UZ

Сўнгги янгиликлар

14:18ПРО-Лига. "Арал" - "Шўртан": Асосий таркиблар маълум  0 13:17Неймар жароҳати ҳақида: "Шифокорлар мени огоҳлантиришганди"  1 12:49Анчелотти: "Реал" ўзининг "Олтин тўпини" 1 июнь куни ютиб бўлган"  4 12:25"Ал Райян" бош мураббийи ўтган мавсум ўзбек клуби сабабли ОЧЛдан қуруқ қолган эди  1 12:00ПРО-Лига. Бугун етакчилар жанги гувоҳи бўламиз  3 11:45"Насаф"ни чемпион қилган ўйинлар  6 11:22Рой Кин: "Манчестер Юнайтед" — шунчаки ўртамиёна клуб"  3 10:50Мареска: "Челси" АПЛнинг энг кучли таркибларидан бирига эга"  1 10:23Слот: "Салоҳнинг ўйинида пасайиш кутманг"  3 09:56"Арсенал" Муҳаммад Қуддусни сотиб олмочқи   2 09:28Мората Ямални Месси ҳамда Роналдуга солиштирди  13 09:00Элит ОЧЛ. Бугун "Пахтакор" "Ал Райян" билан куч синашади  33 08:31"Тоттенхэм" Сон билан шартномани 2026 йилгача узайтиради  2 08:05Флик: "У сафга қайтса, албатта, хурсанд бўламан"  9 07:44"Лацио" ўз уйида "Кальяри"ни таслим этди. Меҳмонлар ўйинни 9 футболчи бўлиб якунлашига тўғри келди  1

Ёш иқтидорлар «оқсоқоли» Янгиликлар

Ёш иқтидорлар «оқсоқоли»

Теглар :  Жошуа Киммих
Жошуа Киммих - германиялик ёш иқтидорлар авлодининг энг «оқсоқол» вакили.

1995-1996 йилларда дунёга келган - Брандт, Штендара, Доуд, Вернер, Горетцка, Вайгль, Озтунали, Зюле, Майер каби бир қатор ёш футболчилар ҳозирда бундеслига «об-ҳаво»сини белгилаб беришмоқда. Киммих эса нафақат «Бавария», балки бундесманншафт учун ёрқин келажак сценарийсини яратиш тараддудини кўрмоқда.

УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

Киммих - Германия футболидаги машҳур билим масканларидан бири саналган «Штутгарт» мактабининг иқтидорли тарбияланувчиси. Бу даргоҳ футбол оламини Фёрстер, Бобич, Ханси Мюллер, Марио Гомес ва  Сами Хедира каби юлдузлар билан бойитганини алоҳида айтиш лозим. Киммих 15 ёшли пайти ўзидан 2 ёш катта ўсмирлар жамоасида етакчи эди. Мухлислар унинг бош жамоа сафида майдонга тушишини сабрсизлик билан кутишди. Бироқ Жошуа 2013 йили кутилмаганда, анча иззатталаб «РБ Лейпциг» клуби билан 3-бундеслигани забт этишга йўл олди. Муҳими, жамоа тезда юқори дивизион йўлланмасини қўлга киритди, тиниб-тинчимас Киммих эса ўз тенгдошлари орасида Германиянинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Ёш иқтидор соҳиби иккинчи мавсумни мюнхенлик скаутларнинг жиддий кузатувлари остида ўтказиб, янада кучлироқ таассурот уйғотди. Натижада «Бавария» 2015|2016 йиллар мавсуми арафасида 8,5 млн. евро тўлаб, уни ўз таркибига қўшиб олди. Кейинчалик Гвардиоланинг барча талабларига тўла жавоб берган Киммих мавсум давомида «Мюнхен машинаси»нинг муҳим мурватларидан бирига айланди.

Кучли жиҳатлари

Жисмоний ҳолат. Киммих ўта чидамли футболчи ва 1,5 соат давомида юқори суръатни сақлаш салоҳиятига эга. Шунингдек, яккакурашлардан чўчимайди ва кучли босимни хотиржам кўтара олади. Тезлиги унча юқори эмас, аммо тўп билан ҳаракатланаётган рақибни қувиб етиш учун етарли.

Юксак ижрочилик маҳорати ва савия. Жошуа айнан ижро сифати ва малака масаласида ўз тенгдошларидан яққол ажралиб туради. Қолаверса, унинг барқарорлиги ҳайратланарли даражада. Асаблари мустаҳкам, шунинг учун ҳар қандай кучли рақибга қарши чиққанида ҳам, асло эсанкираб қолмайди, савияли ўйинини йўқотмайди.

