Шерзод Жўраев: “Навбаҳор” ҳамиша энг юқори мақсадларни кўзлайди”
08 фев 2021 21:25
Янгиликлар
Шерзод Жўраев: “Навбаҳор” ҳамиша энг юқори мақсадларни кўзлайди”
1999 йили Шуҳрат Мирхолдиршоев, Санжар Асқаралиев сингари иқтидорли футболчилар қаторида бўлган Шерзод Жўраев бугунги кунда “Навбаҳор” мураббийлар штабида Нўъмон Ҳасановга ёрдамчилик қилмоқда. Айни пайт Туркия йиғинида жамоа билан бирга бўлиб турган Жўраев билан суҳбатлашиб, турли мавзулардаги саволларимизга жавоб олдик.
- Шерзод, Тошкентдаги машғулот жараёни қандай ўтди?
- Йиғинни аъло даражада ўтказдик, деб бемалол айта оламан. Бизга зарур шароитларни яратиб беришаётгани учун Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззақов ҳамда “Навбаҳор” клуби вице-президенти Отабек Арифович Саматовга миннатдорлик билдирмоқчиман. Тошкент йиғини давомида бир нечта ўйинлар ўтказдик. Бош мураббий режасига мувофиқ тарзда кунига икки маҳалдан машғулот ўтказдик
- Назорат-синов ўйинларига батафсилроқ тўхталсангиз...
- Бундай пайтларда юкламалар катта бўлади, кунига икки маҳалдан машғулот ўтказиш туфайли назорат ўйинлари пайти футболчиларнинг қийинчиликларга дуч келишлари табиий ҳол. Наманганда ҳам, Тошкентда ҳам ўйинчилар худди шундай юкламалар билан майдонда ҳаракат қилишди.
- “Оқ-тепа” билан ўйинда йирик ҳисобда имконият бой берилиши кўпчиликни хавотирга солди. Бу нима билан боғлиқ?
- Мазкур ўқув-йиғинида асосан ёш футболчилар таркибга жалб қилинди. Уларнинг нималарга қодирлигини ўртоқлик учрашувлари орқали аниқлаб олишга ҳаракат қилинди. Ёшлар таркибидан асосий жамоага ўтиш жараёни осон кечмайди. “Оқ-тепа” билан ўйинда ҳисобнинг йирик кўриниш олишига ҳам шу сабаб бўлди. Умуман, ўша учрашувнинг биринчи бўлимида йигитлар жуда яхши тўп суришди, лекин юқорида таъкидлаганимдек, машғулотларда олинаётган юкламалар ўз сўзини айтмай қолмади.
- Селекция ишларининг олиб борилиши ҳақида нима дея оласиз?
- Кўряпсиз, ҳар битта чизиққа савияси тенг бўлган футболчилар олиняпти. Мисол учун, Қувондиқ Рўзиев, Баҳром Абдураҳимов, Сербиядан Никола Тасич ва Марко Путинканин олиб келинди. Муҳими, ўтган йилги жамоанинг ўзаги сақлаб қолинди. Қўшимча тарзда таркибга тажрибали, ўйинни кучайтиришга қодир футболчилар жалб қилинди.
- Сизнингча, ушбу таркиб билан бўлажак мавсумда жамоамизда кучли учликдан ўрин олиш имконияти борми?
- Насиб қилса, албатта шундай бўлади. Ҳар доим айтганман, Наманганда аввалдан чиройли футбол бўлган, ҳозир ҳам бор, келгусида ҳам бўлади.
- Ўзингиз ҳам “Навбаҳор”да тўп сургансиз, маҳаллий мухлислар сизни яхши танишади. Умуман, сизнинг футболга кириб келишингиз қандай рўй берган, бунга кимлар сабабчи бўлган?
- Авваллари билсангиз, мураббийлар маҳаллалар ва мактаблардаги футбол ўйинларини ҳам кузатишарди. Ўша кезлари уйимизга яқин ҳудудда жойлашган мактаблар майдонида футбол ўйнаб юрганимизда, мураббийлар ўйинимни кўришган. Футболга кириб келишимга Ўткир ака ҳамда Аҳмад акалар (Холмирзаев) сабабчи бўлишган. Кейинчалик Герман Титов номидаги Республика олимпия захиралари коллежига мени олиб кетишганди. Бугунги кунда футбол соҳасидан узоқлашмаган танишларим жуда кўп. Масалан, Санжар Асқаралиев, Шуҳрат Мирхолдиршоев, катта футболда бизга кўп ёрдам берган Рашид Ғофуров, Хайрулло Каримовлар ҳамон футбол билан ҳамнафас. Шунингдек, “Навбаҳор”да ўйнаб юрган кезларим Сайдулло Турсунов, раҳматли Тоҳир Мадраҳимов ҳам жуда катта ёрдам беришган.
- “Навбаҳор”да тўп суриш орқали қандай таассуротларга эга бўлгансиз? Дейлик, бугунги кунда клубда маслаҳатчи-мураббий вазифасини бажараётган Виктор Жалилов қўл остида ҳам ўйнагансиз...
