бормоқда.



Осиё майдонларидаги ўйинларга назар

“Навбахор”нинг Осиё майдонларидаги дастлабки иштироки 1996/97 йилги мавсумга тўғри келади. Ўша йили Осиё кубок эгалари кубоги (ҳозирги ОФК кубоги) ўйинларининг биринчи босқичида Ироқнинг “Ал Қува” клубини мағлубиятга учратган ҳолда, иккинчи босқичда Эроннинг “Истиқлол” клуби билан ўзаро ҳисоб-китоб қилишга тўғри келган. Наманганда 4:1 ҳисобидаги ғалаба қозонилганига қарамай, Техрондаги баҳсда учта жавобсиз тўп ўтказиб юборилган ва мусобақани эрта тарк этишга мажбур бўлишади. “Лочинлар” 1997/98 мавсумларда Осиё чемпионлар кубоги (ҳозирги ОЧЛ)да иштирок этишди. Плей-офф баҳсларида Тожикистоннинг “Динамо Душанбе” ва Туркманистоннинг “Ниса” клубларини мағлуб этиб, гуруҳ баҳсларига йўлланма олишди. Квартет учрашувларида эса Байрутнинг “Ал Ансор” ва Теҳроннинг “Пирузи” жамоалари билан муроса йўли танланган бўлса, Ал риёднинг “Ал Ҳилол” жамоасига 1:3 ҳисобида енгилиб мусобақани тарк этишди. 1999/2000 мавсумда жамоа яна Осиё кубок эгалари кубоги баҳсларида иштирок этиш хуқуқини қўлга киритди. Ушбу мусобақа “лочинлар” учун анча омадли кечди. Иккинчи раунд баҳсларида Қизилўрданинг “Қайсар” жамоасини икки ўйин натижасига кўра мағлуб этишди. Чорак финал учрашувида Жидданинг “Ал Аҳли” клуби қаршилигини синдира олмаган бўлсалар ҳам, саудияликларнинг мусобақадан дисквалификация қилиниши натижасида кейинги босқичга йўлланма олишди. Ярим финал баҳсида Боғдоднинг “Ал Завра” клубига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Финал остонасидаги мағлубиятдан сўнг, учунчи ўрин учун кечган баҳсда Таиланднинг “Бангкок Банк” жамоаси билан тўқнаш келишди ва ғалабани қўлдан бой беришган бўлсада, якунда Осиёнинг энг кучли тўрт жамоаси сафига киришга эришишди.

“Лочинлар”нинг Осиё майдонларидаги статистикаси:
Иштироки:
З марта (1996/97, 1997/98, 1999/2000 йиллардаги мавсумлар)
Ўйинлар сони : 17 та
Ғалаба: 6та.
Дурранг: 4 та.
Мағлубият: 7 та.
Урилган голлар сони: 32 та.
Ўтказиб юборилган голлар сони: 33 та.
Энг юқори натижа: 4-ўрин.



Мухлислар ардоғида бўлган “Навбахор”нинг бугунги кундаги ўйинлари анча ўсишга эришган. Маҳаллий ҳокимият томонидан ҳам эътибор олдинги йилларга қараганда анча кучайган. Энг қувонарлиси эса “Марказий” ўйингоҳ жаҳон талабларига жавоб берадиган даражада реконструкция қилинди. Клубга юқори савиядаги легионерлар олиб келинди ва узоқ муддатли шартномалар имзоланди. Олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар ўз натижасини бермасдан қолмайди, албатта. Биз эса “лочинлар”га улкан парвозлар тилаб қоламиз. Зеро, шундай мухлислари бор жамоага фақат ва фақат йирик ғалабалар ярашади.

Эътиборингиз учун раҳмат!
Фарруҳ Дониёров



Фото Бир клуб тарихи: "Пахтакор" - халқ жамоаси

Rating: +37   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика