Мутолаа учун. Афсонавий Касильяс ҳақида
04 авг 2020 20:20
Янгиликлар
Мутолаа учун. Афсонавий Касильяс ҳақида
Икер Касильяс — футбол тарихидаги энг яхши дарвозабонлардан бири, Испания терма жамоасининг собиқ сардори, жаҳон чемпиони, 2 карра Европа, 5 карра Испания чемпиони (Мадриднинг “Реал” клуби сафида). “Реал” билан 2 марта Испания кубогини, 4 бор Суперкубогини ютган. 3 карра Чемпионлар лигаси ғолиби, клублар ўртасидаги жаҳон чемпиони. УЕФА таснифига кўра 6 бора йил рамзий жамоасига киритилган... (унинг барча соврин ва мукофотлари рўйхатининг бир қисмигина тақдим қилинди)
Болалик йиллари
Икер Касильяс 1981 йилнинг 20 майида Испаниядаги Мостолес шаҳарчасида дунёга келган. Онаси — Мария дель Кармен, отаси — Хосе Луис, акаси — Унай Фернандес. Икернинг онаси аёллар сартароши, отаси эса Таълим вазирлигида ишларди. Бу оилада профессионал тарзда футбол билан шуғулланганлар йўқ эди, аммо Икернинг отаси Бильбаода туғилган, у “Атлетико” жамоасининг мухлиси эди.
Мостолес — Мадрид яқинидаги провинция. Унинг аксар аҳолиси ишчилар синфига мансуб. Икер қўшнилари билан уйлари яқинидаги майдончада тўп тепар, баъзан “Бернабеу”га “Реал”нинг ўйинларини кўриш учун ташриф буюрар эди. Кейинчалик унинг ўзи ана шу лаҳзаларни болалигидаги энг ёрқин хотиралар сифатида эслади.
"Реал Мадрид"
Икер болалигидан дарвозабонларга меҳр қўйган. Буйо, Канисарес ва Шмейхелнинг ҳаракатларини кузатар, уларнинг мухлиси эди. Кунларнинг бирида унинг уйи яқинидаги майдончада “Реал Мадрид” клуби мактабининг “очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Отаси кичикина Икерни ҳам кўрикка олиб боради. 8 ёшли голкипер мураббийларда илиқ таассурот қолдирди, аммо у ҳали жуда кичкина эди. 6 ой ўтгач, болакай яна кўрикка бор ва бу сафар қабул қилинди. Айнан шу лаҳзадан Икер Касильяс катта футболга кириб келган эди. Висенте Дель Боске мураббийлик қилаётган болалар жамоасига бориб қўшилган Икер 1999 йилга қадар ёшлар таркибида ўйнади.
Бу муддат оралиғида “қизил фурия”нинг U-15, U-16, U-21 терма жамоалари билан Жаҳон чемпиони ва Меридиан кубоги соҳибига айланди. Касильяс “Реал” сафида Эктор Купер бошчилигидаги “Валенсия”га қарши УЕФА чемпионлар лигаси финал баҳси (3:0, 24 май 2000 йил)да ўзини кўрсатди. Жароҳатланган Бодо Иллгнернинг ўрнига “қироллик клуби” дарвозасини қўриқлаган 19 ёшли кипер ўша пайтдаёқ келажакда қайд этадиган натижаларидан барчани огоҳлантириб қўйганди. Бироқ кейин асосий дарвозабон вазифасини Сезар Санчес бажарди ва Икер бир муддат заҳирада қолди.
УЕФА чемпионлар лигаси-2001/02 финал (“Мадрид” – “Байер”, 2:1) дан кейин ажойиб жисмоний ҳолатга кириб улгурган Касильяс “қаймоқранглилар” постининг асосий посбонига айланади. 2002/03 йилги мавсумда ёш дарвозабон 38 ўйинда майдонга тушиб, “Реал”нинг Испания чемпионига айланишига муносиб ҳисса қўшди.
2014 йилда Касильяс (Моуриньюни алмаштирган) Карло Анчелотти бошқараётган “Реал” билан 3-бор Чемпионлар лигасида зафар қучди.
Бунга қадар “Реал”ни бошқарган Моуринью ва Икернинг муносабатлари яхши натижа бермаган эди. Португалиялик мутахассис 10 йил давомида “Қироллик клуби”нинг биринчи посбони бўлиб келган Касильясни заҳирага ўтқазиб, Антонио Аданни асосий дарвозабонга айлантиради. Мураббийнинг қарори Мадрид клуби ишқибозларининг кескин норозилигига сабаб бўлиб, матбуотда бир нечта жанжаллар келтириб чиқарганди. Жозе эса уларга хотиржамлик билан Адан Икердан кучлироқлигини айтди. Келишмовчилик жамоага кўчди ва “Реал”да ички муҳит ёмонлаша борди. Моуринью ва футболчилар алоҳида қутбларга ажралишганди. Тез орада Антонио Адан асосий дарвозабон позициясига номуносиблиги ойдинлашгач, “беназир” Диего Лопесни асосий постга кўчирди. Касильяс эса заҳира ўриндиғида қолаверди.