- Бу инсонни жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. “Навбаҳор”га илк бор келган пайтларим Виктор Романович мен учун иккинчи отамдек қадрдон бўлиб қолганди. Унинг қўл остида имкон қадар муносиб тарзда тўп суришга интилдик, элга танилдик. Ўша пайтлари бу мутахассисдан ўрганганларимиз ҳозирги кунда бизга асқотяпти. Жалиловнинг одамлар билан гаплашиши, ўйин пайти ўзини қандай тутиши, шунга ўхшаш жиҳатларни ундан ўрганганмиз.
- Футболчилик даврингизда жуда кўп мураббийлар қўл остида ўйнагансиз. Улар орасида энг катта таассурот қолдиргани ким?
- Кўпроқ Виктор Романович қўл остида ўйнаганмиз. Мураббийлик фаолиятимда Деян Журжевич, Андрей Канчельскис билан бирга ишладим, бугунги кунда Нўъмон Ҳасанов билан ёнма-ён ишлаяпмиз, улардан кўп нарса ўрганяпман. Футболчилик давримдаги устозларим ҳақида айтадиган бўлсам, юқорида таъкидлаганимдек, кўп нарсаларни айнан Жалиловдан ўзлаштирганман. Виктор Романович жамоада қандайдир муаммо вужудга келса, уни ўта босиқлик билан ҳал қиларди, ўйин пайти турли услубларни қўллаб, мураккаб вазиятдан чиқиб кетишидан ёрқин таассурот олганман. Мавриди келганда, эътироф этмоқчиманки, Виктор Романовичнинг “Навбаҳор”да яна иш бошлагани жуда қувонарли ҳол. Чунки ўтмишда наманганлик кўплаб иқтидор эгаларини кашф этган мутахассис эндиликда яна ушбу эзгу ишини давом эттиришига шубҳа қилмайман. Унинг бу борадаги жуда катта тажрибаси бор.
- Болалар футболидан босқичма-босқич катта футболга ўтгансиз. Шунга ҳам тўхталсангиз.
- Бутсаларни михга илгандан кейин бошқа соҳада ўзимни синаб кўришга ҳаракат қилдим, лекин футболга боғланиб қолсангиз, у сизни ўзига тортавераркан, футболдан йироқлаша олмас экансиз. 2012 йилдан болалар футболида мураббийлик фаолиятимни бошлагандим. Одил Аҳмедовнинг ташаббуси билан Наманганда “Одил Жуниор” мактаби очилди, ўша ерда ишладим, 2004 йилда туғилган футболчиларга устозлик қилдим, юқори натижаларга эришдим. Шогирдларим орасида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига жалб қилинганлар бўлди, аксарияти бугунги кунда U-18 жамоасида ўйнашмоқда. Икки нафари эса U-21 таркибида тўп сурмоқда. Шу тариқа босқичма-босқич катталар футболигача етиб келдим.
- Ўтган йили “Навбаҳор”нинг Суперлигада омадсиз иштирок этишига, сизнингча, нималар сабаб бўлди?
- Албатта, пандемия ўз сўзини айди. Чунки узоқ вақт футболсиз қолиб кетдик, кейин эса бирданига чемпионат Тошкентда марказлаштирилган тарзда давом эттирилди. Пойтахтда футболчиларимизда касаллик аниқланди, оптимал таркибни майдонга тушириш имкониятидан маҳрум бўлдик. Қолаверса, жароҳатлар, қизил карточкалар ҳам бизга панд берди. Бунинг оқибатида муҳим очколарни йўқотдик. Фурсатдан фойдаланиб, футболчиларга раҳмат айтмоқчиман. Вирусдан тўлиқ халос бўлиб, тузалишганидан кейин “Навбаҳор” сафида бор кучларини бериб ҳаракат қилишди, ўзларини аяшмади. Ҳолсизланиб қолишганда ҳам майдонга чиқиб, тўп суришди. Мисол учун, Азимжон Аҳмедов, Азизбек Турғунбоев, Мирзоҳид Ғофуров жуда қийин аҳволда бўлишса ҳам ўйинда қатнашишди. Албатта, бу билан ўзимизни оқламоқчи эмасмиз, лекин астойдил ҳаракат қилишимизга қарамай, карантин жараёнида чекловлар, барибир, ўйинларга тўлақонли ҳозирлик кўриш имкониятидан маҳрум қилди.
- Ўзбекистон кубогида-чи? Жамоага омад етишмадими?
- Кўрдингиз, Ўзбекистон кубогининг чорак финали доирасидаги “Насаф”га қарши баҳс ноқулай об-ҳаво шароитида кечганига қарамай, йигитлар майдонда бор кучларини бериб тўп суришди. Мақсадимиз жуда юқори эди, Ўзбекистон кубоги баҳсларида финалга чиқиш ниятида эдик. Наманганда ўтказилган ҳал қилувчи ўйинда қатнашиш учун боримизни бердик, аммо бирозгина омад етишмаслиги натижасида ютқазиб қўйдик. Футболда омад ҳам катта аҳамиятга эга.
- Жамоа машғулотларни Туркияда давом эттирмоқда. “Ордабаси”га қарши ўйин ҳам ўтказилди. Сизнингча, “Навбаҳор”нинг хорижда йиғин ўтказиши кейинчалик наф келтирадими?
- Албатта, бундай йиғинлар жамоа учун фойдадан холи эмас. Машғулотлар Туркияда давом эттирилмоқда. Наманган ҳамда Тошкентдаги йиғинларда амалга оширилган ишлар самараси бу ердаги ўртоқлик ўйинлари орқали намоён бўлади. Хорижда спарринг-рақиб сифатида кучли рақиблар танланиши ҳам катта наф келтиришига шубҳам йўқ.
- Болалар футболида сиздан сабоқ олиб, бугунги кунда кўзга ташланиб қолган қайси шогирдларингизни алоҳида кўрсата оласиз?
- Бундай футболчилар жуда кўп. Ҳозир уларни номма-ном санаб ўтмоқчимасман, чунки улар ҳали ёш, қайсидир бирининг номини айтмасам, бу унга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Улар катта футболда ўз ўринларини топишганидан кейингина бу ҳақда гаплашсак ўринли бўлади.
- Ўзингиз майдонда тўп сургансиз, энди эса ўйинчиларга устозлик қиляпсиз. Умуман, футболчилик ва мураббийлик ўртасида қандай фарқ бор экан?
- Яқинда Хайрулла Каримов ҳам таъкидлаб ўтганди: футболчилик даврида мураббийликнинг фарқига бормас эканмиз. Футболчи фақат ўзи учун жавоб беради, мураббий эса жамоада барча шогирдлари учун жавобгар ҳисобланади. Шогирдининг жисмоний, руҳий ҳолати, кайфияти, ҳаммасини мураббий назорат қилиши керак бўлади. Ўйинга тайёрлаган футболчингиз ҳақида ҳамма нарсани билишингиз шарт. Жамоа таркибида қанча ўйинчи бўлса, барчаси билан тил топиша олишимиз зарур. Майдонга тушаётганида, “Навбаҳор” учун жонини бериши, ишончни оқлаши лозимлигини тушунтиришимиз муҳим саналади. Биласиз, Наманганда жонкуяр, талабчан мухлислар жуда кўп. Уларнинг қаршисида муносиб тарзда тўп суриш кераклигини ҳар бир футболчи юракдан ҳис қилиши керак. Хориждан келаётганларга ҳам ишқибозларнинг “Навбаҳор”ни қанчалик яхши кўришлари, жамоадан чиройли ўйин ва ғалабаларни талаб қилишларини эслатишимиз лозим. Футболчилар шунга тайёр ҳолда келишлари катта аҳамият касб этади. “Навбаҳор” сафида тўп сурган собиқ футболчи сифатида буни жуда яхши тушунаман, шунга биноан иш кўраман.
- Мураббийликда босқисма-босқич кўтарилдингиз. Қийинчиликлар бўлгандир?
- Албатта, қийинчиликлар бўлди. Аммо уларни енгиб ўтишимда кўпчиликнинг ёрдами асқотди. Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг ҳаммасига раҳмат айтмоқчиман. Ҳали бу соҳада бирор-бир натижага эришганим йўқ, лекин барибир, бу соҳада ўз ўрнимни топишимда кўмагини аямаган, мунтазам қўллаб-қувватлаганлардан миннатдорман. Келгусида ҳам “Навбаҳор” ривожи учун изланишдан тўхтамаймиз, Наманган футболи довруғини дунёга ёйиш учун астойдил меҳнат қиламиз.
- Янги мавсумда “Навбаҳор” олдига қандай мақсадлар қўйилди?
- Биласиз, “Навбаҳор” ҳар мавсумни фақат чемпионлик, кубок соҳиби бўлишни ният қилган ҳолда бошлайди. Шундай экан, анъаналарга содиқ қолган ҳолда, бу йил ҳам фақат юқори мақсадларни кўзлаймиз. Бизга яратиб берилаётган шарт-шароитлар учун вилоят раҳбарлари, клуб мутасаддиларига катта раҳмат айтаман. Худо хоҳласа, уларнинг ишончларини оқлаймиз.
- Қайси жамоага мухлислик қиласиз? Футболчилик пайтингизда бирор кумирингиз бўлганми?
- Болалигимдан “Манчестер Юнайтед”га мухлис бўлганман. Ҳозиргача шундай. Райан Гиггзнинг ўйинларини мириқиб кузатганман, унга ҳавас қилганман.
- “Навбаҳор” мухлисларига тилакларингиз...
- Футболчилик пайтимда стадионни тўлдириб ўтирадиган “Навбаҳор” мухлислари қаршисида тўп суришдан ўзгача завқ олардим. Бизнинг ишқибозлар жамоани чин дилдан яхши кўришади. Шу мухлислар ҳурмати ҳам “Навбаҳор” билан юқори натижаларга эришишимиз керак. Жонкуяр ишқибозларга соғлик-саломатлик тилайман, чунки улар бор экан, Наманганда футбол умрбод яшайди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар