Толибжонов футболдан маълум муддатга четлатилди

Narzulla Saydullayev
26 сен 2017
Бугун, 26 сентябрь куни ЎФФда Ҳакамлар ва назоратчилар қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий Лига 22-тури доирасидаги “Шўртан” (Ғузор) – “Навбаҳор” (Наманган) учрашувини бошқариб, якунда иши назоратчи Алишер Абдуллаев томонидан қониқарсиз (4,0) баллга баҳоланган Олим Толибжоновнинг ҳакамлиги юзасидан якуний қарор қабул қилинди.  

Олим Толибжоновнинг “Шўртан” – “Навбаҳор” (3:3) ўйинидаги ҳакамлиги федерациянинг ҳакамлар ва назоратчилар илмий-услубий таъминоти бўлими томонидан кўриб чиқилди. Бўлим бошлиғи Арслон Хатамов бош ҳакам Олим Толибжоновнинг  ишини “қониқарсиз” деб баҳолади. Шу асосда, Ҳакамлар ва назоратчилар қўмитаси “Ҳакамларнинг тартиб-интизом кодекси”га биноан Олим Толибжоновни Ўзбекистон Чемпионати, Биринчилиги ва Ўзбекистон Кубоги ўйинлари доирасидаги 10 та ўйинга четлатди. Бундан ташқари, унинг хизмат ҳақи 75 фоизга камайтирилди.

Шу билан бир вақтда, “Шўртан” – “Навбаҳор” беллашувидаги рефери ёрдамчиси Александр Буровнинг баҳосини кўтариб қўйганлиги учун назоратчи ҳакам Алишер Абдуллаев қўмита қарорига кўра Ўзбекистон Чемпионати, Биринчилиги ва Ўзбекистон Кубоги учрашувлари доирасидаги 4 та ўйиндан четлатилди. Абдуллаевнинг хизмат ҳақи 75 фоизга камайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, Олий Лига 21-тури доирасидаги “Бухоро” – “Динамо” учрашувини бошқарган Рустам Бобомуродов қўпол хатоларга йўл қўйгани туфайли умрбод ҳакамликдан четлатилган эди.



Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: the-uff.com