Жамоа Карло Анчелотти бошқарувига ўтгач, сардорнинг формасини тиклаб асосий таркибга қайтиши осон бўлмади. У 2013/14 йилги мавсумни кубок ва ЕЧЛ ўйинларида майдонга тушиш билан ўтказди. 2014/15 йилги чемпионат Икер учун “Реал”даги сўнггиси бўлди.
2014 йилниг июлида Икер Касильясга “Арсенал”дан таклиф тушганди. Дарвозабон таклифни қуйидаги фикри билан рад этган:
“Арсенал”га ўтиш? Дунёда “Реал”дан яхшироқ клуб йўқ.
2015 йилнинг ёзида “Қироллик клуби”ни тарк этар чоғида эса:
“Реал”да менинг вақтим якунлангани тушуниб етдим. 2015 йилнинг январь-февраль ойлари эди. Жамоадаги ички муҳит яхши эмас, нима қилишим кераклиги ҳақида ўйлардим. Охир-оқибат, кетишим кераклигини тушундим. 2014 йилда ЕЧЛда ғолиб бўлгач, жамоадан кетиш тўғрисида ўйлагандим. Эҳтимол, ўша пайт кетганим маъқул эди”.
Испания терма жамоаси
Икер Касильяснинг миллий терма жамоа миқёсидаги илк халқаро турнири “Евро-2000”га тўғри келди. Мазкур мусобақада заҳира дарвозабони вазифасини ўтаган Касильяс Сантьяго Каньисарес жароҳатлангач, Япония ва Корея майдонларида ўтган ЖЧ давомида “қизил фурия” постини қўриқлаганди. Мусобақанинг нимчорак финалида Ирландияга қарши пенальтилар сериясида 2 зарбани бартараф қилган посбон испанларни кейинги босқичга олиб чиққани билан ёдда қолган.
Касильяс “Евро-2004”да 8 та ўйинда майдонга тушди. 2008 йилги қитьа чемпионатига еса Испания терма жамоасининг сардори сифатида ташриф буюриб, ғолиб бўлди. 2010 йилги ЖЧ ва 2012 йилги Европа биринчилигида ҳам бу ҳол қайтарилди. Маълумот учун, ФИФА уни 2010 йилги мундиалнинг энг яхши дарвозабони деб топганди.
“Евро-2016”да Де Хеанинг соясида қолиб кетган Касильяс мусобақа якунида ўзининг “Твиттер”даги саҳифасига “Рэмбо: Биринчи қон 2” филмидан парчани жойлаштирди. Унда Рэмбо армияда қолиш таклифини рад қилганди. Икер видеолавҳани қуйидагича изоҳлади:
“Доим одамларнинг севгисини ҳис қилишдан фахрланаман”.
Шу тариқа у терма жамоадан кетди. Мухлислар унга бўлган миннаддорчиликларини “Твиттер”да “Раҳмат, Касильяс” хэштеги орқали ифодаладилар.
Биласиз, танқидчилар доим топилади. “Эспаньол” дарвозабони Диего Лопес ўша йилнинг октябрь ойида берган интервьюси билан танишинг:
“Касильяс терма жамоага чақирилмаганидан ҳайрон бўлмайман. Жамоада юқори рақобат бор, шундай экан, барча учун адолатли рақобат муҳити яратилиши керак”.
“Порту”
2015 йилнинг июлида “Порту”га ўтгач, Икернинг фаолиятида турғун давр бошланди. Аммо ўтган мавсум якунида унинг ҳаётида рўй берган кўнгилсизликлардан хабарингиз бор.
Дастлаб, ўзи юрак ҳуружига учради, кейин рафиқаси Сара Карбонерада саратон аниқланди. Жуфтлик бу қийин кунларни қандай енгиб ўтганидан сизни хабардор қилгандик. Қуйида Икер ва Сара ўртасидаги муҳаббат тарихи ҳақидаги мақола билан танишишингиз мумкин.
Икер Касильяс ҳозирги кунда
Касильяс бугун, 4 август куни твиттердаги ўз саҳифасида футболчилик фаолиятини якунлаганини расман эълон қилди. Яқин кунларда уни "Реал" клубида президент маслаҳатчиси лавозимида кўриб қолсак, ажаб эмас.
Икер Касильяс фаолиятини якунлади. У президент бўлади
Фахриддин Рўзиев таржимаси
Фикрлар