UZ

Сўнгги янгиликлар

18:36Тиаго Силванинг кейинги жамоаси номи маълум бўлди  0 18:17Вирджил ван Дейк: "Эвертон"га қарши учрашувдагидек ўйин кўрсатсак, чемпион бўлолмаслигимиз аниқ"  2 17:55Анчелотти: "Барселона"да қолиш — Хави учун тўғри қарор"  3 17:36Энцо Фернандес учун мавсум якунланди  2 17:09Беллингем ва Родриго "Реал Сосьедад"га қарши ўйинни ўтказиб юборади  3 16:55Саад Ал-Шеҳри: "Ушбу мусобақадаги таркибимиз, икки йил аввал чемпионликни қўлга киритган таркибимиздан кучлироқ"  17 16:28Футбол олами. 16:0, "Динамо" - "Насаф" 3:3 ва бошқа ўйинлар: Ўзбекистон кубоги 2-тури ҳақида батафсил   0 16:19Энди расман: Лапорта Хави янги мавсумда ҳам "Барселона"да қолишини маълум қилди  12 16:00"Челси"нинг икки футболчиси ёзда Саудия Арабистонига кўчиб ўтиши мумкин   3 15:31Осиё Кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши тўлиқ оқ либосда ўйнайди  10 15:09Ўзбекистон кубоги. 3-тур расмийлари маълум  4 14:23"Челси" "Арсенал"га йирик ҳисобда имконият бой берилгач, Почеттинони ишдан ҳайдаши мумкин  7 14:08Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Саудия Арабистонига қарши кечадиган баҳс олдидан нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  28 13:56"Манчестер Юнайтед" Марсьялнинг нархини эълон қилди  4 13:32Гвардиола Канселунинг келажаги ҳақида фикр билдирди  0

Улар қандай ишлашади? Олий лига клублари дарвозабонлар мураббийлари Янгиликлар

Улар қандай ишлашади? Олий лига клублари дарвозабонлар мураббийлари

Бундан ўн йиллар муқаддам клубларимизда алоҳида дарвозабонлар билан ишловчи мураббий деган тушунча йўқ эди.

Жамоаларда асосан икки мураббий (бош ва ёрдамчи) иш олиб борар, дарвозабонлар эса ўз билганича машғулот ўтказарди. Эндиликда дарвозабонлар мураббийи деган касб пайдо бўлди ва бу соҳа эгалари ҳам йил бошида ПФЛ заявкасидан ўтишмоқда.

Олдин қандай эди? 

Ўзбек футболига дарвозабонлар билан ишловчи мураббийлар кириб келмасидан олдин аксарият жамоалар машғулоти қуйидагича тартибда ўтарди. Одатга кўра бутун жамоа майдонга чиқади, дастлаб югуриш ва чигалёзди машқлари орқали ҳамма қизиб олади. Шундан сўнг бош мураббий майдондаги ўйинчиларни олиб қолиб улар билан ишлайди. Жамоа таркибидаги икки нафар дарвозабон эса дарвоза олдида мураббийсиз алоҳида машғулот ўтказишади. Бунда бир дарвозабон иккинчи ҳамкасбига яқиндан ёрдам бериб туради. Баъзан улар билан жамоадаги  ёрдамчи мураббий ҳам ишлаши мумкин. Лекин бу доим ҳам амалга ошавермасди. 

Энди вазият ўзгардими? 

Эндиликда ҳам машғулот ўтказиш тартиби ўша-ўша, бироқ бугунги кунда дарвозабонлар ёлғиз ўзлари эмас, балки алоҳида мураббий билан ишлайдиган бўлишди. Машғулотни бошлаб олиш тартиби деярли ўзгармаган. Доимгидек бутун жамоа майдонга чиқади, чигалёзди машқлари бажариб олингач футболчилар майдонда қолишади ва тўп билан ишлаш машқларига ўтишади. Дарвозабонлар эса ўз мураббийлари билан дарвоза томон йўл олиб, бир соатдан кўпроқ вақт давомида алоҳида шуғулланишади. Агар машғулотнинг охирги ярим соатида жамоа икки такибга бўлиниб ўйнаса, унда дарвозабонлар яна жамоага қўшилишади. 


