UZ

Сўнгги янгиликлар

00:14Бразилияда футбол маскотига қизил карточка кўрсатилди  2 00:00ЕЧЛ. "Боруссия Дортмунд" — "Атлетико Мадрид" (онлайн ҳисоб)  15 00:00ЕЧЛ. "Барселона" — ПСЖ 1:1 (матнли трансляция)  112 23:57Эден Азарнинг укаси 2024 йил бошқа майдонга туша олмайди  0 23:42Россия кубоги. Файзуллаев гол уриб, ЦСКА ғалабасига ҳисса қўшди  3 23:22Абдусамад Дўрмонов: "Футбол ўйнаётган жамоа ҳар доим юқори ўринлар учун ҳаракат қилиши керак"  2 22:42U-23 Осиё кубоги. Жанубий Корея ўйин сўнгида ғалабани илиб кетди, Таиланд эса Ироқни аяб ўтирмади  4 22:25Дмитрий Ким: "Чиғатой"нинг мақсади ёш иқтидорларни катта футболга муносиб тайёрлаш"  0 21:58"Барселона" мухлислари ПСЖ вакиллари яшаётган меҳмонхона яқинида мушакбозлик қилишди  12 21:31Улуғбек Бакаев: "Аввало гуруҳдан чиқиб олайлик"  3 21:06Наврўз Алимов: "Кучли жамоаларга қарши ўйинлар Биринчи лигада ёрдам беради"  2 20:30"Холматовнинг орзуси улкан нур ила қайноқ". Диёр Холматов U-23 Осиё кубоги олдидан ФИФАга интервью берди  18 20:23Ўзбекистон футзал терма жамоасининг асосий дарвозабони Осиё кубогини ўтказиб юборади  8 20:20U-23 Осиё кубоги. Бир киши кам бўлиб қолган Япония Хитойни минимал ҳисобда енгди  0 20:08Тўрт нафар ҳакам дисквалификация қилиниб, жаримага тортилди  10

Шаҳбоз Беғамов мақоласи: Чемпионат нега кутилмаган натижаларга бой кечмоқда? Янгиликлар

Шаҳбоз Беғамов мақоласи: Чемпионат нега кутилмаган натижаларга бой кечмоқда?

"Навбаҳор" бугун Тошкентга учрашув фаворити ва турнир жадвали пешқадамларидан бири сифатида ташриф буюрмоқда.

"Пахтакор" эса қанчалик ғалати эшитилмасин, бу тўқнашувнинг фаворити эмас. Гарчи "шерлар" ўз уйларида ўйнаётган бўлишсада.

Ўтган мавсумда Олий лигада зўрға жон сақлаб қолган "Навбаҳор" айни пайтда пешқадамлар сафида бормоқда. Чемпионлик учун курашиб юрган "Пахтакор" эса турнир жадвалининг хавфли ҳудудидан узоқлашиш билан овора.

Чемпионатимизга охирги йилларда етишмаган мана шу жиҳатлар ниҳоят бизда ҳам пайдо бўлди. Турнир жадвали ағдар-тунтар. Гранд кўринган жамоалар эса ҳозир бошқа томонларда "сайр" қилиш билан овора.


Чемпионатимиз шундай руҳда ўтишини истаган ўзимиз. Бу нарса кучли жамоаларнинг "қулаши" эвазига юзага келгани ҳам ҳозирча муҳим эмас. Муҳими, чемпионатимиз қизиқарли бўлмоқда. Интрига қайтди. Ҳозир турнинг исталган ўйини қизиқ ва ютган жамоа турнир жадвалида юқорилаш имкониятига эга. Авваллари айнан 5-6 турдан кейин кучли "тўртлик" ажралиб чиқар, жадвалда уларнинг мағлубият устунлари "0"ни кўрсатиб турарди. Ҳозир эса чемпионатда мағлубиятга учрамаган ва ғалаба қозона олмаган жамоанинг ўзи йўқ.

Мухлислар истаган ва хоҳлаган сценарий давом этаётгани қувонарли. Ниҳоят олий лига жамоаларимизнинг барчаси, исталган жамоа билан футбол ўйнаса бўлишини ва муҳими, уларни мағлубиятга учрата олишларига ишона бошлашди. Чунки чемпионатимизда чинакамига кучли жамоа йўқ. Таркиб жиҳатдан кучли кўринган жамоаларимизнинг ўйинларидаги нуқсонлар шундоқ кўриниб турибди. Бундан эса олий лигадаги барча жамоалар фойдалана олишлари мумкинлигига бир қанча мисолларни келтирса бўлади.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, "Шўртан" буни исботлаб, қолган жамоаларга тайёр қўлланмани кўрсатди.

