Япониядан қайтиб келган Азиз Ғаниев Мусаевга раҳмат айтди ФОТО
19 ноя 2018 15:49
Янгиликлар
Япониядан қайтиб келган Азиз Ғаниев Мусаевга раҳмат айтди ФОТО
Суперлига доирасидаги "Насаф" - "Навбаҳор" учрашувида жароҳат олиб сафдан чиққан Азиз Ғаниев Японияда жарроҳлик столида ётқизилганидан хабарингиз бор. Кунчиқар юртда салкам 3 ой муддат яшаган ва тиббий муолажа олган футболчи тикланиш жараёнларини муваффақиятли ўтказди.
Японияда Азиз Ғаниевни кутиб олиб, унга жароҳатини даволаш жараёнида бевосита катта кўмак кўрсатган Фозил Мусаев ўтган вақт мобайнида собиқ жамоадошига ҳамрохлик қилган. Азиз Ғаниев бизга маълум қилишича, жарроҳлик операциясига кетган барча ҳаражатларни "Насаф" клуби тўлаб берган.
"Барчаси яхши. Кеча Япониядан қайтиб келдим. Ўтган вақт давомида Японияда мени қўллаб-қувватлаб, ўз хизматини аямаган Фозил ака Мусаевга миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, "Насаф" клуби ва жамоа мураббийлар штаби ҳамда футболчиларга ҳам раҳмат. Мухлисларга эса соғинчли саломимни йўллайман! Худо хоҳласа тез орада майдонга қайтиб, уларни ўз ўйинларим билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламан", - деди Азиз Ғаниев.
Айни пайтда юртимизга қайтиб келган Азиз Ғаниев ҳозирда оила даврасида. Тез орада футболчи "Насаф" қароргоҳига йўл олади.
Азиз Ғаниев декабрдан бошлаб индивидуал тарзда машғулотларга киришишини таъкидлади. Футболчи тахминан яна 1,5 ойлардан сўнг жамоа билан умумий гуруҳ машғулотларига қўшилиши кутилмоқда. Азиз Ғаниев катта эҳтимол билан февраль ойида яшил майдонга қайтиши мумкин.
Қайд этиш жоизки, Азиз Ғаниев январда бўладиган Осиё Кубогини жароҳати боис ўтказиб юборади.
Фикрлар