Суратга изоҳ: Пётр Гизимчук айни пайтда "Локомотив" дарвозабонларини шуғуллантирмоқда 

Дарвозабонлар мураббийи нималарни ўргатади? 

Албатта, бу ҳам қизиқ савол. Аввало олий лигада тўп тепаётган ҳар бир дарвозабон ёшликда мактаб кўрган бўлиши шарт. Шундагина катта футболда ўйнаб кетиш осон кечади. Шу боис мураббийлар дарвозабонлар ҳақида гапирганда мактаб кўрган ёки кўрмаган деган таърифни ишлатишади. Дарвозабонлар билан ишлайдиган мураббийлар ўз шогирдларига биринчи навбатда жой танлаш, баландликка ва узунликка сакраш, пенальти белгиланганда қандай ҳаракат қилиш, тўпга тўғри чиқиш, эпчиллик ва чаққонликни ўргатишади. Дарвозабонлар алоҳида шуғулланганда бирданига тўп билан ишлашга ўтиб кетилмайди, аввало жисмоний машғулотларга зўр беришади.

Дарвозабонлар билан ишлаш оғирми? 

Футболда дарвозабон - алоҳида касб деган гап бор. Биринчидан, у майдондаги ўйинчи эмас. Қолаверса, дарвозабонлар машғулот ва ўйин пайти ҳадеб йиқилганидан ёки бўлмаса дарвоза устунига урилавергач, кўпчилик улар биланг эҳтиёт бўлиб муомала қилган маъқул дейди. Албатта, дарвозабонлар билан ишлаш оғир, мураббий доим уларнинг кайфиятига қараши шарт. Мабодо ўйинда дарвозабоннинг кайфияти бўлмаса, унда бутун жамоага қийин бўлади. Майдондаги ўйинчилардан исталган ҳолатда фойдаланиш мумкин, айтайлик ҳимоячини ярим ҳимояга ўтказиш, ҳужумчини орқага қайтариш ва ҳоказо. Лекин дарвозабон ўйиннинг бошидан охиригача фақат бир жойда туради. Унинг иши ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбормаслик. Шундай бўлганидан кейин улар билан ишлайдиган мураббийларга ҳам осон тутиб бўлмайди. Чунки дарвозабон аввало кайфият ўйинчиси ҳисобланади. Дарвозабонлар мураббийи ўйин пайтида бор эътиборини ўз шогирдининг ҳаракатига қаратади, унга ҳужумчиларнинг қандай ўйнагани-ю, ҳимоячи нимага хато қилгани унчалик қизиқ эмас. Асосийси дарвозабон хатога йўл қўймаса бўлгани.


Суратга изоҳ: Нурулло Ҳабибов "Бухоро" дарвозабонлари билан ишлайди  

Улар дарвозабонларнинг энг яқин дўсти 

Майдондаги футболчилар ўзларини қийнайдиган муаммо ёки бошқа гапларни биринчи навбатда кимга айтишади? Бош мураббийга дейсизми? Йўқ, албатта. Уларнинг энг яқин сирдоши аввало жамоа шифокори ҳисобланади. Клуб шифокори ҳар бир футболчига ўз укаси ёки дўстидек муносабатда бўлади. Аммо дарвозабонлар ўз ташвишларини биринчи галда уларни шуғуллантирувчи мураббий билан баҳам кўришади. Мураббийлар кўпинча машғулот пайтида икки ё бўлмаса уч нафар дарвозабон билан ишлайдилар. Булар - жамоанинг асосий посбони, унинг ўриндоши ҳамда ўринбосарлар таркибида ўзини кўрсатган дарвозабон. Ўринбосарлардан таклиф этилган иқтидорли дарвозабон машғулот пайтида асосий таркиб билан ишлаши мумкин, лекин ёшлар лигаси ўйинида барибир ўз тенгқурлари қаторига жўнаб кетади. Шубҳасиз, дарвозабонлар мураббийи қўл остида шуғулланаётган дарвозабонларнинг энг яхши дўсти бўлиши керак. Бу машғулотда бирга ишлашдан ҳам муҳим аҳамият касб этади. 

Уларнинг иши қандай йўлга қўйилган? 

Мураббийлар ўзлари учун алоҳида дастур тузиб чиқишади. Бу ҳафталик ёки ойлик ўқув-машғулот тартиби бўлиши мумкин. Уларнинг ишини бош мураббий тасдиқлаб бериши шарт эмас. Чунки дарвозабонлар бутунлай бошқача дастур асосида ишлашади. Жамоа ўйинга борганда футболчи футболчи билан, бош мураббий нариги жамоанинг бош мураббийи билан суҳбатлашгани каби дарвозабонлар мураббийлари ҳам ўз ҳамкасблари билан гаплашишни хуш кўришади. Бунда суҳбат асосан ўша жамоадаги дарвозабонларнинг ҳолати, уларнинг ўйинида ўсиш бор-йўқлиги ҳақида боради. Масалан, бизнинг олий лигада шундай. Шу боис дарвозабонлар мураббийлари бошқа клубларда қайси бош мураббий ишлаётганидан кўра айнан дарвозабонларни ким шуғуллантираётгани билан кўпроқ қизиқишади. Яна шуни айтиш мумкин, бизда олий лига клублари бош мураббийлари ўртасида рақобат бор, аммо дарвозабонлар мураббийлари борасида бундай дея олмаймиз. 


Суратга изоҳ: Фаолиятини тугатган Игорь Михайлов "Сўғдиёна"да ишлаяпти 

Ўйин куни асосий дарвозабонни аниқлаб олиш қандай кечади? 

Бош мураббий учун энг қийин ишлардан бири бу ўйин куни асосий таркибни аниқлаб олишдир. Чунки сизнинг қўл остингизда 20 нафар асосий таркибда тушишга тайёр ўйинчи бўлади ва мураббий бошланғич таркибни танлаб олишда иккиланиб қолиши мумкин. Аксар жамоаларда асосий дарвозабон битта ва бош мураббий бу борада деярли иккиланишга дуч келмайди. Одатда дарвозабонлар токи қўпол хатога йўл қўймагунча дарвозани қўриқлайверади. Иккинчи дарвозабон эса кўпинча Кубок баҳсларида синаб кўрилади. Лекин шунга қарамай, ўйин куни бош мураббий таркибни аниқлашда барибир дарвозабонлар мураббийи билан дарвозага кимни қўйиш тўғрисида маслаҳатлашиб олади. Одатда фикр бир жойдан чиқади ва бунда муаммо кўринмайди. Лекин дарвозабонлар мураббийи у эмас, буниси машғулотда анча фаол ишлаяпти деса унда бош мураббийда яна саволлар юзага келади. Бир томондан бош мураббий ўз ёрдамчисининг гапига қулоқ солгани маъқул, чунки машғулот пайтида у майдондаги ўйинчилар билан ишлаб дарвозабонларга кўп ҳам эътибор қаратмайди. Лекин баъзи ҳолларда бош мураббий барибир ўз билганидан қолмайди ва дарвозабонлар мураббийи фалончи лойиқ дегани билан ўзи ёқтирган дарвозабонни ўйнатади.

Мураббийларни ўқитиш қай тартибда бўлади? 

Бизда айнан дарвозабонлар билан ишловчи мураббийларни тарбиялаб берадиган мактаб йўқ. Шу боис соҳа эгалари ЎФФ томонидан ташкил этиладиган курсларда иштирок этиш билан чекланмоқда. Бундай курс юртимизда биринчи марта ўтган йилнинг январь ойида ташкил этилган. ОФК билан ҳамкорликдаги халқаро ўқув-курси Тошкентда ўтказилди ва иштирокчиларга якунда “Level 1” сертификати топширилди. Семинар 4 январь куни старт олиб олти кун давом этган. Кейинчалик 27 январдан иккинчи бор халқаро курс ташкил этилди. Унда ОФК йўриқчиси Крис Йонг дарвозабонлар мураббийлари учун маъруза қилди, шунингдек амалий машғулотларни ҳам кўрсатиб берган. Ўшанда Руслан Аҳмедхонов, Қобилжон Олимжонов, Нурулло Ҳабибов каби собиқ дарвозабонлар қатнашиб ўз малакаларини оширишганди. Афсуски, бу каби курслар тез-тез ўтказилмайди, натижада мураббийлар биз учун ўқув-курcлари йўқ дея ўксиб юришади.