Олий лигада айни пайтда хоҳлаган жамоа исталган рақибни енгиши мумкин. Чунки лигамизда айни дақиқаларга келиб кучли мутахассис иш олиб бормаётгани ҳам фикримга мисол бўла олади.

Эътибор беринг, айни пайтда 16 жамоанинг расман бош мураббийи бўлиб турган мутахассисларнинг кўпчилигида Ўзбекистон чемпионлиги йўқ. Андрей Микляевда расман чемпионлик мавжуд, лекин жамоани ким бошқаришини барча яхши билади. Нўъмон Ҳасанов ҳам 2015 йилда расман чемпион бўлган. Аммо Ҳасанов чемпионат тугаши олдидан Бабаяннинг ўрнини эгаллаганди.

Фақатгина Рустам Мирсодиқов ишлаб турган бош мураббийлар ичида Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлган кам сонли мутахассислардан бири бўлиб турибди.
Яъни айтмоқчи бўлганим, ҳозирда ишлаётган мутахасисларнинг кўпчилиги ҳали катта футболда ҳеч нарсага эришмаган. Уларни ичида келажаги порлоқ, ёш мутахассислар борлигига ишонгим келади. Улар учун йўл энди бошланди.



Мана шу жиҳатлар ҳам чемпионатимиз тенг курашлар остида бошланганининг сабабларидан бири бўлса керак. Яъни, ҳозир ҳеч бир мутахассис ўз "юришлари" билан қолганларни чангалда қолдириб кетадиган салоҳиятга эга эмас. Барчада имконият мавжуд. Таркиб жиҳатдан қўрқинчлироқ, кучли кўринган "Локо"да ўйин йўқ. Кучли номлари, маҳоратли ижрочилари йўқ жамоаларнинг эса шаклланиб бораётгани ўйини ва иштиёқ юқори.

Потенциали юқори кўринган баъзи жамоаларнинг мураббийларида ғолиблик руҳи, чемпионликка етаклай оладиган характер мавжуд эмас. Шу боисдан ҳам ҳозирда турнир жадвалида кўплаб ўзгаришлар руй бермоқда.

Тахминлар бўйича, жорий мавсумда "Локомотив" ҳеч қандай рақобатсиз бемалол чемпионлик шоҳсупасига чиқиши керак эди. Ҳозир ҳам уларда нисбатан имкониятлар бошқаларникига қараганда кўпроқ. Аммо чемпионат старти шуни кўрсатдики, "Локомотив" чемпионликни муносиб ҳимоя қилиши учун ҳали кўп тер тўкишга мажбур бўлади. Агар уддалай олса.

"Локо"нинг энг яқин рақобатчилари "Пахтакор" ва "Бунёдкор" учун чемпионат кўнгилдагидек бошланмади. Лекин бу нарса "Локо"га қўл келяпти, деган фикрни илгари суришга шошмаган маъқул. "Темирўлчилар"га айни пайтда рақобат қилаётган "Динамо", "Қўқон-1912", "Навбаҳор" сингари жамоалар "Локо"га енгил тин олгани беришмаяпти.



"Пахтакор"даги ўзгаришлардан кейин иккинчи даврада "пойга"га "шерлар" ҳам қўшилишлари мумкинлигини айтмоқчиман. Чунки айни пайтда барча жамоалар очко йўқотишмоқда ва ўртадаги тафовут у қадар катта эмас.

Агарда давралар оралиғида "шерлар" таркибида ўзгаришлар, кучайиш юз берса, бу чемпионатимизга бўлган қизиқишни янада ошириши шубҳасиз. Бунинг учун дастлабки қадам ташланди.

"Бунёдкор" ҳам ўзгаришлар остонасида тургани ва иккинчи даврада аввалги, эски "қалдирғочлар"ни кўришимиз мумкинлигига шама қилаётгандек. Бу эса "Бунёдкор" мухлисларининг кўнглига таскинлик беради. Демак ҳали "Бунёдкор"ни ҳисобдан чиқармай турган маъқул.

"Насаф"да ҳар йили, ҳар сафар чемпионлик учун имконият бўлган. Бўлиб ҳам энг яхши имконият "аждарлар"жа бўлган паллаларда ҳам "Насаф" ўзининг доимий ўрни, 3-поғонага "ҳиёнат" қилишни истамаган. Шу боисдан гап чемпионлик ҳақида кетаётганда, кўпчилик "Насаф"ни бу рўйхатга киритмасликка ўрганиб қолган. Камида раҳбарият жамоа олдига чемпионлик вазифасини қўйганини эслай олмаймиз. Демак уларни бронза медаллари тўлиқ қаноатлантиради. Бу йилги мавсумда ҳам "Насаф" бронзани қўлга кирита оладими, деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Ҳозирча бир нарса дейиш мушкул.

"Насаф"да ғолиблик руҳи, кучли характер бўлганида, чемпионлик масаласида барча жамоалар "аждарлар" билан ҳисоблашишларига тўғри келарди.

"Динамо"нинг бу каби муваффақиятли стартининг сабаби, Олег Тюлькин айтганидек, жамоадаги юқори иштиёқ ва футболчиларнинг иштаҳаси катталигида. Ҳозирча жамоа айнан шу жиҳатлар бўйича рақибларидан устун келмоқда. Агарда "Динамо" иштиёқ эвазига қўлга киритилаётган очколардан сармаст бўлмай, эйфорияга берилмай турса, ҳали кўпчиликни қийнаб туради. "Динамо" барча учрашувларда иккинчи рақам, яъни ўзини аутсайдер ҳис этиб ўйнаши даркор. Қарши ҳужумдаги "Динамо" кучлироқ. Чунки жамоа ҳали биринчи рақам билан ўйнашга тайёр эмас ва бу "Динамо"ни кучсизлантириш билан бирга зарарсизлантиради ҳам. "Динамо" рақибларига нисбатан қўллаётган ишни ўзига қарши ишлатишларига йўл қўймаслиги керак.



"Қўқон-1912" жамоа кўрсатаётган ўйин ва натижанинг замирида Нўъмон Ҳасановнинг меҳнатлари ётибди. Ушбу мутахассис аввало "Пахтакор"да бош мураббий сифатида қисқа муддат ишлаган бўлсада, ўша давр мобайнида ўзи учун керакли жиҳатлар ва сифатларни тўплай олди. Нўъмон Ҳасанов ўзининг дастлабки мустақил иши якунида барибир чемпионликни нишонлади. Бу эса мураббийнинг ўз олдига қўядиган "планка"сини ошириши шубҳасиз. Нўъмон Ҳасанов ғолиблик руҳи кучли бўлган жамоада тобланди, шу руҳда шаклланди. Мураббий сифатида ҳам ўз ғояларига, энг муҳими, ўз фикрига эга мутахассис. Матбуот анжуманларидаги кўплаб мулоқотлардан кейинги хулосам, Ҳасановдан келажакда яхшигина мураббий чиқишига ишонгандим. Ҳозирча Қўқондаги ишлари ёмон кечмаяпти.
Ҳасанов "Қўқон-1912" жамоаси билан бир бош баланд сакрай олишига ишонса бўлади.

Ҳасанов футболчиларни руҳлантира олади. Яна бир кучли тарафи, футболчиларни танлай олиш қобилияти ҳам мавжуд. Машариповни "Пахтакор"да порлашига сабабчи бўлган мураббий. Андреевни захирага ўтказиб қўйган мураббий бу.

Бу йилги Олий лига сюрпризларга тайёр. Ўша сюрпризлардан бирини "Кўкон-1912" ижросида Нўъмон Ҳасанов тақдим этишга қодир.

"Навбаҳор"нинг ҳозирги иштироки бу Илҳом Мўминжонов ўтган йилги жамоадан кейин бир бош сакрай олганидан далолат.

Ўтган йили "Навбаҳор" бутун мавсум давомида жами олти маротаба ғалаба таъмини татиб кўрганди. Ҳозирги жамоа эса еттинчи турдан кейин тўрт марта ғалаба қозонишга улгурди. Жамоа пешқадамлар орасида бормоқда. Тошкентга, "Пахтакор"га қарши ўйинга учрашув фаворити сифатида ташриф буюраётганининг ўзи ҳам жамоа қандай ўсишга эришганидан далолат беради.

Иштаҳа эса овқат пайтида келади деганларидек, "Навбаҳор" ҳозирча ўзини турнир жадвалининг юқори қисмида анча қулай ҳис этмоқда. Мўминжоновнинг бош мақсади ҳам имкон қадар кучли тўртталикда ушланиб қолиш ва финишни шу ерда тугатиш.

Илҳом Мўминжонов мураббий сифатида ўзининг янги қирраларини "Навбаҳор" орқали кўрсатиш. "Навбаҳор" ҳам Мўминжонов қўл остида ўзининг шонли тарихига қайтиб, қаддини кўтариб олишни мақсад қилмоқда.