Жамоавий ўйин ва тўп узатишларда самарали ҳаракат. Киммих бундеслиганинг сўнгги мавсумида узатмалар аниқлиги бўйича 92,2 фоизлик кўрсаткични қайд этди. Ваҳоланки, ярим ҳимоячи вертикал ҳамда олис масофаларга тўп узатишлардан чўчимайди, чизиқлар ўртасида боғловчилик вазифасини аъло даражада уддалайди. Майдонни яхши кўра билиши ва вазиятни тўғри баҳолай олиши эвазига хотиржам ҳолда, ишонч билан тўп суради. Жошуа шунинг баробарида тактик жиҳатдан ҳам қобилиятли. Дейлик, позиция танлашда камдан-кам адашади.

Универсаллик. Жошуанинг айнан шу фазилатини алоҳида таъкидлаш жоиз. Асли ярим ҳимоячи саналган футболчи майдон марказидаги барча позициялар - қанот, таянч ва ҳаттоки, «сохта 10-рақам» ҳудудларида бемалол самарали тўп суради. Мисол учун,  Гвардиола марказий ҳимоячига муҳтожлик сезганида, Жошуа бу вазифани аъло даражада уддалади. Ваҳоланки, у новча эмас - бўйи атиги 176 сантиметрга тенг. Йоахим Лёв эса Евро-2016 арафасида Киммих ёрдамида ўнг қанот ҳимоясидаги муаммоларни бартараф этди. Зеро, Филипп Лам терма жамоадан кетгач, орқа чизиқнинг ўнг қаноти заифлашиб қолганди.

Заиф жиҳатлари

Зарба. Ҳа, Жошуа кучли зарбаси билан мақтанолмайди. Тўғри, бу ўрта чизиқ вакили учун мажбурий фазилат эмас. Бироқ замонавий футболда ярим ҳимоячи ҳам кучли зарбага эга бўлса, зарар қилмайди.

«Иккинчи қават»да курашиш. Киммихнинг заиф жиҳатларидан яна бири шу - ҳаводаги тўқнашувларда етарли самара беролмаслик. Ваҳоланки, унда сакраш қобилияти ва чаққонлиги чакки эмас, аммо юқоридан келаётган тўп учун курашларда тез-тез имкониятни бой беради. Бундан ташқари, қаҳрамонимиз чап оёқдан фойдаланиш фоизини ошириш борасида ҳам анча тер тўкиши лозим.

Ўйин услуби

Киммихнинг ўйин услуби асосан айнан қайси позицияда тўп суришига боғлиқ. У ярим ҳимоячи сифатида ҳужумкор ҳаракатларни ҳам, таянч ярим ҳимоячиси ва ҳимоячи вазифаларини ҳам бирдек уддалайди. Қанот ҳимоясида ҳаракатланганида эса, ҳужумда фаол иштирок этади. Асосийси, Жошуа яқин келажакда «Бава-рия»да ҳам, терма жамоада ҳам ўйин услубини белгилаб берадиган асосий дирижёр мақомига кўтарилиши мумкин. Чунки майдондаги вазиятни яхши ҳис этади, қулай ҳужум йўналишини тез ва аниқ белгилайди, ҳимоя ҳамда ҳужум чизиқлари орасида уй-ғунликни таъминлайди.

Ютуқлари

U-19 тоифасида Германиянинг энг яхши ўйинчиси учун таъсис этилган Фриц Вальтер соврини танловида бронза медали соҳиби.

U-18 тоифасида Германиянинг энг яхши ўйинчиси учун таъсис этилган Фриц Вальтер соврини танловида кумуш медал соҳиби.

Евро-2016 иштирокчиси. 21 ёшигача профессионал футболда 95 марта майдонга тушиб, 3та гол уришдан ташқари, 6та самарали тўп узатишни уддалади.

Ҳа, Киммихнинг немис гранди сафидаги илк мавсумда муваффақиятли ўйнашига етакчи футболчиларнинг жароҳатга йўлиқишгани ҳам маълум даражада сабаб бўлди. Бу ҳол янги мавсумда такрорланмаслиги мумкин. Демак, Киммих жиддий рақобатга дуч келади. Лекин янги мураббий Карло Анчелотти ҳам унга алоҳида умид боғлаши аниқ. Дейлик, мавсум давомида юзага келиши эҳтимоли бор муаммоларни ҳал этишда айнан Киммихга хос универсаллик қўл келишига шубҳа йўқ. Умуман, итальян мутахассиси ёш шогирдидан кўпроқ самара кутаётган бўлса, ажабмас. Эҳтимол, Жошуа янги мавсумда «Бавария»нинг асосий таркибидан мустаҳкам ўрин олар? Ҳар ҳолда, у истеъдод бўйича бунга қодир!

Football.ua - С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика