Сўнгги онда ўмарилган трансферлар
16 июл 2019 19:00
Янгиликлар
Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин: кимдир кимнидир кўпроқ пул тўлашга мажбур қилади, бошқаси алдаб кетади, учинчиси эса сўнгги сонияларда 180 градусга бурилиб, умуман ўзга қарорни қабул қилади.
Сўнгги йилларда шунга ўхшаш воқеа юз берди.
Футболчилар бир клуб билан музокара ўтказиб, охирги онда бошқа клубга ўтиб кетиши ҳақидаги ҳикоялар бизни қизиқтиради.
МАЛКОМ
Трансфер ойнаси: 2018 йил, ёз
Кутилган йўналиш: "Бордо" - "Рома"
Трансфер амалга ошган йўналиш: "Бордо" - "Барселона"
Ўтган йилнинг июль ойида "Рома" "Бордо"нинг бразилиялик вингери Малкомни сотиб олиш учун барча ишни қилгандек кўринганди. Италия ва Франция клублари трансфер нархини келишиб олишган ва римликлар футболчини тиббий кўрикдан ўтишини кутаётганди. Аммо сўнгги онда "Барселона" пайдо бўлди. Каталонияликлар "Бордо"га катта пул ваъда қилишди, футболчини Лионель Месси билан ўйнаш ҳамда кўплаб совринлар ютиш ваъдалари билан кўндиришди.
Натижада 41 млн. евро эвазига Малком "Барселона"га ўтди, "Рома" эса ҳеч нарсасиз қолди. Аввалига римликлар "Бордо"ни судга бермоқчи эди, аммо келишув қоғозда имзоланмагани учун, бундай иш тутилмади.
"Бордо" ва агентлар биздан яна бир таклиф кутишаётгани, бунга сабаб "Барселона" Малком бўйича музокараларга киришганини айтишганида ҳайрон бўлдим. Уларга аукционда иштирок этмаслигимизни, чунки келишиб бўлганимизни маълум қилдим. Клублар ўртасида шартнома имзоланмагани ҳақиқат, бироқ агентлар ўртасидаги ва "Бордо" президенти билан ёзишмаларни тақдим этишимиз мумкин" - деганди ўша пайтда "Рома" спорт директори бўлиб ишлаган Рамон Мончи.
ДЭВИД БЕКХЭМ
Трансфер ойнаси: 2003 йил, ёз
Кутилган йўналиш: "Манчестер Юнайтед" - "Барселона"
Трансфер амалга ошган йўналиш: "Манчестер Юнайтед" - "Реал"
2003 йилнинг июлида "Манчестер Юнайтед"нинг афсонавий хавбеки Дэвид Бекхэм клубини ўзгартиришни истади. Ҳаммасига клуб бош мураббийи Алекс Фергюсон билан муносабатлар ёмонлашгани сабаб бўлган. Шотландиялик мутахассис ўзини қолганлардан устун қўядиган ва бутун жамоадан машҳурроқ бўлиб кетган футболчини жамоада кўришни истамасди.
Натижада, "Манчестер Юнайтед" босслари трансфердан пул ишлашга қарор қилишди. Бунинг учун улар "Барселона" билан музокараларни бошлашди, келишувга эришишди ва... амалга ошиши кутилаётган трансфер ҳақида эълон қилинди! Бу нарса Бекхэмнинг жаҳлини чиқарди ва у ОАВ орқали "Барселона" президентлиги учун сайловда Дэвидни олиб келишни ваъда берган Жоан Лапортани танқид қилди. Бундан ташқари, Дэвид агентлари орқали "Реал" билан боғланиб, "қизил иблислар" билан келишиб олишни сўраган.
"Оилам билан АҚШда эдим. Дўстларимдан бири қўнғироқ қилиб, "Юнайтед" "Барселона"га ўтишимни келишиб қўйгани ҳақида айтди. Бу ҳақда ҳеч нарса билмас эдим. Кейин бу борада суҳбатлашиб олиш учун Лондонга учдим. Маълум бўлишича, клублар келишиб бўлишган экан. Ўшанда агентимга "Реал"га ўтмоқчилигимни маълум қилдим. Бир кун ичида Мадрид клуби президенти билан келишувга эришдик" - деб эслайди Бекхэм.
Натижада "Реал" "Манчестер Юнайтед"га "Барселона"дан каттароқ пул таклиф қилди ва трансфер умуман бошқа йўналиш бўйича амалга ошди.
РОЙ КИН
Трансфер ойнаси: 1993 йил, ёз
Кутилган йўналиш: "Ноттингем Форест" - "Блэкберн"
Трансфер амалга ошган йўналиш: "Ноттингем Форест" - "Манчестер Юнайтед"
1993 йилнинг июнида 21 ёшли Рой Кин бошқа клубга ўтишни мақсад қилди. "Ноттингем Форест" йигитчанинг даражасида эмасди. Шу сабабли "ўрмончилар" келишувни фойдали тўхтатишни кўриб чиқишди. Улар Кинни жиддий жамоага сотиб, бу трансфердан яхшигина пул ишлаб олмоқчи эди.
1992/93 мавсум Англия чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаган "Блэкберн" таклиф билан чиқди. Икки клуб трансфер бўйича келишиб бўлишганди, аммо қоғозбозликдаги чалкашлик шартнома имзоланишини кечиктирди. Ҳафтанинг жума куни эди, шу сабабли томонлар иш дам олиш кунига ўтиб кетмаслиги учун уни душанбага кўчиришди. Бу муддат "Манчестер Юнайтед" учун етарли бўлди.
"Қизил иблислар" устози Алекс Фергюсон якшанба куни Кинга қўнғироқ қилди ва уни МЮга чақирди. "Майхўрликдан сўнг якшанба куни бир аҳволда уйғондим. Эртаси куни "Блэкберн"га бориб, ҳужжатларни имзолашим керак эди. Бундан кейин таътилга чиқишни режа қилдим. Тушликда телефон жиринглади. Алекс Фергюсон экан. Оилам "Манчестер Юнайтед" мухлиси эди. "Рой, бу мен, Алекс Фергюсонман. Сен шартномага қўл қўйиб бўлдингми?" "Йўқ, аммо беш ташлаб бўлдик ва эртага қоғозларни имзолашим керак". "Манчестерга келиб, мен билан суҳбатлашишга нима дейсан? Рой, "Манчестер Юнайтед" сен билан ёки сенсиз Англиянинг энг кучли клубига айланади. Сен билан Европада муваффақиятга эришишимиз мумкин" - деди у. Бу жуда жиддий сабаб эди" - дейди Кин.
Натижада "Блэкберн" ва Кин ҳамда "Ноттингем Форест" унутилди, ирландиялик хавбек эса "Олд Траффорд"га йўл олди ва кутилган муваффақиятларга эришди.
РОНАЛДИНЬО
Трансфер ойнаси: 2003 йил, ёз
Кутилган йўналиш: ПСЖ - "Манчестер Юнайтед"
Трансфер амалга ошган йўналиш: ПСЖ - "Барселона"
Бир неча йил олдин Роналдиньо 2003 йилда "Манчестер Юнайтед"га ўтишга яқин келгани ҳақида айтиб берди.
"2003 йил "Манчестер Юнайтед"га ўтишимга 48 соат қолганди. Аммо ўшанда Сандро Росель қўнғироқ қилиб, савол берди: "Агар "Барселона" президенти бўлсам, сен бизда ўйнайсанми?" МЮ билан майда деталларни келишишимиз керак эди, бироқ Росселга "Барселона"га ўтишни ваъда бердим" - деганди Роналдиньо.
Натижада Россель эмас, Жоан Лапорта Каталония клуби президентига айланди, бироқ Роналдиньо барибир кўк-анорранглилар футболчисига айланди. ПСЖ бу трансфердан 32 млн. евро ишлаб олди.
Роналдиньонинг амалга ошмаган трансфери туфайли "Манчестер Юнайтед" Криштиану Роналдуга эга бўлган. Алекс Фергюсон Дэвид Бекхэм трансферидан тушган барча маблағни бразилияликка йўналтирган эди, аммо омадсизликдан сўнг "қизил иблислар" "Спортинг" ҳужумчиси Криштиану Роналдуни сотиб олишди. Иқтидорли португалиялик МЮга АПЛ, Чемпионлар лигаси ҳамда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишга ёрдам берди. 2009 йилнинг ёзида Роналду Бекхэм йўлини танлаб, "Реал"га ўтди.
ЭММАНУЭЛЬ ПЕТИ
Трансфер ойнаси: 1997 йил, ёз
Кутилган йўналиш: "Монако" - "Тоттенхэм"
Трансфер амалга ошган йўналиш: "Монако" - "Арсенал"
1997 йилнинг ёзида "Монако" ярим ҳимоячиси Эммануэль Пети Англия чемпионатида ўйнашга қарор қилди. Унда "Тоттенхэм"дан таклиф бор эди, хавбек керакли барча нарсани олиб, Лондонга учиб кетди. Франциялик Англия пойтахтида "шпорлар" раҳбарияти билан учрашиб, музокара ўтказди ва ҳамкорлик бўйича келишувга эришди. Томонлар расмиятчиликни келаси куннинг тонгига қолдиришди. Шундан сўнг "шпорлар" президенти сэр Алан Шугар такси чақириб, Петини меҳмонхонага элтиб қўйиши учун пул тўлади.
"Тоттенхэм" менга шартнома таклиф қилди ва барча деталларни ўйлаб чиқиш учун биз кичик танаффус ҳақида келишиб олдик. Кейин нима бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Такси келди ва у мени Арсен Венгернинг уйига элтиб қўйди. "Тоттенхэм" раҳбари "Арсенал"га ўтишим учун такси пулини тўлаб берган бўлди" - деб эслайди Пети.
Айёр франциялик такси қандай қилиб уни меҳмонхонага эмас, Венгернинг уйига олиб борганини айтмади.
Фикрлар