Суратга изоҳ: "Шўртан" клуби дарвозабонлар мураббийи Эркин Мирзаевнинг халқаро сертификати 

Ҳамма клубларда ҳам мураббийлар борми? 

Олий лигада фақат биргина клуб “Обод”ни ҳисобга олмаганда қолган барча жамоаларда дарвозабонлар билан ишлайдиган мураббийлар фаолият юритмоқда. Негадир “Обод”да янги иш бошлаган украиналик мутахассис Андрей Демченко раҳбариятдан бизга ҳам дарвозабонлар мураббийи керак деган талабни қўймади, эҳтимол бунга клубнинг молиявий ҳолати сабаб бўлган бўлиши мумкин. “Пахтакор”да Анвар Рашидовдан сўнг туркиялик Иброҳим Йилмаз ишламоқда. Уни Шота Арвеладзе ўзи билан олиб келди. Аксар собиқ дарвозабонлар ўзлари ўйнаган клубда қолишни маъқул кўришди. Масалан, Павел Бугало, Андрей Бакланов, Эркин Мирзаев, Павел Синельников, Нурулло Ҳабибов, Алишер Аҳмедов шулар жумласидан. 

Қаерда ким ишлаяпти? 

"Локомотив" - Пётр Гизимчук 

"Пахтакор" - Иброҳим Йилмаз (Туркия)

"Бунёдкор" - Павел Бугало

"Насаф" - Денис Иванков

"Машъал" - Павел Синельников 

"Шўртан" - Эркин Мирзаев

"Бухоро" - Нурулло Ҳабибов

"Қизилқум" - Бахтимурод Хайриддинов

"Динамо" - Сервер Эсатов

"Сўғдиёна" - Игорь Михайлов

"Навбаҳор" - Илҳом Абдуқодиров

"Нефтчи" - Баҳодир Шамшиддинов

"Қўқон-1912" - Андрей Бакланов 

"Металлург" - Алишер Аҳмедов

"Олмалиқ" - Антон Майеранов 

"Обод" - ҳеч ким


Суратга изоҳ: Алишер Аҳмедов (ўнгда) "Металлург"да дарвозабонларни тарбиялаб келмоқда 

Хулоса ўрнида 

Ёши катта мураббийларнинг аксарияти ҳозир ҳам жамоага дарвозабонлар билан ишлайдиган мураббийлар керак эмас деб ўйлашади. Мисол учун Юрий Саркисян ўз интервьюларида бу гапни кўп такрорлаган. Юрий Вазгеновичга қолса жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийнинг ҳам кераги йўқ, чунки у киши жамоада бош мураббий ҳаммасига жавоб беради деб ҳисоблайди. 

Аммо эндиликда замон ўзгарди, футболнинг ҳар бир йўналиши бўйича етук мутахассисларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Биз-ку майли, Россиянинг баъзи клубларида ҳатто ҳужумчилар билан алоҳида ишлайдиган мураббийлар ҳам фаолият юритмоқда. Бошқа чизиқларни билмадиг-у, лекин дарвозабонлар учун уларни шуғуллантирадиган алоҳида мураббийлар бўлиши шарт. Чунки дарвозабонга ҳам кимдир ўргатмаса ўз-ўзидан зўр посбон бўлиб қолмайди. Лекин танганинг иккинчи томонига қарасак, бир пайтлари Вадим Абрамов айтганидек, олдин олий лига клубларида дарвозабонлар мураббийи ишламасди, лекин кучли дарвозабонлар етишиб чиқарди, энди бўлса бу касб эгалари ҳамма жамоада бор, аммо яхши дарвозабонлар камайиб кетди. Шундай экан, биз соҳа мураббийларидан зўр шгогирдлар тарбиялаб беришни кутиб қоламиз. 

Х.Холиқов.


Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика