Суперлига 16талик форматга мажбурми?
18 дек 18:57
Янгиликлар
Аммо кимлар қатнашиши тўлиқ юз фоизга маълум эмас. Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолган жамоалар: "Насаф", ОКМК, "Навбаҳор", "Сўғдиёна", "Нефтчи", "Пахтакор", "Сурхон", "Динамо", "Андижон", "Бунёдкор", "Қизилқум". Демак, 11та жамоа.
"Олимпик" ўтиш ўйинида ютқазиб Пролигага тушиб кетди. "Металлург" ўтиш ўйинида ғалаба қозониб, ўрнини сақлаб қола олди, бироқ келаси йил Суперлигада ўйнаши мавҳум. Клубнинг ҳатто Прролигада иштирок этиши ҳам сўроқ остида. "Локомотив" охирги ўринни эгаллаб Пролигага тушиб кетди.
ПФЛ 2025 йилги Суперлига 16та жамоа иштирокида ўтказилишини айтган. Юқорида 11та жамоани санаб ўтдик. "Машъал" билан "Бухоро" Пролигада 1-2 ўринларни эгаллаб, тўғридан тўғри Суперлига йўлланмасига эга чиқди. "Қўқон-1912" билан "Шўртан" плей-офф орқали Суперлигага чиқди. "Металлург" ҳам плей-оффда ғалаба қозониб, 16-жамоа бўлди.
Агар "Металлург" Суперлигадан воз кечса, унда 15та жамоа қолади. Шунингдек, бу жамоа 24 декабрга қадар ўз тақдирига ойдинлик киритиши лозим. Айтайлик, "Металлург" ҳар қанақасига Суперлигада ўйнамайдиган бўлди, унда нима бўлади? Унда ПФЛ ўтиш ўйинида "Металлург"га ютқазган "Олимпик"ка юзланади. Лекин ҳозирги пайтда "Олимпик" клубининг ҳам кейинги тақдири мавҳум бўлиб турибди. Жамоа ҳатто Пролигада иштирок этмаслиги мумкин.
Айтайлик, "Олимпик"дан ҳам рад жавоби келди ва унда ПФЛ Пролигада 5-ўринни олган "Арал"га мурожаат қилиши лозим бўлади. Чунки Пролиганинг дастлабки тўртта клуби Суперлигага чиқиб бўлди. Лекин "Арал"да ОФК лицензиясини йўқлигини ҳисобга олсак, 6-ўриндаги "Хоразм"га навбат келади. "Хоразм"да лицензия бор, фақат Суперлигага тайёрми деган савол юзага келади. Мабодо "Хоразм" ҳам Суперлигада ўйнамайдиган бўлса, унда охирги вариант сифатида "Локомотив" қолади. Чунки Пролигада 7-8 ўринларни банд этган "Олимпик Мобиуз" билан "Дўстлик"да ҳам лицензия мавжуд эмас.
Шу ўринда Суперлига иштирокчилари 16тага етказилиб тўғри қилиндими деган савол юзага келади. Негаки бу ўринда Лига раҳбарияти фақат Суперлигани эмас, балки унга рақобатчи Пролигани ҳам ўйлаши лозим бўлади. Масалан, бу йил Пролигада 8та жамоа қатнашган бўлса, шундан учтасида ОФК лицензияси йўқ. Бу эса шу жамоаларнинг тўлиқ профессионал эмаслигини англатади.
Агар Суперлигада 16та жамоа ўйнайдиган бўлса, унда Пролига нечта жамоа иштирокида ўтказилади? 11 декабрь куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев бу саволга аниқ жавоб ҳозирча йўқлигини ва катта эҳтимол билан Пролига келаси йил ҳам 8та клуб билан ўтишини айтиб ўтди. Ундай бўлса, шу 8та клуб кимлар деган савол юзага келади.
Пролигадан тўртта клуб Суперлигага чиқди. Демак, буёқда яна тўртта қолди. Агар "Олимпик" билан "Локомотив"ни қўшадиган бўлсак, жамоалар сони 6та бўлади. Яна иккита жамоа керак. Шунда Биринчи лигага юзланамиз. Шу ўринда бир нарсани эътиборга олайлик, яъни Биринчи лига тўлиқ профессионал лига ҳисобланмайди.
Биринчи лиганинг бу мавсуми жамоаларни икки минтақага бўлиб ўтказилди. Кейин ҳар икки минтақадан 4тадан жамоа финал босқичга йўл олди. Тошкентда ўтказилган финал босқич ўйинларида "Насаф фарм" чемпион, "Қизириқ", "ФарДУ" ва "Бунёдкор фарм" мос равишда 2-3-4 ўринларни эгаллади. Айтайлик, чемпион "Насаф фарм" билан финалчи "Қизириқ" Пролигага қўшилди. Шунда иштирокчилар 8тага етади. Лекин бу ҳам баъзи саволларни келтириб чиқариши мумкин.
Масалан, "Насаф фарм" "Насаф"нинг фарм клуби бўлгани учун Пролигада қатнашмаслиги мумкин. Негаки Пролига Биринчи лигага нисбатан кўпроқ харажат талаб этади ва "Насаф фарм" бунга тайёрми деган савол юзага келади. "Қизириқ" борасида ҳам шу саволни бериш мумкин. Мабодо "Олимпик" Пролигада ҳам ўйнамайдиган бўлса, ПФЛ навбати билан "ФарДУ"га, агар "Йўқ" жавобини олса сўнгра "Бунёдкор фарм"га мурожаат қилиши бўлади. Лекин "Бунёдкор фарм" ҳам "Бунёдкор"нинг фарм клуби эканини унутмайлик.
Ҳозир нима йўл қоляпти? 11 декабрь кунги йиғилишда ПФЛ раҳбари орзусидаги чемпионат 12та жамоалик Суперлига ва 12та жамоалик Пролига эканини айтиб ўтди. Бир томондан ҳозирги шароитда энг тўғри йўл бўлиши мумкин. Чунки Суперлига 16та клуб қатнашгани билан буёқда Пролига ямоқ иштонга ўхшаб қолади. Қолаверса, ҳозирги шароитда Суперлига 16талик форматга умуман тайёр эмас. Суперлига талабларини тўлиқ бажариш ва сифатли иштирок саволи ҳали "Машъал", "Бухоро", "Шўртан" ва "Қўқон-1912"да ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Суперлига ўз номига мос равишда супер бўлиши керак. Энг кучли футболчилар шу ерда ўйнаши керак. Жамоалар сонини ошириш орқали ўйинлар сони ошишига эга бўламиз. Лекин бу билан сифат ошиб қоладими? Агар Д.Имомхўжаев айтганидек, Суперлига ва Пролигада тенг 12тадан жамоа қатнашса, иккита ажойиб Лигага эга бўламиз. Кейин бемалол учта чиқиб, учтани туширса бўлади.
Х.Холиқов.
Фикрлар
Молиявий эксперимент қилди, хусусий клублар кўтаролмай йўқ бўлиб кетди. Фақат хусусий эмас, бошқалари ҳам.