Latest news

08:41Sofascore. Кечаги учрашувда футболчиларимиз неча баҳога лойиқ кўрилди?  14 08:10ЖЧ-2026 саралаши. Винисиус пенальтидан гол ура олмади, Месси ва Аргентина эса сафарда Парагвайга ютқазди  2 07:54Ҳамид Саҳари Қатар-Ўзбекистон учрашуви учун карикатура чизди  23 07:24Марко Матерацци: "Златан ўзини энг зўри деб ҳисоблайди, лекин ундай эмас"  0 02:50Миллатлар лигаси. Италияда кичик, Англияда йирик ғалаба, Франция эса...  0 02:38Мана бу жиддий йўқотиш: Лаосда Шомуродовсиз ўйнаймиз  26 02:05Аҳмед Фатҳи: "Иккинчи бўлимда хатоларга йўл қўйдик, аммо ўйин сўнгида ғалабани илиб кетдик"  2 01:48Маркес Лопес: "Биринчи бўлимда барча жабҳаларда рақибдан устунроқ эдик"  13 01:44Аморим "Ипсвич"га қарши ўйинда МЮни бошқарадими?  0 00:55"Реал"нинг навбатдаги мураббийи аниқ...ми?  0 00:16Сречко Катанец: "Қандай қилиб сўнгги дақиқада оддий гол ўтказдик, буни билмайман" (тўлиқ)  113 23:54Катанец қўл остидаги иккинчи расмий мағлубият  81 23:35ЖЧ-2026 саралаш босқичи. Сўнгги сонияда ютқаздик  91 23:30ЖЧ-2026 саралаши. БАА - Қирғиз Республикаси баҳси якунланди  19 23:23ЖЧ-2026 саралаш босқичи. Ўзбекистон 90+12 дақиқада ўтказилган гол эвазига Қатар майдонида мағлубиятга учради  1097

Бир клуб тарихи: "Пахтакор" - халқ жамоаси News

Бир клуб тарихи: "Пахтакор" - халқ жамоаси

"Championat.asia"да "Бир клуб тарихи" рукни давом этади.

"Пахтакор" - халқ жамоаси. Дарҳақиқат, клуб миллатнинг ва халқнинг меҳрига сазовор бўлган, эришган ютуқлари, қайд этган натижалари билан мухлисларни ҳис-ҳаяжонда ушлаб турган жамоадир. Ўзбекнинг қайси маҳалласи ёки хонадонига қадам ранжида қилманг "Пахтакор" ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қиладиган инсонларни учратишингиз ҳамда "сариқ-кўклар" тўғрисида соатлаб суҳбат қуришларига гувоҳ бўлишингиз мумкин.



"Отамнинг Пахтакори"


Болалик чоғларим ёдимда. Уйимизда "черно-белый" телевизоримиз бўларди. Бобом кўпинча ишдан чарчаб келиб, шу телевизорда футбол кўрардилар. Мен ҳам кўпинча уларга қўшилишиб ўйинларни томоша қилар эдим. Ҳали мактаб ёшига тўлмаган бўлсам ҳам футболни ўзгача интиқлик билан кутиб, ҳовлимиздаги сўрида завқланиб кузатардим. Бобом кўпинча фақат бир жамоанинг ўйинларини кўриши ва учрашув вақтида ҳар замонда ўйинчиларни асабийлашиб койиб қўйишлари мени ажаблантирарди. Ҳали ҳамон эсимда ўша бобом мухлислик қиладиган жамоа либосиниг чап тепа томонида пахта чаноғини расми мени кўпроқ ўзига тортарди ва бугунги кунда ҳам ўша эпизодлар ҳаёлимда такрор гавдаланади. Бир куни болаликдаги қизиқишим ортиб бобомга юзланиб сўрадим:

- Бобожон. Сиз бунчалик кимга ишқибозлик қиласиз?
- "Пахтакор"га.
- У кимники?
- У халқники болам! - дея жавоб берганлари ҳамон ёдимда.