"Машъал"да яхши ошпаз бор. Александр Хомяков қўл остидаги бор масаллиқлардан яхши "таом" тайёрлай олади. Агарда "Машъал"нинг аввалги молиявий имкониятлари бўлганида, Хомяков бемалол ҳозир чемпионлик учун курашаётган бўлиши ҳам мумкин эди. Хомяковнинг "Машъали" ҳимоядан ҳам ўйнай олиши, керак пайтда ҳужумкор жамоага айлана олиши билан мақтана олади. "Машъал" Муборакда исталган жамоани мағлубиятга учрата олади. Асосан ўз тарбияланувчиларига ишонадиган жамоа учун турнир жадвалининг ўрта қисмларидан жой олиш яхши натижа. Бу йилги мавсумда Хомяковдан янада кучлироқ "Машъал"ни шакллантиришини кутиб қоламиз.

"Бухоро"ни қабул қилиб олган Улубек Бақоевни мураббий сифатида кузатиш қизиқ бўлади. Ҳозирча жамоа кўрсатаётган натижалари ёмон бўлмаяпти. Чемпионат стартига оз вақт қолганида "Бухоро"га келган Бақоевнинг ишлари чакки эмас. Жамоага бироз барқарорлик етишмаётгани ва ўйини йўлга қўйиб олинмагани табиий ҳолат. Иккинчи даврадан кейин ҳақиқий Улуғбек Бақоевнинг "Бухоро"сини кўрсак ажаб эмас. Лекин айни пайтдаги дебютант мураббийнинг натижаларини ҳам муваффақиятли, десак, муболаға бўлмайди.



Таркиб, номлар бўйича "Қизилқум"да муаммо йўқ. Муаммо шундаки, жамоанинг ўйини ҳали яхши йўлга қўйилмаган. "Қизилқум" кўплаб ўйинларда кутилмаганда очко йўқотди. Агарда ўз уйидаги учрашувларни ўз фойдасига ҳал этганида, ҳозир турнир жадвалининг яна бир янги пешқадамларидан бири ҳақида гаплашаётган бўлардик. Ҳамиджон Актамов ҳозир барча эътиборин жамоанинг ўйинини йўлга кўйишга қаратиши лозим. Жамоада етакчилар бисёр, исталган футболчи бу ишни амалга ошира олади. Эркин Бойдуллаев, Илҳом Юнусов, Артур Геворкян, Жасур Ҳасанов каби футболчиларни исталган жамоа ўз сафида кўришни хоҳлаган бўларди. "Қизилқум"нинг энг кучли нуқтаси ҳам бу ярим ҳимоя. Жамоага янги келиб қўшилган Артур Геворкяннинг фойдасини жамоа мухлислари катта эҳтимол билан иккинчи даврада ҳис этишади. Айни пайтда кўпинча захирада қолиб кетаётган Геворкяннинг рақобатда ютқазаётганлигидан эмас, балки жамоага жуда кеч келиб қўшилганлигидан бўлмоқда. Мавсумга тайёргарлик қисмини ўтказиб юборган футболчи ҳозирда нафақат жисмоний ҳолатини тиклаши учун, балки жамоа ўйинига киришиб кетиши учун ҳам маълум муддат вақт керак бўлади.

Катта эҳтимол билан "Қизилқум"нинг ўйини Геворкян атрофида қурилади. Актамов бежизга футболчини жамоага таклиф этмаган бўлса керак. Демак "Қизилқум" ўз ўйинини топиб олиши учун аввало Геворкяннинг тезроқ формага кириши талаб этилади.

Ғузорнинг "Шўртан" жамоасида яна ўша эски қўшиқ янгради. "Шўртан" доимгидек мураббийларни истеъфога чиқаришин ва бу ишни биринчи бўлиб амалга оширишни яхши кўради. Бу йили ҳам бу иш такрорланди. Истеъфодан кейинги жамоа натижалари ҳам тезда яхшиланди. Ўша Ихтиёр Каримовни постга қайтиши "Шўртан"ни қаддини тутиб олишига кўмаклашди. Бу сценарий ўтган йили ҳам бўлганди. Муҳими, бу ўзгаришлар жамоа фойдасига ишлади. Фақат бир нарса тушунарсиз, нега клуб мавсум аввалида Ихтиёр Каримовни ўрнига бошқа мураббий жалб қилганди?

Ҳозирги Олий лигамизда жуда кучли мутахассис бўлиш шарт эмас, чунки рақобатчилар ичида ҳам кучлилари йўқ. Энг зўрлари танаффусга чиққан пайтда барчада ўзини кўрсатиш имконияти тенглашган. Ихтиёр Каримов яхши стратег, зўр тактик мураббий бўлмаслиги мумкин. Лекин шуни қайл этиб ўтиш лозим, Ихтиёр Каримов зўр мотиватор экан. Жамоага қайтиши билан натижалар ўзгарди. Яна кимсан "Локомотив" ва "Пахтакор" тор-мор келтирилди. Жамоани руҳлантира олиш ҳам барчани қўлидан келмайди. Ҳозирги ўзбек футболида эса "хом-тактик", қўрқоқча футбол ўйнашни хуш кўрадиган мураббийлардан кўра, ўша руҳлантира оладиган футбол кишиларини иши яхши бўлиб қолди.

"Олмалиқ"қа келган Кумиковнинг ишлари аъло даражада бошланмаган бўлсада, жамоа керак пайтда ўзини тутиб олди. Кумиковнинг жамоалари жисмоний кучга асосланган футбол ўйнайди. Яъни, жамоа асосан узун паслар орқали ҳужумга ўтишга, стандарт вазиятлари, рақибни ўйинини "бузиб" қўйиш Кумиковнинг энг кучли тарафи. "Олмалиқ" ушбу мавсумда қисқа паслар орқали ўйинни қурмайди, Кумиков техник футболни унча хушламайди. Унга жисмоний кураш кўпроқ ёқади. Жамоа эса шунга аста-секин мослашиб бормоқда. "Олмалиқ" ушбу услубга қанчалик тез мослашса, бу рақиблари учун шунчалик қийинчилик тақдим этади.



Бу йилги мавсумда Олий лигада жон сақлаб қолиш учун "Сўғдиёна", "Обод", "Нефтчи" ва "Металлург" жамоалари кураш олиб боришади шекилли.

Мавсумни барчадан кўра ёмонроқ бошлаган ушбу тўрттала жамоанинг ишлари кўнгилдагидек кечмаяпти.

Даврон Файзиев жамоаси буткул янгиланди ва мураббий қўл остидаги футболчилар билан "Сўғдиёна"ни ўйинини йўлга қўйиб олгунича ҳам анча вақт кетади.
Рауф Инилеев "Обод"га янги футбол тадбиқ этмоқда. "Обод" тезкор, ҳужумкор ва юқори прессингга асосланган футбол ўйнамоқда. Бу эса уларнинг рақибларини жуда қийнаб қўймоқда. Гарчи жамоа пастки ўринларда бораётган бўлсада, ўйин жиҳатидан ҳеч бир рақибига ютқазмаяпти. Фақатгина "Олмалиқ" ўзининг жисмоний қўпол ўйини орқали "Обод"га ўйнагани бермади. Қолган баҳсларда Инилеевнинг жамоаси жуда яхши кўринди. Жамоага ҳақиқий етакчи ва тажрибали футболчи етишмаётгани ҳам пан бермоқда. "Обод"га майдон марказини назорат қила оладиган ярим ҳимоячи бўлганида, ҳозирда жамоанинг натижалари ҳам бирмунча яхшироқ бўларди.

"Нефтчи" энг кўп танқидларга муносиб жамоа. Андрей Фёдоров жамоани янги мавсумга қай тарзда тайёрлаган билмадимку, лекин "Нефтчи"дан бу қадар суст иштирокни ҳеч ким кутмаганди. Ушбу мавсумда энг охирги бўлиб ғалаба нашидасини сурган жамоа ҳам "Нефтчи" бўлди. Агарда жамоада Фёдоров қоладиган бўлса, унда фарғоналиклар олий лигада жон сақлаб қолиш учун курашишлари аниқроқ.

Бекободнинг "Металлург" жамоаси ҳам кутилмаганда жорий мавсумни жуда ёмон бошлади. Ўз уйида унча-мунча жамоага хаттоки бир очкони ҳам бермайдиган "Металлург", ушбу мавсумда кўплаб очколарни рақибларига бой бермоқда ва ҳозирда турнир жадвалининг энг охирги поғонасида бормоқда. "Металлург"нинг бир одати бор, улар мавсумни зўр бошлашса, иккинчи қисмини суст ўтказишади. Агарда аксинча бўлса, унда иккинчи даврада жамоа "уйғонади". Кўрамиз, бу сафар "Металлург" "уйғона" оладими?

Шаҳбоз Беғамов

Рейтинг: -25   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика