Рўзиқул Бердиев: "Насаф" ҳозир "Пахтакор" даражасига чиқиб бўлди. Пойтахт клуби айрим футболчиларимизга "совчи" бўлиб келмоқда"
30 окт 2022 22:05
Янгиликлар
Рўзиқул Бердиев: "Насаф" ҳозир "Пахтакор" даражасига чиқиб бўлди. Пойтахт клуби айрим футболчиларимизга "совчи" бўлиб келмоқда"
Ўйин ҳақида
- Рухсат берсангизлар, бугунги финал учрашувини ажойиб тарзда ташкил этиб берган барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Шунингдек, барча шароитларни яратиб берган "Бухоро" футбол клуби мутассаддиларига ҳам алоҳида раҳмат айтаман. Бугунги қўлга киритилган ғалаба ва Ўзбекистон кубоги билан клубимиз вакиллари ва жамоамиз мухлисларини табриклайман.
Ўйинга келадиган бўлсак, биз биринчи бўлимда яхши ва сифатли футбол намойиш этдик. Иккинчи бўлим ўрталарига қадар ҳам шу даражани ушлаб тура олдик. Аммо, ўша голли вазиятдан сўнг ўйинимизда пасайиш кўзга ташланди. Қўшимча бўлимларда йигитлар ўзларида куч топа олишди. Ғалабада ҳар бир футболчимизнинг ўрни муҳим бўлди. Таъкидлаш жоиз, бугун ишониб майдонга туширган ёш футболчимиз ҳам ажойиб тарзда ҳаракат қилди.
- Рўзиқул ака, аввало ғалаба билан табриклаймиз. Бугун "Насаф" биринчи бўлимда яхшироқ ўйнади. Иккинчи бўлимдаги устунлик кўпроқ "Навбаҳор" томонида бўлгандек кўринди. Наманганликлар гол уришди ва қўшимча бўлимларга руҳий устунлик билан чиқиб кетишганди. Аммо, қўшимча бўлимлардаги устунлик яна "Насаф" томонига ўтди. Бу ғалабанинг асосий омили бўлди деб ҳисоблайсизми?
- Табрик учун раҳмат. Албатта, тўғри таъкидладингиз, биз биринчи бўлимда сифатли футбол намойиш этдик. Иккинчи бўлимда устунлик рақиб томонига ўтгандек бўлди. Биз яна шу жараёнга дуч келдик, гол урсак, ҳисобни сақлаб қолишга ўйнаяпмиз. Бу борада йигитларга кўрсатма бергандик. Аммо, яна шундай ўйнадик ва гол ўтказдик. Қўшимча бўлимларда жисмоний имконият жуда муҳим аҳамият касб этади. Ўзингиз ҳам айтганингиздек, биз қўшимча бўлимларда яна устунликка эга бўлдик. Захирадан 2 нафар футболчини майдонга ташлаганимиз ўйинимизга тезлик қўшди.
- Кубок финалларида оқ рангли бош кийим (кепка)да бўласиз. Бу қандайдир омад келтирувчи ирим билан боғлиқми?
- Биринчи кубокни қўлга киритганимизда ҳам оқ рангли бош кийимда эдим. Бунда ўзимни қулай ҳис қиламан. Кўплар буни омад келтирувчи деб ҳам айтади. Аммо, бугунги ғалабага бош кийимнинг алоқаси бор деб ўйламайман.
- Рўзиқул ака, Суперлига доирасидаги матбуот анжуманларида Лима Круз трансфери ўзини оқламаётгани ҳақида айтиб ўтгандингиз. Бугунги ғалабадан сўнг ушбу трансфер "Насаф" учун муваффақиятли чиқди деб ҳисобласа бўладими?
- Албатта, бугунги ғалабада асосий ишни шу Лима Круз бажарди. У жамоамизга дастлаб келганида жисмоний имконияти яхши эмасди. Буни ўзи ҳам айтиб ўтган. Аста-секинлик билан биз уни жамоага мослаштириб бораяпмиз, бугун у ҳал қилувчи паллада гол уриб жамоамизга ғалаба келтирди.
Ўтган мавсумда Каледурович трансфери ҳам шу каби саволларни туғдирганди. Мен ўшанда ундан 20 та гол кутмаётганимни, ҳал қилувчи паллаларда жамоамизга фойдаси тегиши зарурлигини айтгандим. Кўрган бўлсангиз, ўшанда у ярим финалда гол уриб жамоамизни финалга чиқишига ҳисса қўшганди.
- "Насаф"ни қайсидир маънода худди "Ливерпул"га қиёслаш мумкин. Жамоа атрофдаги совринларни ютади, аммо чемпионлик йўлида нимадир юз бериб қоқилади. Ҳозир "Насаф"да Суперлига чемпионлиги учун энг яхши имконият бор деб ҳисобласак бўладими?
- Биз ҳозир барчамиз шуни кутаяпмиз. Олий мақсадимиз Суперлига ғолиблигига қаратилган. Йигитлар билан гаплашиб олдик, биз ҳозирданоқ "Динамо" билан ўйинга тайёргарликни бошлашимиз зарур.
- Рўзиқул ака, "Насаф" таркибида майдонга чиққан ҳар қандай футболчи жуда яхши ҳаракат қилади. Ёшми, ёши бир оз каттароқми, жамоа сафида биринчи бор майдонга тушса ҳам худди 10 йилдан бери "Насаф"да ўйнаётгандек таасурот уйғотади. Бунинг сири нимада?
- Футболчилар билан машғулотларда ишлаймиз, алоҳида суҳбатлашамиз. Руҳан тайёр бўлса, майдонга туширамиз. Жамоамизга келган ҳар бир футболчи "Насаф"даги талабни билади.
- "Насаф"ни ҳар йили етакчи футболчилар тарк этишини биламиз. Бу йилги таркибнинг ўзаги сақлаб қолинадими?
- Мендаги асосий бошоғриқ муаммолардан бири ҳам шу аслида. Эшитишимизга қараганда "Пахтакор" айрим футболчиларимизга "совчи қўяётган" экан. Биз ҳозир "Пахтакор" даражасига чиқиб бўлдик. Шу сабабдан ҳам "Насаф"ни "Пахтакор"га алмаштириш тўғри бўлади деб ўйламайман.
Фикрлар