Болалигимдаги ўша суҳбатни ҳалигача эсимдан чиқармайман. Улғайиб футболга меҳр қўйиб, шу кичик диалог негизида нечоғлик катта маъно борлигини ҳис қилдим. Йиллар ўтиб бобом мухлислик қилган жамоанинг ўзбек футболида тутган ўрни беқиёслиги ва миллатнинг ҳар бир фуқароси учун қадрли эканлигини англаб етдим. Бағрикенг ўзбек халқи шарафини муносиб ҳимоя қилган, юртдошларимиз кўнглига олам-олам қувонч олиб кира олган ва футболимиз кўзгуси бўлган жамоанинг мозийдаги тарихига назар ташлаган ҳолда, "шерлар"нинг эришиган ютуқлари ҳақида сиз азиз мухлислар билан бўлишишни ихтиёр этдим.



Мамлакатнинг 12 карра чемпиони ва 11 бора кубок соҳиби бўлган клубга 1956 йил 8 августда асос солинган. Собиқ иттифоқ чемпионатларининг 36 мавсуми иштирокчиси ҳамда 1992 йилдан буён Ўзбекистон Олий лигасининг доимий қатнашчиси бўлган "шерлар"нинг эришган натижалари қуйидаги рақамларда акс этган.

Эришган натижалари:

Ўзбекистон чемпиони: (12 марта)
1992, 1998, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2012, 2014, 2015, 2019 йиллардаги мавсум.
Кумуш медал соҳиби: (6 марта)
1993, 2001, 2008, 2009, 2010, 2018 йиллардаги мавсум.
Бронза медал соҳиби: (2 марта)
2011, 2017 йиллардаги мавсум.
Ўзбекистон кубоги соҳиби: (11 марта)
1993, 1997, 2001, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2009, 2011
йиллардаги мавсум.
Ўзбекистон кубоги финалчиси: (3 марта)
1996, 2008, 2018 йиллардаги мавсум.
МДХ кубоги соҳиби: (1 марта)
2007 йилдаги мавсум.

1992 йилги таркиби


Клубнинг янги тарихи


1992 йилги мавсумдан эътиборан "шерлар" Ўзбекистон Олий лигаси ўйинларида иштирокини бошлаган. Биринчи мавсумнинг ўзидаёқ чемпионлик учун машаққатли йўл босиб ўтилди. Фарғонанинг "Нефтчи" клуби тошкентликларга ҳақиқий "бош оғриғи" вазифасини ўтаб берди. Чемпионлик масаласи сўнгги турга қадар давом этди ва якунда мазкур икки клубнинг очколар сони 51 тани ташкил қилди. Кескин беллашувлар ва муросасиз кечган ўйинлар билан ёдда қолган Олий лиганинг дастлабки мавсумидаги чемпионлик "Пахтакор" ва "Нефтчи" жамоаларига насиб этди. Қўшчемпионлик қайд этилган мавсумда "сариқ-кўклар"нинг моҳир ҳужумчиси Валерий Кечинов 24та гол билан чемпионат тўпурарига айланди. Бош мураббий Аҳрол Иноятовнинг жамоа билан қўлга киритилган муваффақияти шу тариқа ўзбек футболи тарих зарварақларининг бош саҳифасига мухрланди.

Олий лиганинг дастлабки мавсумларида "Пахтакор" жиддий рақиблар билан ҳисоблашишига тўғри келган. Жумладан, клуб 1992 йилги чемпионликдан сўнг орадан олти мавсум ўтибгина яна "тахт"га қайтганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ўша вақтларда Юрий Саркисян бошчилигидаги "Нефтчи" клуби Олий лиганинг ҳақиқий гегемони эди. Қолаверса, "Навбахор" ва МҲСК жамоаларининг кучли ўйинлари ва чемпионлик масаласини ҳал қилишлари сабаб тошкентликларнинг шоҳсупага қайтиши бир неча йилларга чўзилди. 1998 йилга келиб пойтахтликлар бразилиялик Убеража Вега да Силва бошчилигида ўзларининг иккинчи чемпионликларини қўлга киритишди. Мавсум якунида азалий рақиб "Нефтчи" жамоасини олти очко фарқи билан ортда қолдиришди ҳамда клуб футболчилари Игорь Шквирин ҳамда Миржалол Қосимовлар 22тадан тўп киритган ҳолда чемпионат тўпурари бўлишди. Шунингдек, ўша чемпионлик масаласини ҳал қилишда клуб футболчилари Ёрқин Назаров, Отабек Пирматов, К.Андерссон, Мурод Алиев, Бахтиёр Ашурматов, Николай Ширшов, Азамат Абдураимов, Баҳодир Қамбаралиев, Рустам Шоймардонов ва бошқа чарм тўп усталарининг хизматлари катта бўлганлигини келтириб ўтиш ўринлидир. Кейинги мавсумларда эса ички биринчилик баҳсларида "Дўстлик" ва МҲСК жамоаларининг яккаҳокимлиги натижасида "шерлар"нинг совриндорлар қаторидан жой олиши бироз қийинлашди. 2001 йилги кубок баҳсларидаги ғолибликни ҳисобга олмаганда клуб чемпионлик масаласини орадан тўрт йил ўтибгина қўлга киритди. 2002 йилги мавсум Виктор Жалилов ва туркманистонлик мутахассис Тажмурат Агамурадов бошчилигида янгидан шаклланган таркиб ва тактика асосида мавсумни бошлашди. Айнан ўша даврдан бошлаб бир чизиқли ҳимояга ўтилди ва янги номлар кашф этилди. Ҳусусан, Александр Гейнрих, Игнатий Нестеров, Сервер Жепаров каби ёш футболчилар клубда ўзларини ҳар томонлама кўрсата олди ва мавсум якунида олтин медалларни қўлга киритган ҳолда, учинчи чемпионлик нишонланди. Кейинчалик қаторасига 6 мавсум бу унвонни ҳеч кимга беришмади. 2003 йил клуб учун анча омадли бошланди. Ички биринчиликдаги мазмунли ўйинлар билан бирга, Осиё майдонларида ҳам ўзларини кўрсата олишди. Янгидан ташкил этилган Осиё Чемпионлар лигасида гуруҳ баҳсларидаги иштирокини ажойиб тарзда ўтказди. Уйда ўтган учрашувлардаги дастлабки икки баҳсда Ашҳободнинг "Ниса" ва Ироқнинг "Ал Талаба" клубларини бир хил 3та тўп фарқ билан мағлубиятга учратишди ҳамда квартетнинг сўнгги ўйинида Эроннинг ўша даврлардаги машҳур жамоаси "Пирузи" жамоасини мағлубиятга учратган ҳолда мусобақанинг плей-офф босқичига йўлланма олишди. Ярим финалда эса Бангкокнинг "БЕК Теро Сасана" клубига қарши бўлиб ўтган биринчи учрашувда 1:3 ҳисобида мағлубият қайд этилди. Жавоб баҳсида эса Тердсак Чайман сардорлигидаги жамоа даврозасига С.Жепаров томонидан киритилган ягона гол якунда "Пахтакор" учун етарли бўлмади ва мусобақадаги иштирокини якунлашга мажбур бўлишди. Шунга қарамасдан, Олий лига баҳсларида навбатдаги чемпионлик тантана қилинди.

ОЧЛ. 2003 йилдаги таркиб


2004 йилда клуб яна ОЧЛ гуруҳ баҳсларини муваффақиятли якунлаб чорак финалга чиқди. Мазкур босқичда Абу-Дабининг "Ал Ваҳда" жамоаси устидан ишончли ғалабага эришган ҳолда ярим финалга йўлланма олишди. Ж.Кореянинг "Соннам Илва Чунма" жамоасига қарши финалга чиқиш учун кечган учрашувларда ижобий натижа қайд этолмаган тошкентликлар қаторасига икки мавсумда ҳам ОЧЛ ярим финалида юришларини тўхтатишга тўғри келди. Кейинги мавсумларда ҳам жамоа мамлакат биринчилиги ва кубок баҳсларида ғолибликни ҳеч кимга бермади. Россиялик мутахассис Валерий Непомнящий клубга бош мураббий этиб тайинлангандан сўнг бир неча ёшлар асосий таркибга жалб этилди. Жумладан, Одил Аҳмедов, Илҳом Суюнов, Садриддин Абдуллаев, Анзур Исмоилов сингари ёш футболчилар кашф этилди. Валерий Кузмич бошчилигида жамоа Олий лигадаги еттинчи чемпионлигига, кубок баҳсларида эса саккизинчи биллур совринига эришди. Шунинг билан биргаликда, клуб тарихидаги ёрқин ғалаба қўлга киритилди. "МДҲ кубоги" финалида Латвия чемпиони "Вентспилс" клуби пенальтилар сериясида дарвозабон Темур Жўраевнинг маҳорати эвазига мағлуб этилди. 2008 йилги биринчилик Олий лига мавсумларидаги энг шиддатли ўтган баҳслар билан ёдда қолди. "Шерлар" учун чемпионатдаги асосий рақобатчи "Бунёдкор" катта саҳнага чиқди. "Қалдирғочлар"нинг оламшумул трансферлари нафақат мамлакатимиз ва Осиё, балки дунё ОАВларини "портлатди". Қолаверса, "сариқ-кўклар"нинг асосий ўйинчилари Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Игнатий Нестеров рақиб жамоа таркибига ўтиб кетишганди. Шундан сўнг, ички биринчиликда "Бунёдкор"нинг гегемонлиги бошланди. 2009 йилги кубок финалида Станислав Андреевнинг ягона голи эвазига "қалдирғочлар" устидан қозонилган ғалабани ҳисобга олмаганда "Пахтакор" айтарли ютуқларга эриша олмади. 2012 йилги мавсумга келибгина тошкентликлар Мурод Исмоилов бошчилигида яна "тахт"га қайтишди ва бу сафар учта фронтда "жанг" қилган Миржалол Қосимов бошчилигидаги "Бунёдкор"ни атиги икки очко фарқи билан қувиб ўтишга муваффақ бўлишди. 2014 ва 2015 йилги Олий лига мавсумларида клуб тизимида бир неча ўн йиллар фаолият олиб борган Самвел Бабаян қўл остида чемпионлик масаласи ижобий ҳал қилинди. Самвел Вячеславовичнинг миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланиши туфайли клубни қабул қилиб олган россиялик Александр Григорян бошчилигида жамоа айтарли ютуққа эриша олмади. Ушбу мураббий истеъфосидан кейин ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмади. Кетма-кет мураббийлар алмашиниши рўй берди ва бу ҳолат жамоавий ўйинга салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Жамоани сўнгги икки йилда бошқарган Нўмон Ҳасанов, Григорий Колосковский, Равшан Ҳайдаров ва Жасур Абдураимовлар ҳам "шерлар" билан юқори чўққиларни забт эта олишмади. 2017 йилги мавсум яримдан эътиборан, мозийда ёрқин ўйинлари билан танилган грузиялик Шота Арвеладзе клуб бош мураббийи этиб тайинлангандан сўнг, "Пахтакор"да ҳақиқий жамоавий ўйин яна шаклланди. Европа футболи ҳавосини олиб келган грузиялик мутахассис жамоага бир неча маҳоратли футболчиларни ҳам таклиф этди. Гарчи ОЧЛ баҳсларида юқори натижалар қайд этилмаган бўлса ҳам, клуб уйинида ўзгача ранг-баранглик ва ҳужумкорлик пайдо бўлди. "Пахтакор" мазкур якунига етаётган мавсумда чемпионликни муддатидан олдин нақд қилди ҳамда кубок финалига қадар етиб келди. Буларнинг барчасини биринчи навбатда жамоада тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги, мураббийнинг имзоси мавжудлиги ва жамоадаги ички муҳитнинг аъло даражада эканлиги билан изоҳлаш мумкин. Бир сўз билан айтганда Шота Юстинович бир неча йиллик танаффусдан кейин ўзбек футболи байроқдорини яна ТАХТГА ҚАЙТАРДИ!

Клуб юлдузи Одил Аҳмедов кубок билан


Августдаги айрилиқ


Хотира – муқаддас. Бундан роппа-роса 40 йил олдин ўзбек футболи аламли айрилиққа учради. 1979 йил 11 август санасида "Пахтакор" клуби навбатдаги тур ўйинларини ўтказиш учун Минск шаҳрига парвоз қилаётган вақтида, Днепродержинск осмонида ҳалокатга учради. 8400 метр баландликдаги ТУ-134 самолёти бортида бўлган 84 нафар инсонларнинг барчаси авиаҳалокат натижасида аянчли тарзда бу оламни тарк этишди. Уларнинг 17 нафари бизнинг қоракўзлар, футболимиз юлдузлари эди. Ғалаба ва орзуларни кўзлаб кўкка кўтарилган тайёра ерга қайтиб қўнмади ва ўзи билан минг-минглаб юракларнинг ўкинчини олиб кетди. Албатта, ўша даврда яшаган инсонлар ва мухлислар учун 17 нафар ўғлонимизга нисбатан ўтган замонда гапириш нақадар қийин бўлганлигини орадан шунча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам, ҳозирги авлод вакиллари жуда яхши тушунишади. Ахир, эл ардоғидаги, қалбидаги ва миллатнинг бош жамоаси бўлган клуб шарафини ҳимоя қилган ўғлонларнинг барчасидан бир кунда, бир соатда ва бир лаҳзада айрилишни бир жумла ёки сўз билан ифодалаб бўлмайди. Самоларда сочилган қалблар, осмонларда қолган орзулар, ота-оналар қайғуси, ёш келинчаклар ноласи, ҳали тиши чиқиб улгурмаган гўдакларнинг етим қолиши ва мухлислар андуҳига сабаб бўлган ўкинчли ҳодиса юрагимизнинг қайсидир бир жойида битмас жароҳат бўлиб сақланиб қолган. Булутлардан гулчамбар ясаб, самоларга сочилган ва мангуликка риҳлат қилан жигарларимиз - биз сизларни ҳеч қачон унутмаймиз!

Самога сочилган юлдузлар


"Отамдан қолган тош ойна қани?!"

"Пахтакор" ўзбек халқи қалбидан шу қадар чуқур ўрин эгаллаган-ки, ҳатто оддий кундалик ҳаётда ҳам клуб билан боғлиқ жумлаларга дуч келишимиз мумкин. Агар сиз қайсидир умуман футболга қизиқиши бўлмаган инсон билан тўсатдан ўзбек футболи ҳақида суҳбат қуриб қолгудек бўлсангиз "Мен умуман футболга қизиқмайман. Фақат "Пахтакор"ни биламан!", - дейиши мумкин ёки бўлмаса Ўзбекистон терма жамоаси ўйнаган ўйинларни кўра олмаган баъзи футболга тарафкаш бўлмаган кишининг "Кеча "Пахтакор" нима бўлди?", - деб сўраганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Бу шундан дарак беради-ки: "халқ жамоаси" халқ ичидаги футболга ёд кишиларнинг ҳам юригидан "жиччагина" бўлса ҳам ўрин ола билган. "Пахтакор" ҳақида китоблар нашр қилинган, шеърлар битилган, қўшиқлар куйланган, хужжатли фильмлар олинган ва ҳамиша халқ ардоғида ҳамда ҳурматида бўлган. Ўзбек кино санъатидан тортиб, комедия жанрида суратга олинган фильмларда ҳам "Пахтакор" ҳақида эпизодлар келтирилган. Ўша тарихий кадрлардаги клуб ҳақида айтилган сўзлар бугунги кун мухлисларини ҳам қалбидан жой олган. Жумладан, Ўзбек комедияси устаси Эргаш Каримовнинг "Отамдан қолган тош ойна қани?!" ёки Ўзбекистон халқ артисти Соиб Хўжаевнинг "Мен етишмаяпман, мен!" каби жамоа ҳақида айтган жумлалари бугунги кун мухлисларининг ҳам тилидан тушмайди. Ҳуллас, "Учрашув" фильмидаги "Пахтакор"нинг ғалабасидан шодланаётган эрининг кайфиятини кўриб таъсирланган беканинг айтган гапи ёдимга тушди - "Ишқилиб ҳар доим "Пахтакор" ютаверсинда..!”.

"Учрашув" фильмидан лавҳа


"Ўзбекча Эл-Класико"


Жанговор ўйин, кучли рақобат, шиддатли вазиятлар, мардонавор ғалабалар ва мухлислар олқиши - буларнинг барчасини 90 йилларда азалий рақиблар Тошкентнинг "Пахтакор" ва Фарғонанинг "Нефтчи" жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган "Ўзбек Эл-Класико"сида кузатишингиз мумкин эди.

Дарҳақиқат, Олий лиганинг дастлабки мавсумларида мазкур икки клубнинг чемпионлик кураши қизғин тус олар эди. "Буюк чинорлар"нинг ўша вақтдаги устози Юрий Саркисяннинг ажойиб "рецепти" қаршисида жуда кўплаб жамоалар "ип эшолмасдан" қолган. Степан Атоян, Сергей Лебедев, Рустам Дўрмонов, Хислат Чилматов, Равшан Бозоров, Абдусамат Дўрмонов, Андрей Фёдоров сингари юлдузлари бор фарғоналиклар том маънода чемпионат етакчилигини қўлдан бермасликка интилишарди. Уларга қарши: Миржалол Қосимов, Азамат Абдураимов, Игорь Шквирин, Собир Ходиев, Павел Бугало каби "гвардия"га эга бўлган "Пахтакор" азалий рақиб саналиб, водийликларни изма-из таъқиб қилишга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Миллий чемпионатимизнинг дастлабки ўн мавсумида "Пахтакор" 2 марта чемпионликни қўлга киритиб, 5 бора кубок соҳиби бўган эрса, "Нефтчи"даги бу кўрсаткич 5та чемпионлик ва 2 бора биллур совринни қўлга киритганлигини статистик маълумотлар тасдиқлайди. Афсуски, янги асрнинг дастлабки йилларида "Нефтчи" клубининг мавқеи бироз тушгани ва жамоанинг ўйини пасайиши ҳисобига "шерлар"нинг натижалари сезиларли даражада ошди. Ҳозирги вақтга қадар ёши катта мухлислар ўша азалий рақибларнинг фантастик ўйнларини ўзгача энтикиш билан эслашади. Довон ошиб севимли жамоаларининг ўйинларини кўргани пойтахтга келган фарғоналик мухлисларнинг хайқириқлари ва тошкентлик ишқибозларнинг суюкли клубларини қўллаш учун водийга бориб, стадионда туриб тарафкашлик қилишлари "Ўзбек Эл-Класико"сига ўзгача зеб берарди. Биз ҳам чемпионатимизга ўша "интрига"нинг қайтишини кутиб қоламиз.

"Жони" Тожиев

Энг, энг, энг

Клуб сафида энг кўп майдонга тушган футболчи:
Мурод Алиев - 231 та ўйин.
Клуб сафида бир мавсумда энг кўп тўп киритган футболчи:
Анвар Солиев – 29 та тўп 2005 йилги мавсумда.
Клубнинг энг йирик ғалабаси:
11:0. 2007 йилдаги мавсумда "Қизилқум" клуби устидан.
Клубни энг кўп бошқарган мураббий (Собиқ иттифоқ чемпионатларида):
Иштван Секеч 1981-1985 йиллардаги мавсумда.
Клубни энг кўп бошқарган мураббий (Олий лига ўйинларида):
Тачмурад Агамурадов 2003-2006 йиллардаги мавсумда.

Жорий мавсумдаги ғалаба нашидаси

Мамлакатимизнинг байроқдор жамоаси сўнгги йилларда янгидан шакллантирилди. Энг асосийси мукаммал ишловчи клуб тизими қайтадан яратилди. Клуб академиясида таҳсил олган футболчилар асосий таркибга жалб қилиниши билан бирга, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари учун муносиб номзодлар етказиб бериб келинмоқда. Қолаверса, клубнинг бир неча нафар ўйинчилари миллий терма жамоамиз таркибига мунтазам чақирилиб келинади. Ушбу қилинаётган ижобий ўзгаришларда муҳтарам юртбошимиз томонларидан 2017 йил 21 августда чиқарилган "Пахтакор" футбол клубининг моддий-техник базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 3227-сонли қарорининг ўрни беқиёс эканлигини такидлаб ўтиш ўринлидир. Клубда келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар режали тарзда тузилиши ва ўз ишининг усталари томонидан бажарилиши тақсинга сазовордир. "Пахтакор"нинг жорий мавсумда қўлга киритилган чемпионлиги билан табриклаган ҳолда, олиб борилаётган эзгу ишларда ва улкан режалари амалга ошишида чексиз муваффақиятлар тилаб қоламан.


Эътиборингиз учун раҳмат!
Фарруҳ Дониёров



Бир клуб тарихи: Туриннинг "Кекса синьора"си

Rating: +11   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика