Серхио Рамос Испания терма жамоасидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Афсонавий ҳимоячи унга қилинган муносабатдан норози
23 фев 2023 22:47
Янгиликлар
Серхио Рамос Испания терма жамоасидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Афсонавий ҳимоячи унга қилинган муносабатдан норози
ПСЖ клуби ҳимоячиси Серхио Рамос Испания терма жамоасидаги фаолиятини тугатганини расман маълум қилди. Рамос бу қарорга терма жамоанинг янги мураббийи Луис де ла Фуэнте билан суҳбатдан сўнг келган.
Қуйида Испания терма жамоаси афсонаси Серхио Рамоснинг хайрлашув сўзларини эътиборингизга тақдим этамиз. Ушбу хайрлашув хатида Серхио Рамос ўзига нисбатан адолатсизлик қилингани ҳақида ёзган.
"Вақти келди. Испания терма жамоасига хайр дейиш фурсати етди. Қизил фурияга. Бугун тонгда Испания терма жамоаси бош мураббийи билан қўнғироқлашдим. Мураббий мен клубда қандай ўйин кўрсатишимдан қатъий назар унинг режаларига кирмаслигимни билдирди.
Қанчалик оғир бўлмасин, бу мен узоқроқ давом этишини истаган ва чиройлироқ якунланиши керак деб билган йўлнинг охири. Мен чин дилдан терма жамоадаги фаолиятим айнан ўз хоҳишим билан ёки даражам терма жамоага тортмай қолгандагина якунланиши керак эди деб ҳисоблайман. Бу нарса менга тўғридан-тўғри айтилмаган бўлса ҳам, сезганимдек, менинг ёшим ёки бошқа сабаб билан бўлмаслиги керак эди. Сабаби ёш бу камчилик ҳисобланмайди. Ёш бу шунчаки рақам ва у натижаларга ёки қандай ўйин кўрсатишга доим ҳам таъсир қилмайди. Мен Модрич, Месси ва Пепе каби ўйинчиларга ҳавас қиламан. Улар футболдаги адолат, анъаналар ва қадр-қиммат тушунчаларига ёрқин мисоллар. Афсуски, менда бундай бўлмади. Сабаби, футбол доим ҳам адолатли эмас ва футбол ҳеч қачон шунчки ўйин бўлиб қолмайди.
Нима бўлса ҳам, бу нарсани қабул қилишим ва сизлар билан бўлишишим лозим. Мухлисларнинг шунча йил давомида мени қўллаганликлари учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, бошимни тик тутиб бу нарсани қабул қиламан. Менда унутилмас хотиралар қолди. Барча совринларни қўлга киритдим. Бу совринларни биргаликда нишонладик. Мен энг кўп совринларга эга испаниялик сифатида ғурур ҳисини туймоқдаман. Бу белги, либос ва сиз мухлислар мени бахтли қилдингиз. Мен ўз терма жамоамни шу жамоа шарафини 180 марта ҳимоя қилган омадли инсон сифатида қўллаб-қувватлашда давом этаман. Менга ишонган барчага юрагимнинг тубидан раҳмат деб қоламан!", -деб ёзади Серхио Рамос.
Фикрлар