Ёшлигида Ривалдонинг қўлини ушлаган ва ҳозирда сеҳрли "қалпоқча"си бор Шомуродов 25 ёшга тўлди
29 июн 2020 12:41
Янгиликлар
Ёшлигида Ривалдонинг қўлини ушлаган ва ҳозирда сеҳрли "қалпоқча"си бор Шомуродов 25 ёшга тўлди
Мамлакатимизнинг энг иссиқ ўлкасида туғилиб, бугунги кунда нисбатан совуқ мамлакатда тўп тепаётган Шомуродовлар сулоласининг кенжа вакили 25 ёшга тўлди. Элдор бу сафар таваллуд айёмини Австрияда нишонламоқда. Боиси, бу ерда Россиянинг етакчи клублари иштирокида анъанавий тижорат турнири ўтказиляпти ва унда "Ростов" ҳам қатнашяпти.
Элдор Шомуродов - 1995 йилнинг 29 июнь куни Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида дунёга келган. Оиладаги муҳит сабабли ёш Элдор бошқа касбни танлай олмаслиги ўша пайтдаёқ кундек равшан бўлиб улгурганди. Унинг отаси Азамат ака ҳам профессионал футболчи сифатида мамлакатимизнинг ўртамиёна клубларида тўп тепган. Ўзидан 4 ёшга катта акаси Санжар ҳам футболчи бўлган. Элдорнинг қариндошлари орасида энг машҳури бу шубҳасиз Илҳом Шомуродов ҳисобланади. Илҳом "Насаф" жамоаси таркибида 2011 йилда ОФК Кубогини қўлга киритган.
Элдор 6 ёшидан тўп тепишни бошлаган. 11 ёшида Муборакнинг "Машъал" академиясига қабул қилинган. 2014 йилда, яъни 19 ёшида "Машъал"нинг асосий таркибида майдонга тушган. Ўша йили муборакликлар Ўзбекистон чемпионатида кучли бешликдан жой олишганди. 2015 йили Сергей Лушаннинг таклифи билан "Бунёдкор" клубига кўчиб ўтди. Шу йили дўстлари Достонбек Ҳамдамов ва Отабек Шукуровлар билан бирга ОФК томонидан "Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси" номинациясида даъвогарлар қаторига киритилди. Якунда Ҳамдамов қитъанинг энг яхшиси деб топилди. Шомуродов Ўзбекистон чемпионатида жами 96 та ўйинда майдонга тушиб, 20 та гол киритган.
2017 йилнинг июнь ойида "Бунёдкор"дан Россиянинг "Ростов" клубига трансфер қилинди. Шартнома 2,5 йил муддатга имзоланди. Россия чемпионатидаги дебюти 30 июль куни "Амкар"га қарши ўйинда бўлиб ўтган. Элдор Пермдаги учрашувнинг 88-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилганди. Яқинда у "Ростов" билан янги шартномага имзо чекди. Бу галги келишув 5 йилга мўлжалланган.
Бугунги кунда Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи рақамли ҳужумчисига айланган. Унинг мамлакат бош жамоасидаги дебюти 2015 йилнинг 3 сентбрига тўғри келади. Ўшанда у ЖЧ-2018 саралаш босқичидан ўрин олган учрашувда Яманга қарши майдонга тушган. Ўтган йил БАА яшил майдонларида ўтган Осиё Кубоги-2019 эса чинакамига Шомуродовнинг бенефисига айланиб кетди. Элдор 4 та учрашувда 4 та гол киритишга муваффақ бўлди. Аввалига 9 январь куни Уммонга қарши баҳснинг 86-дақиқасида ғалаба (2:1) тўпини киритиди. 13 январда Туркманистон терма жамоасига қарши кечган учрашув (4:0)да дублга эришди. 17 январь куни Япония билан бўлиб ўтган ўйин (1:2)нинг 40-дақиқасида чиройли гол муаллифига айланди. 1/8 финал доирасидаги Австралия - Ўзбекистон учрашувининг асосий ва қўшимча бўлимларида ҳисоб очилмаган, пенальтилар сериясида омад Яшил қитъа вакилларига кулиб боққанди.
Осиё Кубогидан сўнг ФИФА расмий сайти Элдор Шомуродовга шундай таъриф берганди:
"2015 йил ўтказилган U-20 жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатган футболчилардан бири яна порлади. Шомуродов ўзини Амирликларда ҳам жуда яхши намоён эта олди. У айниқса, Япония дарвозасига жуда чиройли гол урди. Айни пайтда "Ростов"да тўп тепаётган ҳужумчидан ҳамманинг умиди катта".
ФИФА эътироф этган ёшлар орасида шунингдек, Алмуаз Али (Қатар), Ритцу Доан (Япония), Крис Икономидис (Австралия) ва Ким Мин Жаэ (Жанубий Корея) ҳам бор эди.
Элдор яқинда Сурияга қарши Тошкентда ўтган ўртоқлик учрашувида ўзига хос натижа қайд этди. Ўйинда дублга эришганю Шомуродов терма жамоадаги голлари сонини 13 тага етказиб олди. Бу билан у Николай Ширшов ва Сардор Рашидовга етиб олди. Бу футболчилар ҳисобида ҳам 13 тадан гол бор. Ўзбекистон терма жамоасида энг кўп гол урган футболчи Максим Шацких (34та гол) ҳисобланади.
Қизиқ ҳолат шундаки, Элдор 2008-2010 йилларда "Бунёдкор" шарафини ҳимоя қилган Ривалдо билан учрашган. Аниқроғи, Муборакдаги ўйинларнинг бирида Ривалдо "Машъал" академияси тарбияланувчисини қўлидан етаклаб майдонга чиқиб келган. Шомуродов ўша кунни худди кечагидек эслайди.
- Жамоа "Машъал" билан ўйнаганида уни қўлидан ушлаб майдонга олиб чиққанман. Ўша пайтда Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаган Игнатий Нестеров, Александр Гейнрих ва Анзур Исмоилов мен учун юлдуз эди. Ривалдони кўриб шокка тушиб қолганман. Кечагина уларга тўп олиб берардим, бугун эса терма жамоада ўйнаяпман.
Шомуродов ўтган мавсумнинг иккинчи ярмидан "Ростов"нинг етакчиларидан бирига айланди. Жамоаси учун чемпионатдаги муҳим голларни киритди. Унинг Россия Премьер-лигаси 27-тури доирасидаги "Краснодар"га урган голи "Ростов"нинг мавсумдаги энг чиройли голи деб тан олинди.
Валерий Карпин, "Ростов" бош мураббийи
"Шомуродов захирадан ўйинга қўшилиб, ўйинга таъсир ўтказа оладиган қобилиятга эга. Сабаби, у кучга тўлган ва ўйинга чанқаган ҳолда майдонга тушади. Элдор гол уришдан ташқари, узатмаларни қабул қилиши, рақибларга қийинчилик туғдириши, жамоадошларига эркинлик яратиши, умуман ҳаммасини ижобий бажаради", - дея Шомуродов ҳақида фикр билдирди "Ростов" бош мураббийи Валерий Карпин.
Элдорнинг ўзи Карпин ҳақида шундай дейди:
- Валерий Георгиевични туғилган куни билан табриклаганимизда, уни қувноқ инсон деб айтганман. Карпин - тактик ва жисмоний тайёргарлик бўйича энг яхши мураббийлардан бири. Назарий машғулотларда у бизга топ-клублар қандай ўйнашини - ҳимоядан қандай чиқиши ва ҳужумга ўтишини кўрсатиб беради. Осиё Кубогидан кейин жамоадаги ҳамма мени голлар билан табриклаганди. Валерий Георгиевичнинг айтишича, унга ўйиним ёққан экан.
Одил Аҳмедов Элдор ҳақида:
- Ҳозирги кунда Элдор ҳақиқий ҳужумчига хос ҳаракатлари билан ҳаммани ҳайрон қолдирмоқда. У бундан ҳам яхшироқ ўйнашга қодир. Тўп билан бўлганимда у қаерга пас беришимни яхши билади. "Элдор - ажойиб ва оддий йигит. У қобилияти билан кўплаб футболчилар орасида ажралиб туради. Унда туғма қобилият борлиги кўриниб турибди - у кўп гол уради.
Дилшод Андаев, Шомуродовнинг биринчи мураббийларидан бири
- 2008 йили тайёрлов гуруҳлари мусобақаси учун Жарқўрғонга боргандик. Ўшанда "Машъал" футбол мактабида селекционер-мураббий вазифасида ишлаган Виктор Алешников маҳаллий икки ёш футболчи бор, шуларни бир синаб кўрмайсанми деганди. Шундан сўнг ўша икки футболчи - Элдор Шомуродов ва Сардор Абдураимов билан танишдим ва уларни "Машъал"га таклиф қилдим. У пайтда Элдор энди 13 ёшга тўлганди. У "Машъал"га келганидан сўнг дастлабки уч йилни академияда ўтказди. Бу орада Қашқадарё болалар чемпионати ва иккинчи лигада иштирок этиб юрди. Кейин "Машъал"нинг биринчи лигадаги фарм-клубига йўл олиб, биринчи лигада ўзини кўрсата бошлади. Орадан кўп ўтмай жамоамизнинг асосий таркибига жалб қилинди. Шомуродовнинг кучли томони аввало, голни яхши ҳис қилишида. Қолаверса, тезлиги билан ўйинни ўқиши, рақибларни алдаб жарима майдончасига кириб бориши ҳам яхши. Фақат битта камчилиги бор: бироз эринчоқ. Агар бўшашмасдан ўз устида ишлашда давом этса ва энг муҳими эринчоқлигини йўқотса, у идеал футболчига айланади.
Фурсатдан фойдаланиб, Элдор Шомуродовни бугунги таваллуд айёми билан сайтимиз ижодкорлари ҳамда ўқувчилари томонидан чин қалбдан муборакбод этамиз. Гол уришдан чарчама, Элдор!
Фикрлар